Эзра 5 bob
1 Ўша даврда Хаггей ва Иддо ўғли Закариё пайғамбарлар Яҳудо юртидаги ва Қуддусдаги яҳудийларга Исроил халқининг Худоси номидан башорат қила бошладилар.
2 Шунда Шалтиёл ўғли Зарубабел ва Ёҳузадах ўғли Ёшуа Худонинг Қуддусдаги уйини қайта қуришга яна киришдилар. Худонинг пайғамбарлари уларнинг ишини қўллаб–қувватлаб турдилар.
3 Ўша заҳоти Фурот дарёсининг ғарбидаги вилоят ҳокими Таттанай билан Шатарбўзанай ҳамда уларнинг шериклари яҳудийларнинг олдига келиб: “Бу уйни кўтаришга, уни қайта қуришга ким сизларга ижозат берди?” деб сўрашди.
4 Бинони қураётган одамларнинг исмларини айтишни талаб қилишди.
5 Лекин Худо яҳудий оқсоқолларига назарини солган эди. Шунинг учун Форс амалдорлари шоҳ Дорога мактуб юборишга қарор қилдилар. “Мактубга жавоб келмагунча яҳудийларни тўхтатмаймиз”, деб келишиб олдилар.
6 Фурот дарёсининг ғарбидаги вилоят ҳокими Таттанай, Шатарбўзанай ва уларнинг шериклари — вилоят амалдорлари шоҳ Дорога мактуб юбордилар.
7 Улар юборган мактубнинг мазмуни қуйидагича эди: “Шоҳ Доро жаноби олийларига тинчлик–омонлик бўлсин!
8 Шоҳ жанобларига маълум бўлсинки, биз Яҳудо вилоятида улуғ Худога атаб қурилаётган уйга борган эдик. Бу уй йўнилган тошлардан ва садр ёғочидан қуриляпти. Иш қунт билан қилиняпти, қурилиш бир маромда илгарилаб боряпти.
9 Биз ўша ердаги оқсоқоллар билан гаплашдик, улардан: «Бу уйни кўтаришга, уни қайта қуришга ким сизларга ижозат берди?» деб сўрадик.
10 Сизни хабардор қилиб қўяйлик деб, уларга бошчилик қилаётган одамларнинг исмларини ҳам сўрадик.
11 Уларнинг бизга берган жавоби шу бўлди: «Биз Самовий Худонинг қулларимиз. Биз тиклаётган Худонинг бу уйи анча йиллар олдин Исроилнинг улуғ бир шоҳи томонидан қуриб битказилган эди.
12 Лекин ота–боболаримиз Самовий Худони ғазаблантирдилар. Шунинг учун Худо уларни Халдей қабиласидан бўлган Бобил шоҳи Навухадназарнинг қўлига берди. Навухадназар бу уйни вайрон қилиб, халқни Бобилга сургун қилди.
13 Худонинг уйидан олтин ва кумуш буюмларни олиб, Бобилдаги маъбадга олиб кетди. Лекин Бобил шоҳи Куруш ўз ҳукмронлигининг биринчи йилида, Худонинг уйи қайта қурилсин, деб фармон чиқарди.
14 У ҳатто Қуддусдаги Маъбадга қарашли ўша олтин ва кумуш буюмларни Бобилдаги маъбаддан олиб келишни буюриб, Шашбаззар деган одамга берди. Шоҳ Курушнинг ўзи Шашбаззарни Яҳудонинг ҳокими қилиб тайинлади.
15 У Шашбаззарга шундай деди: ‘Бу буюмларни Қуддусга олиб бор. Худонинг уйини олдинги ўрнида қурдириб, буюмларни Маъбадга жойлаштир.’
16 Шунда Шашбаззар келиб, Худонинг Қуддусдаги уйи пойдеворини ётқиздирди. Ўшандан буён ҳозиргача қурилиш давом этмоқда, ҳали тугагани йўқ.»
17 Энди, шоҳимизга маъқул бўлса, Бобилдаги шоҳлик йилномаларини синчиклаб қараб чиқсалар. Ўшанда шоҳ Куруш Худонинг Қуддусдаги ўша уйини қайта қуриш учун фармон чиқарганми ёки йўқми, кўрадилар. Шоҳимиз бу ишга оид қарорларини бизга маълум қилишларини сўраймиз.”