1 Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! Эгамни мадҳ қил, эй жоним!
2 Тирик эканман, Эгамга ҳамду сано айтаман, Умрим борича Худойимга ҳамду сано куйлайман.
3 Умид боғламанг шаҳзодаларга, Нажот беролмайдиган инсон зотига.
4 Улар жон бергач, тупроққа қайтар, Ўша ондаёқ уларнинг режаси йўққа чиқар.
5 Ёқубнинг Худосини мададкорим, деб айтганлар бахтлидир, Ўзларининг Эгаси Худодан умид қилганлар бахтлидир.
6 Ҳа, Ёқубнинг Худоси Осмонни, ерни ҳамда денгизни яратган. Денгизу ундаги ҳамма жонзотни У яратган, У то абад содиқ бўлиб қолади,
7 Мазлумларга адолат қилади, Очларга У нон беради. Асирларни озод қилувчи Эгамиздир.
8 Эгамиз кўрнинг кўзларини очади, Икки букилганларнинг қаддини ростлайди, Эгамиз солиҳларни севади.
9 Эгамиз мусофирларни асрайди, Етим ва беваларни қўллайди, Фосиқнинг йўлларига халақит беради.
10 Эгамиз то абад ҳукмдордир, Эй Қуддус, сенинг Худойинг насллар оша ҳукмдордир! Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!