1 Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! Эгамизнинг номига мадҳиялар бўлсин! Ҳамду сано айтинг, эй Эгамизнинг қуллари,
2 Эй Эгамизнинг уйида хизмат қиладиганлар, Эй Эгамиз уйининг ҳовлисида хизмат қиладиганлар!
3 Эгамизга ҳамду санолар бўлсин, У яхшидир! Тараннум этинг Уни, бу* ёқимлидир.
4 Эгамиз Ўзи учун Ёқуб наслини танлади. Ҳа, Ўзимнинг хазинам деб, Исроил халқини танлади.
5 Ҳа, биламан, Эгамиз улуғдир, Раббимиз барча худолардан юксакдир.
6 Осмонда ҳам, заминда ҳам, Денгизларда, жамики тубсиз сувларда Эгамиз истаганини қилади.
7 У ернинг тўрт томонидан булутларни олиб келади, Ёмғир билан бирга чақмоқ юборади, Омборларидан шамол олиб келади.
8 Эгамиз Мисрнинг тўнғичларини, Инсон ҳамда ҳайвонларнинг биринчи туғилганларини нобуд қилди.
9 Фиръавн ва унинг ҳамма аъёнларига қарши Мисрнинг орасига Эгамиз аломату мўъжизаларни юборди.
10 У кўп эллар, халқларни қирган, Қудратли шоҳларни бўғизлаган.
11 Амор халқининг шоҳи Сихўнни, Башан шоҳи Ўгни Ҳамда Канъоннинг барча шоҳларини қирган.
12 Уларнинг ерини Исроил халқига мулк қилиб берди.
13 Эгамизнинг номи то абад давом этар, Эгамизнинг шуҳрати насллар оша давом этар.
14 Эгамиз Ўз халқига адолат қилади, Ўз қулларига раҳм–шафқат қилади.
15 Халқларнинг худолари эса кумуш, олтиндан, Инсон қўлларининг маҳсулидир.
16 Бутларнинг оғизлари бор, сўзлай олмаслар, Кўзлари бор, кўра олмаслар.
17 Қулоқлари бор уларнинг, эшита олмас, Улар асло нафас ололмас.
18 Бутларни барпо қилганлар, бутларга ишонганлар Худди уларга ўхшаган бўлиб қолар.
19 Эй Исроил халқи, олқишлар айтинг Эгамизга! Эй Ҳорун хонадони, мадҳиялар айтинг Эгамизга!
20 Эй Леви хонадони, олқишлар айтинг Эгамизга! Эй Эгамиздан қўрққанлар, мадҳиялар айтинг Унга!
21 Қуддусда истиқомат қиладиган Эгамизга Сионда олқишлар айтинг! Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!