1 Эгамизга шукрона айтинг, У яхшидир, Унинг содиқ севгиси абадийдир.
2 Исроил халқи шундай десин: “Унинг содиқ севгиси абадийдир.”
3 Ҳорун авлоди шундай айтсин: “Унинг содиқ севгиси абадийдир.”
4 Эгамиздан қўрққанлар шундай айтсин: “Унинг содиқ севгиси абадийдир.”
5 Кулфатда қолганимда Эгамга илтижо қилдим, Жавоб бериб, У мени озод қилди.
6 Эгам мен билан бирга, шу боис қўрқмайман. Инсонлар менга нима қила олади?!
7 Эгам мен билан бирга, У менга мадад беради, Кўзларим душманларим мағлубиятини кўради.
8 Инсондан умид қилгандан кўра, Эгамиздан паноҳ излаш яхшидир.
9 Шаҳзодалардан умид қилгандан кўра, Эгамиздан паноҳ излаш яхшидир.
10 Душман халқлар ўраб олган атрофимни, Эгамнинг қудрати билан уларни улоқтирдим.
11 Ҳар тарафдан ўраб, менга ҳужум қилганди, Эгамнинг қудрати билан уларни улоқтирдим.
12 Атрофимни арилардай ўраб олдилар, Тикан алангасидай лов этдилар–да, ўчдилар, Эгамнинг қудрати билан уларни улоқтирдим.
13 Мени қаттиқ туртганларида, йиқилаёздим, Эгам менга мадад берди.
14 Эгам менинг куч–қудратимдир, У менинг қутқарувчимдир.
15 Солиҳларнинг чодирларида Шодлик, зафар қўшиқлари жаранглайди: “Эгамизнинг ўнг қўли мағлуб қилади.
16 Эгамизнинг ўнг қўли баланд кўтарилади, Ҳа, Эгамизнинг ўнг қўли мағлуб қилади.”
17 Мен ўлмайман. Ҳа, мен яшайман, Эгамнинг ишларини нақл қиламан.
18 Эгам мени қаттиқ жазолади, Лекин ўлишимга йўл қўймади.
19 Адолат дарвозаларини менга очинглар, Токи мен дарвозадан кириб, Эгамга шукроналар айтайин.
20 Бу Эгамизнинг дарвозасидир, Солиҳлар шу дарвозадан кирсин.
21 Эй Эгам, ибодатимга жавоб берганинг учун, Менинг нажоткорим бўлганинг учун Сенга шукрона айтаман.
22 Бинокорлар рад этган тош Бинонинг тамал тоши бўлди.
23 Бу Эгамизнинг қилган ишидир, Кўз олдимиздаги ажойиботдир.
24 Эгамиз яратган кундир бу, Бу кунда шод бўлиб, севинайлик.
25 Нажот бер бизга, ёлворамиз, эй Эгам! Муваффақият бер, ўтинамиз, эй Эгам!
26 Эгамиз номидан келадиган зот барака топсин, Эгамиз уйидан туриб, сени дуо қиламиз.
27 Эгамиз Худодир, У бизга нур берган. Байрам нишонлашни бошланг! Пальма шохларини олиб, қурбонгоҳ олдига боринг.
28 Сен Худойимсан, Сенга шукур айтаман, Сен Худойимсан, Сени улуғлайман.
29 Эгамизга шукрона айтинг, У яхшидир, Унинг содиқ севгиси абадийдир.