ЗАБУР
Кириш
Забур китоби Худога бағишланган турли мазмундаги шеърларнинг мажмуасидир. Уларни баъзан қўшиқ қилиб куйлашган, баъзан эса якка тартибда ёки гуруҳда ибодат сифатида айтишган. Китоб 150 та санодан иборат бўлиб, аксарият саноларнинг муаллифи шоҳ Довуд ҳисобланади. Санолар йиллар давомида тўпланган. Исроил халқининг Худога сажда қилишида бу санолар муҳим ўрин эгаллайди. Саноларда иброний шеъриятининг параллелизм деб аталган усули кенг қўлланилган. Одатда бу усул бирор ғояни тасдиқлаш, унга урғу бериш ёки қўшимча маъно ифодалаш мақсадида ишлатилади. Параллелизм ҳосил қилишда мазмунан яқин бўлган гаплар жуфт мисраларда бирин–кетин, турли сўзлар билан такрорланади. Мисол учун, “Эй шоҳлар! Энди ақл билан иш қилинг. Эй замин ҳукмдорлари! Огоҳ бўлинг.” (2:10) Саноларда Муқаддас Китоб таркибидаги кўп китобларнинг бош ғояси ўз аксини топади. Бу ғоялар ҳамду сано, шукрона, имон, умид–ишонч, гуноҳ оқибатидаги қайғу, Худонинг содиқлиги ва мадади кабилардан иборат. Барча саноларнинг туб мағзида Худога бўлган қаттиқ ишонч, Унга нисбатан самимий иззат–ҳурмат ётади. Саноларнинг ижодкорлари ўзларининг чинакам ҳис–туйғуларини ифодалаб, Худони чексиз марҳамати учун олқишлайдилар, қийинчилик пайтларида эса юракдаги дардларини тўкиб соладилар. Қадимги Исроилда санолар мазмунига кўра турли ҳолатларда қуйидагича ишлатилган: Худога ҳамду сано айтиш учун (масалан, 104–сано), қайғу–ғамларни ифодалаш учун (масалан, 12–сано), таълим бериш учун (масалан, 1–сано), Исроил шоҳига иззат–ҳурматини ифода этиш учун, унинг ҳукмронлиги даврида адолат устун бўлишини тилаб, Худога ибодат қилиш учун (масалан, 71–сано), жамики борлиқ устидан ҳукмрон бўлган Худонинг қудратини эътироф этиш учун (масалан, 46–сано), Қуддусга бўлган севгини изҳор этиш учун (масалан, 121–сано), байрамларни нишонлаш учун (масалан, 125–сано). Албатта, аксарият санолардан биттадан ортиқ мақсадда фойдаланилган. Исо Масиҳ ваъз қилганда ва таълим берганда санолардан фойдаланган. Янги Аҳд муаллифлари ҳам саноларнинг баъзиларини ўз китобларида қайд этиб ўтганлар. Илк масиҳийлар ҳам сажда қилганларида, таълим берганларида, Исо Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни бошқаларга ҳикоя қилиб берганларида санолардан фойдаланганлар.