1 Довуд саноси. Эгамизнинг уйи бағишланган пайтда айтилган қўшиқ.
2 Эй Эгам, Сени улуғлайман! Қабр оғзидан мени қутқардинг, Душманларим менинг устимдан кулишига йўл қўймадинг.
3 Сендан мадад сўраб ёлвордим, эй Эгам Худо, Менга Сен бердинг шифо
4 Эй Эгам, ўликлар диёридан жонимни олиб чиқдинг, Қабрдан мени қутқариб қолдинг.
5 Эй Эгамизнинг тақводорлари! Эгамизга ҳамду сано куйланглар, Унинг муқаддас номини олқишланг.
6 Эгамизнинг ғазаби бир лаҳза давом этади, Лутфу карами бир умр тугамасдир. Шу боис қайғу–алам тун бўйи давом этса ҳам, Тонг билан бирга шодлик ҳам кириб келади.
7 Ишларим юришганда, “Асло қоқилмасман!” дер эдим.
8 Эй Эгам, лутфу караминг билан Мени тоғдай мустаҳкам қилгандинг. Аммо юзингни ўгирганингда, Мен даҳшатга тушдим.
9 Эй Эгам, мен Сенга илтижо қилдим, Шафқат сўраб, эй Раббий, Сенга ёлвордим:
10 Агар мен кириб кетсам қабрга, Менинг ўлимимдан не фойда Сенга?! Тупроқ Сенга ҳамду сано айтарми?! Сенинг содиқлигингни у сўйларми?!
11 Эшит, эй Эгам, менга раҳм қилгин, Эй Эгам, менга мададкор бўлгин!
12 Азамни Сен тўйга айлантирдинг, Аза либосини эгнимдан олиб ташладинг, Шодликни менга кийгиздинг.
13 Қалбим сукут сақламай, Сени куйлаб сано ўқисин, Эй Эгам Худо, Сенга то абад шукур айтаман.