Забур 24 bob
1 Юрагимни очаман Сенга, эй Эгам!
2 Сенга умид боғлайман, эй Худойим! Шарманда бўлишимга йўл қўймагин, Душманларим мендан устун келмасин.
3 Сенга ишонганлар асло бўлмасин шарманда. Шармандалик келсин Сенга асоссиз хиёнат қилганларнинг бошига.
4 Эй Эгам, йўлларингни менга кўрсат, Сўқмоқларингни менга ўргат.
5 Ўзинг мени бошлаб боргин, Ҳақиқатингни менга ўргатгин, Нажоткорим Худо Ўзингсан, Кун бўйи Сендан умид қиламан.
6 Ёдингда тут, эй Эгам, буюк шафқатингни Ҳамда севгида содиқлигингни. Ахир, азалдан Сен шундай қилгансан.
7 Ёшликда қилган гуноҳларимни эсга олмагин, Итоатсизликларим учун мени жазоламагин. Содиқ севгинг ҳақи ёдга ол мени, Ахир, Сен яхшисан, эй Эгам!
8 Эгамиз яхши, адолатлидир! У гуноҳкорларга йўл–йўриқ кўрсатади.
9 У камтарни тўғриликка бошлайди, Камтарин инсонни Ўз йўлига ўргатади.
10 Эгамиз қилган ҳар иши орқали Унинг аҳдига риоя қилганларга Севгисию садоқатини кўрсатади.
11 Менинг айбларим кўп. Эй Эгам, Ўз номинг ҳақи Айбларимни кечиргин.
12 Агарда инсон Эгамиздан қўрқса, Эгамиз унга тўғри йўл танлашни ўргатади.
13 Ўша инсон умрини фаровонликда ўтказади, Унинг насли юртни мулк қилиб олади.
14 Эгамиз Ундан қўрқадиганларга Ўз ниятларини ишониб билдиради, Ўз аҳдини уларга маълум қилади.
15 Нигоҳим доимо Эгам томондадир, У оёқларимни тузоқдан халос қилади.
16 Эй Эгам, ҳолимга боқ, меҳрибонлик қил. Мен ёлғизман, тушкунликка тушганман.
17 Юракдаги ғамларим ортиб бормоқда, Шу кулфатдан мени қутқаргин.
18 Кулфату ғамларимни кўриб, Барча гуноҳларимдан ўтгин.
19 Қара, душманларим нақадар кўп, Мендан қаттиқ нафрат қиларлар.
20 Ҳаётимни асра, қутқаргин мени, Шармандали аҳволга солмагин мени, Зотан, Сенда паноҳ топаман мен.
21 Ҳаққонийлик, тўғрилик сақласин мени, Зотан, Сендан умид қиламан мен.
22 Эй Худо, қутқаргин Исроилни Жамики кулфатларидан!