Эзра 1 bob
1 Форс шоҳи Куруш ҳукмронлигининг биринчи йилида Эгамизнинг Еремиё орқали билдирган сўзлари бажо бўлиши учун, Эгамиз шоҳ Курушнинг юрагига Қуддусдаги Маъбадни қайта қуриш истагини солди. Шундай қилиб, Куруш ўз шоҳлигининг ҳамма томонига хабарчилар жўнатди ва ёзма фармонда қуйидагиларни эълон қилди:
2 “Форс шоҳи Куруш шундай демоқда: Самовий Худо — Эгамиз ер юзидаги жамики шоҳликларни менга берган. У Яҳудо юртидаги Қуддус шаҳрида Ўзига бир уй қуришни менга топширди.
3 Худонинг халқидан бўлганларга мен ижозат бераман: улар Қуддусга боришлари ва Исроил халқининг Худоси — Эгамизнинг уйини қайта қуришлари мумкин. Қуддусда сажда қилинадиган Худо Удир. Исроил халқига ўзларининг Худоси ёр бўлсин.
4 Сургундаги яҳудийлар яшайдиган ҳамма жойда шундай деб эълон қилинсин: Қуддусга қайтмайдиган яҳудийлар қайтадиган яҳудийларга ёрдам берсин. Уларга кумуш, олтин, сафар учун зарур буюмлар ва чорва беришсин. Булардан ташқари, Худонинг Қуддусдаги уйи қайта қурилиши учун кўнгилдан чиқариб назрлар беришсин.”
5 Шундай қилиб, Яҳудо ва Бенямин қабилаларининг уруғбошилари, руҳонийлар ва левилар, шунингдек, Худо руҳлантирган ҳар бир одам Эгамизнинг Қуддусдаги уйини қайта қуриш учун сафарга тайёрланди.
6 Барча қўшнилари уларга чин кўнгилдан чиқариб назрлар бердилар. Булардан ташқари, кумуш идишлар, олтин, сафар учун буюмлар, чорва ва бошқа қимматбаҳо ҳадялар бериб ёрдам қилдилар.
7 Шоҳ Куруш Эгамизнинг уйига тегишли бўлган буюмларни олиб келишни буюрди. Бу буюмларни шоҳ Навухадназар Қуддусдан олиб келиб, ўзининг худолари уйига қўйган эди.
8 Шоҳ Куруш бу буюмларни хазинабон Митрадот назорати остига топширди. Митрадот эса буларни санаб, Яҳудо йўлбошчиси Шашбаззарга берди.
9 Буюмларнинг рўйхати қуйидагича эди: олтин тоғорачалар — 30 та кумуш тоғорачалар — 1000 та бошқа идишлар — 29 та
10 олтин косалар — 30 та кумуш косалар — 410 та бошқа буюмлар — 1000 та.
11 Олтин ва кумуш буюмларнинг жами 5400 та эди. Шашбаззар бошқа асирлар қаторида Бобилдан Қуддусга қайтиб кетаётганда, бу буюмларнинг ҳаммасини ўзи билан олиб кетди.