Забур 102 bob
1 Эгамизни олқишлагин, эй жоним, Унинг муқаддас номини олқишла, эй вужудим!
2 Эгамизни олқишлагин, эй жоним, Унинг қилган ҳамма яхшиликларини унутмагин!
3 Ҳамма гуноҳларимни У кечиради, Барча хасталикларимга У шифо беради.
4 Мени қабрдан У қутқаради, Севги, шафқат ила менга тож кийгизади.
5 Ҳаётимни неъмат ила У қондиради, Ёшлигим бургутнинг кучидай янгиланади.
6 Эгамиз тўғри иш қилади, Мазлумларга адолат қилади.
7 Ўз йўлларини У Мусога маълум қилган, Ишларини Исроил халқига намоён этган.
8 Эгамиз раҳмдил, иноятлидир, Жаҳли тез чиқмайди, содиқ севгиси мўлдир.
9 У доимо бизни айбламайди, Ёки то абад ғазабини сочмайди.
10 Бизни У гуноҳларимизга қараб жазоламас, Ёмонликларимизга қараб қайтармас.
11 Самолар заминдан нақадар баланддир! Эгамизнинг содиқ севгиси ҳам Ундан қўрққанларга шундай юксакдир!
12 Шарқ ғарбдан қанчалик узоқ бўлса, Гуноҳларимизни биздан шу қадар узоқ қилади.
13 Ота болаларига шафқат қилгандай, Эгамиз Ўзидан қўрққанларга раҳм қилади.
14 Биз қандай ясалганимизни У билади, Биз тупроқ эканимизни У ёдида тутади.
15 Инсонмиз, майсага ўхшар умримиз, Дашт гулига ўхшаб гуллаймиз.
16 Шамол эсар, майса йўқ бўлар, Уни ўз жойи эсламай қўяр.
17 Аммо Эгамизнинг содиқ севгиси Абадулабад Ундан қўрққанлар билан биргадир! Унинг содиқлиги эса уларнинг наслига ўтади.
18 Ҳа, Эгамиз содиқ қолади Унинг аҳдига риоя қилганларга, Унинг амрларига садоқат ила итоат этганларга.
19 Эгамиз тахтини ўрнатгандир самода, Унинг шоҳлиги ҳукмрондир ҳамма ерда.
20 Эгамизни олқишланг, эй Унинг фаришталари, Унинг амрини ижро қилувчи баҳодирлар, Унинг сўзларига итоат этувчилар!
21 Эй Эгамизнинг самовий лашкарлари! Унинг иродасини ижро этувчи хизматкорлари! Эгамизни олқишланг!
22 Эй Эгамиз яратганларнинг ҳаммаси! У ҳукмрон бўлган ҳар бир жойда Уни олқишланглар! Эй жоним! Эгамизни олқишла!