Забур 143 bob
1 Эгамга, суянган қоямга олқишлар бўлсин, У қўлларимни урушга, бармоқларимни жангга ўргатган.
2 Эгам доим менга содиқдир, У менинг қалъам, қўрғоним, халоскоримдир. Ҳа, Эгам менинг қалқоним, Унда мен паноҳ топаман, Халқларни У менга бўйсундиради.
3 Эй Эгам, инсон зоти кимдирки, унга эътибор берсанг?! Бандалар кимдирки, улар ҳақда ўйласанг?!
4 Инсон умри оғиздан чиққан нафасга ўхшар, Одамзоднинг ҳаёти ўткинчи сояга ўхшар.
5 Эй Эгам, кўкларни ёриб, пастга тушгин, Тоғларга теккин, улардан тутун чиқсин.
6 Чақмоқ чақтир, ёвларни тирқиратгин, Ўқларингни от, уларни саросимага солгин.
7 Юқоридан узат қўлингни, мени қутқаргин, Азим сувлардан мени чиқариб олгин, Бегоналар қўлидан мени қутқаргин.
8 Уларнинг сўзлари беҳуда, Қўлини кўтариб, улар ёлғон қасам ичади.
9 Эй Худо, Сенга янги қўшиқ куйлайман, Ўн торли арфа чалиб Сени тараннум этаман.
10 Шоҳларга Сен зафар ато этасан, Қулинг Довудни шафқатсиз қиличдан қутқарасан.
11 Келгиндиларнинг қўлидан Мени халос қил, қутқаргин. Уларнинг сўзлари беҳуда, Қўлини кўтариб, улар ёлғон қасам ичади.
12 Ўғилларимиз ёшлигида яхши ўсган кўчатга ўхшасин, Қизларимиз саройнинг ўймакор устунларига ўхшасин.
13 Омборларимиз ноз–неъматларга тўлиб–тошсин, Қўйларимиз минглаб, ўн минглаб яйловларда кўпайсин.
14 Ҳўкизимиз оғир юкларни тортсин, Деворларимиз дарз кетмасин, Одамларимиз сургун бўлмасин, Кўчаларимизда оҳ–воҳ, ғаму кулфат бўлмасин.
15 Нақадар бахтлидир бундай инсонлар! Бахтлидир Худони Эгамиз деб билган халқ!