ЭСТЕР КИТОБИ
Кириш
Эстер китоби бизни яҳудийлар тарихининг айрим воқеалари билан таништиради. Китобдаги воқеалар яҳудийлар Форс шоҳлигида асирликда яшаган пайтда, Форс шоҳи Ахашвераш ҳукмронлиги даврида юз беради. Мазкур китобдаги воқеалар тафсирчи Эзра китоби қамраган даврга тегишлидир. Бу китобда Худо Ўз халқининг Халоскори эканини яққол кўришимиз мумкин. Эстер тўғрисидаги воқеа Форс шоҳининг Шушан қалъасидаги қишки саройида бўлиб ўтади. Шоҳ Ахашвераш маликани ҳайдаб юборади. Кейин Эстер исмли ёш яҳудий қизни танлаб, уни малика мартабасига кўтаради. Эстер етим бўлиб, амакиси Мардохайга ўз фарзандидай эди. Мардохай шоҳ саройида хизмат қиларди. У Эстерни: “Яҳудий эканингни ҳеч кимга айтма”, деб огоҳлантиради. Эстер Мардохайнинг айтганини қилади. Шоҳнинг Хомон исмли энг катта лавозимдаги амалдори бўлади. У яҳудийлардан нафратланади. Хомон шоҳни алдаб, ҳамма яҳудийларни ўлдириш тўғрисида ижозат олади. Китобнинг давомида Эстер ўз ҳаётини хавф остига қўйгани ва халқини сақлаб қолгани ҳақида ҳикоя қилинади. Кейинчалик Мардохай ва Эстер ҳамма яҳудийларга мактуб ёзиб, Пурим байрамини нишонлаш тўғрисида кўрсатмалар берадилар. Яҳудийлар Пурим байрамини ҳар йили нишонлайдиган бўлдилар, байрам давомида уларнинг ҳаёти қандай қилиб сақлаб қолинганини хотирлайдилар. Эстер китобида Худо тилга олинмайди, шунга қарамай, китобдаги ҳар бир воқеа ортида Худонинг буюклигини ва Ўз халқига бўлган чексиз иноятини кўришимиз мумкин.




































































































































































