1 Эгамни олқишла, эй жоним. Эй Эгам Худо! Сен нақадар буюксан, Шуҳрату улуғворликка буркангансан.
2 Ёпинчиққа ўралгандай нурга чулғангансан, Самоларни бир чодир каби ёйгансан.
3 Осмондаги сувлар узра даргоҳингни қургансан, Булутларни жанг араваси қиласан, Шамол қанотларини миниб кетасан.
4 Шамолларни Ўзингга хабарчилар қиласан, Ловуллаган оловни хизматкорларинг этасан.
5 Ҳеч қачон тебранмасин дея, Сен заминнинг пойдеворини қўйгансан,
6 Заминни либосга ўрагандай, Тубсиз сувлар ила ўраган эдинг, Ҳатто тоғлар чўққисини сувлар кўмган.
7 Сенинг таҳдидларингдан сувлар чекинар, Сен гумбурлатган садодан улар қочар.
8 Сувлар тоғлар устидан, водий бўйлаб оқар Сен улар учун тайин этган жойга.
9 Бу сувлар тошмасин деб, Яна ер юзини қайта қопламасин деб, Сен чегара қўйгансан!
10 Булоқларни тоширдинг Сен сойликлардан, Булоқлар оқиб келар тоғлар орасидан.
11 Жамики ёввойи ҳайвонларни булоқлар суғоради, Ёввойи эшаклар ташналигини қондиради.
12 Оқар сувлар бўйида қушлар ин қуради, Шохлар орасидан улар сайрайди.
13 Тоғларни суғорасан юқоридаги даргоҳингдан. Замин тўла Сен ўстирган мева билан.
14 Чорва учун Сен ўт–ўлан ўстирасан, Инсон фойдалансин деб, экинлар ўстиргансан, Егулигини тупроқдан олсин, дейсан.
15 Сен берасан инсон кўнглини чоғ қилувчи шаробни, Юзга жило берувчи зайтун мойини, Инсон ҳаётига қувват берувчи нонни.
16 Эй Эгам, Сенинг дарахтларинг, Ҳа, Ўзинг Лубнонда эккан садр дарахтларинг* Сувга яхши қонади.
17 Қушлар дарахтларда уя қуради, Сарв дарахтида лайлак уй қилади.
18 Тоғ эчкиси баланд тоғларда яшар, Бўрсиқлар эса қояларда уя қурар.
19 Вақтни белгиласин деб, ойни яратдинг, Қуёш ҳам билади қачон ботишин.
20 Қоронғилик чўктирганингда, тун бўлар, Ўрмондаги бор ҳайвон кезгани чиқар.
21 Шерлар ўлжа ахтариб бўкирар, Ўз ризқ–рўзини, эй Худо, Сендан излар.
22 Қуёш чиқар, улар ортга қайтарлар, Ўзларининг инларида ётарлар.
23 Одамлар ўз ишларига чиқарлар, Оқшомгача юмушлари ила банд бўларлар.
24 Эй Эгам, ишларинг ғоят турли–тумандир! Ҳаммасини донолик ила яратгансан, Замин Сен яратганларинг ила тўладир.
25 Мана, буюк, бепоён денгиз, Сон–саноқсиз яратилганлар билан тўла, Катта–кичик жониворлар бор.
26 Кемалар денгизларда қатнайди. Сувларда ўйнасин дея, Ўша махлуқ Левитанни яратгансан.
27 Эй Эгам! Ўз вақтида ризқимизни берсин дея, Уларнинг ҳаммаси Сенга кўз тикади.
28 Уларга ризқини берганингда, йиғиб олади, Қўлларингни очганингда, улар еб тўяди.
29 Юзингни яширганингда эса улар ваҳимага тушади, Жонларини олганингда, ўлиб, тупроққа қайтади.
30 Руҳингни юборганингда улар яратилади, Ер юзига янгидан ҳаёт берасан.
31 Эгамизнинг шуҳрати то абад давом этсин, Эгамиз Ўз яратганларидан хурсанд бўлсин.
32 Ерга У боққанда, ер титрар, Тоғларга текканда, тоғлар тутун чиқарар.
33 Ҳаёт эканман, Эгамни тараннум этаман, Бор эканман, Худойимга ҳамду сано куйлайман.
34 У ҳақидаги ўйларим хуш келсин Унга, Зотан, севинаман мен Эгам туфайли.
35 Ер юзидан йўқ бўлсин гуноҳкорлар, Бўлмасин бошқа энди фосиқлар. Эгамни олқишла, эй жоним! Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!