Забур 16 bob
1 Эй Эгам, ҳақли даъвоимни эшит, Фарёдимга эътибор бер. Ҳийласиз оғзимдан чиққан Ибодатимга қулоқ тут.
2 Бегуноҳлигимни кўрсатгин Сен, Адолатни кўрсин кўзларинг.
3 Ҳатто юрагимни тафтиш қилиб, Тунда мени синаб кўрсанг, Агар мени имтиҳон қилсанг, Ёмон ниятни менда топа олмасдинг. Оғзим гуноҳ қилмас, қарорим шудир.
4 Инсонлар қилмишини мен қилмадим, Сенинг амрингга мен итоат этдим, Зўравоннинг йўлларидан ўзимни сақладим.
5 Қадамларим сўқмоқларингда собит бўлди, Оёқларим ҳеч қачон тойиб кетмади.
6 Сенга илтижо қиламан, эй Худо, Биламан, Сен менга жавоб берасан. Менга қулоқ тутиб, сўзларимни эшитгин.
7 Содиқлигингни зоҳир эт ажойиб ишлар ила. Рақиблардан қочиб Сенга борганларга Ўнг қўлинг билан нажот бергувчи Сенсан.
8 Мени кўзларинг қорачиғидай асрагин, Мени қанотларинг соясида яширгин,
9 Мени талайдиган фосиқлардан асрагин, Атрофимда шай турган ашаддий ёвларимдан яширгин.
10 Уларнинг юрагида шафқатга жой йўқ, Оғизлари билан киборларча гапиради.
11 Улар мени таъқиб қилиб, ўраб олганлар, Ерга урмоқ учун менга кўзларини тикади.
12 Душманларим мени ғажимоқчи бўлган шерга ўхшайди, Пана жойда писиб ётган йиртқич шерга ўхшайди.
13 Кел, эй Эгам! Уларга қарши юз бур, Тиз чўктиргин уларни! Қиличинг ила фосиқлардан қутқаргин мени!
14 Эй Эгам! Қудратинг ила Мени бундай инсонлардан қутқаргин, Уларнинг насибаси фақатгина бу дунёдадир. Тайёрлаб қўйган аччиқ кўргиликларинг билан Уларни тўйдиргин, Ҳатто болаларига ҳам етсин, Набиралари ҳам тотиб кўрсин.
15 Солиҳ бўлганим учун мен Сени кўргайман, Уйғониб, жамолингни кўрганимдан рози бўлгайман.