1 Ижрочилар раҳбарига. Довуд саноси.
2 Ёмонлардан мени қутқар, эй Эгам, Зўравонлардан ҳимоя қил мени.
3 Улар юракларида қабиҳликни қасд қилади, Доимо уруш–жанжалларни қўзғайди.
4 Улар тилларини илондай ўткир қилади, Тилларидан илон заҳри томади.
5 Эй Эгам, мени қабиҳларнинг қўлидан қутқар, Йиқитмоқчи бўлган зўравонлардан мени ҳимоя қил.
6 Такаббурлар мен учун тузоқ қўйганлар, Улар тўрларининг ипларини ёйганлар, Йўлим бўйлаб менга қопқон қўйганлар.
7 Эй Эгам, Сенга айтаман: “Сен Менинг Худойимсан.” Қулоқ сол, эй Эгам, Сенга илтижо қиламан.
8 Эй Эгам Раббий, қудратли нажоткорим! Жанг кунида бошимни омон сақладинг.
9 Эй Эгам, фосиқнинг истагини бажо қилмагин, Уларнинг қабиҳ режаларига омад бермагин, Улар мағрурланиб кетмасин.
10 Атрофимни ўраб олганларнинг таҳдидлари, Ўзларининг бошига келсин.
11 Ёнаётган кўмир чўғи ўзларига ёғилсин, Улар оловга, ифлос чуқурларга улоқтирилсин–у, Асло қайтиб чиқмасин.
12 Туҳматчиларга юртда асло жой бўлмасин, кўкармасин, Фалокат золимнинг изидан тушиб, уни йўқ қилсин.
13 Биламан, эй Эгам, мазлумни ҳимоя қиласан, Бечораҳолни адолат ила қўллаб–қувватлайсан.
14 Солиҳлар албатта Сенга шукрона айтади, Тўғри инсонлар ҳузурингда истиқомат қилади.