1 Бобилдаги дарёлар бўйида ўтирардик, Йиғлаб, у ерларда Қуддусни эслардик.
2 Лираларимизни ўша ердаги толларга Осиб қўйгандик.
3 Бизни у ерда асирга олганлар: “Қўшиқ айтиб беринглар”, дердилар, Бизга зулм қилганлар кўнгилларини чоғ қилгани: “Бизга Қуддус қўшиқларидан куйланглар”, дердилар.
4 Қандай қилиб бегона юртда Биз Эгамизга қўшиқ куйлай олардик?!
5 Эй Қуддус, агар сени унутсам, Ўнг қўлим қуриб қолсин.
6 Агар мен сени эсламасам, Қуддусни энг катта шодлигим деб билмасам, Тилим танглайимга ёпишиб қолсин.
7 Эй Эгам, Қуддус қулаган кунда Эдомликлар нима қилганини ёдда тутгин. Ахир, улар: “Қулатинг, йиқитинг уни! Пойдеворигача қулатиб ташланг!” деб бақирган.
8 Эй Бобил шаҳри! Қирғинга маҳкум бўлгансан. Бизга не қилган бўлсанг, ўшани Бошингга соладиганлар бахтлидир.
9 Сенинг гўдакларингни ушлаб, қояга уриб, Тилка–пора қиладиганлар бахтлидир.