НАХИМИЁ КИТОБИ
Кириш
Мазкур китоб Форс шоҳи саройида хизмат қилган яҳудий амалдори Нахимиё номи билан аталган. Бу китобда баён қилинган воқеалар Эзра китобидаги воқеаларнинг давомидир. Нахимиё Қуддусга Эзрадан 13 йил кейин, Форс шоҳи Артахшас* ҳукмронлиги даврида, милоддан олдинги 445 йилда қайтиб келади. Нахимиё шоҳнинг Шушандаги қалъасида яшаб юрган пайтда, Қуддус девори вайрон бўлганини, дарвозалари ёндирилганини эшитиб, қаттиқ қайғуради. У ибодат қилиб, Худодан: “Қуддусга боришимга, шаҳар деворларини қайта тиклашимга имконият бер”, деб сўрайди. Шоҳ Артахшас Нахимиёни Қуддусга жўнатади, ҳатто шаҳар деворларини таъмирлаш учун керакли ашёларни ҳам беради. Нахимиё Қуддусга етиб келгандан кейин, шаҳар деворларини кўздан кўриб чиқади. Сўнг барча яҳудийларни йиғиб, таъмирлаш ишларини бошлаб юборади. Лекин атрофдаги қўшни халқлар яҳудийларни ҳақорат қилишади, Форс шоҳига қарши чиққан исёнчилар деб уларга айб қўйишади. Душманлар ҳатто Қуддусга ҳужум қилиб, Нахимиёни ўлдиришни ҳам режалаштиришади. Шунча қийинчиликларга қарамай, Нахимиё ва яҳудийлар Қуддус девори ва дарвозаларини қуриб битириб, Худога бағишлайдилар. Буларнинг ҳаммаси Худо Ўз халқига кўрсатган марҳаматининг ифодаси бўлади. Нахимиё китоби Эски Аҳднинг тарихий қисмига якун ясайди. Эзра ва Нахимиё бошчилигида Исроил халқи Худо билан тузилган аҳдни янгилаб, Унга содиқ қолишга ваъда беради. Мазкур китоб Худонинг содиқлигидан далолат беради. Форс шоҳининг ёрдами билан таъмирланган Қуддус шаҳри асрлар давомида яҳудийларнинг сажда маркази бўлиб қолаверади.



































































































































































