Забур 131 bob
1 Эй Эгам, эслагин Довудни, У тортган барча азоб–уқубатларни!
2 Эй Эгам, у Сенга қасам ичганди. Эй Ёқубнинг қудратли Худоси, У Сенга ваъда берганди:
3 “Мен асло уйимга кирмайман, Ёки ўрнимга ётмайман.
4 Кўзларимга уйқу бермайман, Қовоқларим юмилишига йўл қўймайман.
5 Эгамиз учун бир жой топмагунимча, Ёқубнинг қудратли Худоси учун Бир маскан бўлмагунча асло дам олмайман.”
6 Аҳд сандиғи Эфратда, деб эшитгандик, Биз уни Йўр далаларида топиб олдик.
7 “Эгамизнинг масканига борайлик, Унинг пойига сажда қилайлик”, дедик.
8 Қани, кел, эй Эгам, оромгоҳингга Қудратинг рамзи бўлган Сандиқ билан бирга.
9 Руҳонийларинг солиҳликни кийсинлар, Тақводорларинг шодликдан куйласинлар!
10 Ўз қулинг Довуднинг ҳақи–ҳурмати, Танлаган шоҳингни рад қилмагин.
11 Эй Эгам, Сен Довудга онт ичган эдинг, Сен шу онтингдан асло қайтмай дейсан: “Ўзингдан бино бўлган ўғилларингдан Бирини сенинг тахтингга ўтқазаман.
12 Агар ўғилларинг Менинг аҳдимга риоя қилса, Уларга ўргатган амрларимга итоат этса, Уларнинг ўғиллари ҳам Шоҳ бўлиб, то абад сенинг тахтингда ўтиради.”
13 Эй Эгам, Сен Қуддусни танлагансан, У ерни Ўзингга маскан қилишни истагансан.
14 Сен шундай дединг: “Мен то абад яшайдиган жой шу жойдир, Бу ерда истиқомат қилишни истаганман.
15 Унинг озуқаларига мўл қилиб барака бераман, У ердаги фақирларни тўйдираман.
16 Руҳонийларни нажотга буркайман, Тақводорлари шодликдан куйлайдилар!
17 Довуднинг наслини бу ерда кўкартираман, Ўзим танлаган шоҳнинг чироғини ўчирмайман.
18 Унинг ғанимларини шармандаликка ўрайман, Шоҳнинг бошидаги тожи эса порлаб тураверади.”