1 Ижрочилар раҳбарига. Довуд саноси.
2 Эй Эгам! Сенинг қудратинг туфайли шоҳ қувонади, Сен берган зафарлардан у нақадар лаззатланар!
3 Кўнглидаги истакларини рўёбга чиқардинг, Унинг тилакларини рад қилмадинг.
4 Улуғ баракани унга ато қилдинг, Унинг бошига соф олтин тож кийгиздинг.
5 Сендан умр сўраганда, умр бердинг, Узоқ ҳамда боқий умр бахш этдинг.
6 Шоҳнинг шуҳрати Сен берган зафарлар туфайли улуғдир, Унга дабдаба, улуғворлик ато қилган Сенсан.
7 Сен то абад унга барака берасан, Унга жуда яқин бўлиб, Уни шодликка тўлдирасан.
8 Эгамизга шоҳимиз умид боғлайди, Худойи Таолонинг содиқ севгиси туфайли У ҳеч қачон қоқилмайди.
9 Эй шоҳимиз, қўлинг барча душманларингни мағлуб қилади, Ҳа, ўнг қўлинг сендан нафратланганларни мағлуб қилади.
10 Сен зоҳир бўлганинг замон Қизиган тандирдай уларни ёндирасан. Эгамиз Ўз ғазаби билан уларни ютиб юборади, Аланга уларни ёндириб ташлайди.
11 Эй шоҳимиз, уларнинг наслини Ер юзидан қириб ташлайсан, Зурриётини инсоният орасидан йўқотасан.
12 Душманларинг сенга қарши ёмонликни режа қилсалар, Улар сенга қарши фитна қўзғасалар, Ҳеч нарсага эриша олмайдилар.
13 Камонингдан уларга ўқлар отасан, Ортига қочишга мажбур қиласан.
14 Ўз қудратинг туфайли юксалавер, эй Эгам, Қудратингни куйлаб, ҳамду сано айтамиз.