ЭЗРА КИТОБИ
Кириш
Эзра китоби бизни “Солномалар (иккинчи китоб)”да баён қилинган Исроил тарихининг давоми билан таништиради. Мазкур китобда Худонинг Ўз ваъдаларига содиқ қолиши ва яҳудийларни Бобилдаги етмиш йиллик сургундан кейин она юртига қайтариб олиб келиши ҳақида ҳикоя қилинади. Китобда Яҳудо юртига қайтиб келган икки гуруҳ яҳудийлар ҳақида сўз юритилади. Биринчи гуруҳ Зарубабел бошчилигида Қуддусга қайтиб келиб, Маъбадни қайта қуришни бошлайди. Зарубабел Яҳудо шоҳи Ёҳайихиннинг набираси бўлиб, Қуддусга шоҳ сулоласига мансуб бўлган зодагон сифатида қайтиб келади. Иккинчи гуруҳ Қуддусга тафсирчи Эзра бошчилигида қайтади. Эзра халқнинг ахлоқий ҳаётига катта эътибор бериб, уларни Худо олдида пок яшашга ундайди. Бу китоб Эзранинг номи билан аталган. Худонинг қонунини мукаммал биладиган моҳир тафсирчи Эзра руҳоний Ҳорун наслидан келиб чиққан эди. Китобнинг иккинчи қисмида Эзра бош қаҳрамон бўлиб гавдаланади. Нахимиё китобида ҳам Эзра ҳақида ҳикоя қилинади. Форс шоҳи Куруш* милоддан олдинги 538 йили махсус фармон жорий қилгани тўғрисида “Солномалар (иккинчи китоб)”нинг охирида баён қилинган. Ўша фармонда Куруш яҳудийларга: “Ўз юртларингизга қайтиб бориб, Эгангизнинг уйини тикланглар”, деб ижозат беради. Эзра китобининг биринчи қисми (1-6–боблар) Курушнинг ўша фармони билан бошланади. Бу қисмнинг давомида бир қанча яҳудийлар Қуддусга қайтиб боргани ва Маъбадда иш бошлагани тўғрисида ҳикоя қилинади. Лекин қўшни халқлар яҳудийларга кўп халақит беришади, шунинг учун қурилиш ишлари суст боради. Ҳатто бир неча йил иш тўхтаб ҳам қолади. Ниҳоят, милоддан олдинги 515 йили Маъбад қайта қуриб битказилади. Китобнинг бу қисмидан кейинги даврда юз берган муаммолар ҳам ўрин олган (4:6-23). Жумладан, шоҳ Артахшас* ҳукмронлиги даврида яҳудийлар шаҳар деворини тиклаш ишларини тўхтатишга мажбур бўладилар. Китобнинг иккинчи қисми (7-10–боблар) Эзранинг Қуддусга келиши билан бошланади. Милоддан олдинги 458 йили Эзра Исроил халқига Худонинг қонунларини ўргатиш учун Қуддусга қайтиб келади. Лекин Эзра халқнинг гуноҳ қилаётганини кўриб, даҳшатга тушади. Бу пайтда Исроил халқи бутпараст халқлар билан қуда–андачилик қилар, бунинг оқибатида улар бутпарастликка ружу қўйиб, Худонинг қонунларини бузаётган эдилар. Бу гуноҳларга қўл урган Исроил халқи Худонинг қаҳрига учраш хавфи остида эди (Қонунлар 7:1-5 га қаранг). Шу боис Эзра ибодат қилиб, халқнинг гуноҳлари учун тавба қилади, у Худога: “Халқинг гуноҳларидан ўт”, деб ёлворади. Халқ Худонинг қонунларига итоат этишга рози бўлади. Эзра китобида Худонинг содиқлигига урғу берилади. Худо Ўз халқини асирликда ҳам омон сақлайди, У бутпараст шоҳнинг юрагини юмшатиб, халқини ўз юртига қайтариб олиб келади. Яҳудийлар кўп қаршиликларга қарамай, Худонинг Маъбадини қайта қурадилар. Улар ўз ватанига қайтиб келганларидан кейин ҳам, узоқ вақтгача мустақил бўла олмайдилар. Уларнинг устидан қайси шоҳлик ҳукмронлик қилмасин, Худо уларнинг ҳақиқий Ҳукмдори бўлиб



































































































































































