Солномалар (иккинчи китоб) 3 bob
1 Сулаймоннинг отаси шоҳ Довуд Эгамизнинг уйи учун Қуддусда бир жой тайёрлаб қўйган эди. Бу жой Мориёх тоғида — Довудга Эгамиз зоҳир бўлган Ёбуслик Аравнонинг хирмонида эди. Сулаймон Эгамизнинг уйини ўша ерда барпо қила бошлади.
2 Қурилиш Сулаймон ҳукмронлигининг тўртинчи йили иккинчи ойининг иккинчи кунида бошланган эди.
3 Сулаймон Худонинг уйи учун пойдевор қўйди, пойдеворнинг узунлиги (қадимги ўлчов бирлигига асосан) 60 тирсак, эни 20 тирсак эди.
4 Уйнинг асосий хонаси олдида айвон бўлиб, айвоннинг узунлиги асосий хонанинг эни билан бир ўлчовда — 20 тирсак, баландлиги ҳам 20 тирсак эди. Сулаймон айвоннинг ичини тоза олтин билан қоплатди.
5 Асосий хонанинг деворларини олдин сарв ёғочи билан қоплатиб, устидан тоза олтинни қоплатди, сўнг хурмо дарахти ва занжирлар шаклларини ўйдириб солдирди.
6 Уйни қимматбаҳо тошлар билан безаттирди. Парвайимдан келтирилган олтин билан,
7 уйнинг тўсинларини, остоналарини, деворларини ва эшикларини қоплатди. Деворларга карублар суратини ўйдирди.
8 Сулаймон Энг муқаддас хонани ҳам қурдирди. Бу хонанинг узунлиги асосий хонанинг эни билан бир ўлчовда — 20 тирсак, эни ҳам 20 тирсак эди. Сулаймон бу хонани 1300 пуд тоза олтин билан қоплатди.
9 Ишлатилган олтин михларнинг умумий оғирлиги 125 мисқол эди. Юқори хоналарнинг деворлари ҳам олтин билан қопланди.
10 Сўнг Сулаймон иккита каруб шаклини ясаттирди. Уларни олтин билан қоплатиб, Энг муқаддас хонага ўрнаштирди.
11 Карублар ёнма–ён, кираверишга қаратиб қўйилган эди.
12 Ҳар бирининг иккитадан қаноти бўлиб, ҳар бир қанотининг узунлиги беш тирсак эди. Қанотлар ёйилган ҳолда ясалган бўлиб, карубларнинг бир қаноти деворга тегиб турар эди.
13 Иккинчи қаноти эса хонанинг марказида бошқа карубнинг қанотига тегиб турар эди. Иккала карубнинг ёйилган қанотлари жами 20 тирсакни ташкил қилар эди.
14 Сулаймон кўк, сафсар, қизил матолардан ва майин зиғир матосидан ички парда қилдириб, парданинг устига карублар суратини солдирди.
15 Сулаймон 18 тирсак баландликдаги икки устун ясаттириб, уларни Эгамиз уйининг олд томонига ўрнатди. Ҳар бир устун тепасида устунқош бўлиб, устунқошнинг баландлиги 5 тирсак эди.
16 Устунқошлар тўқилган занжирлар ва юзта анор тасвири билан безатилган эди.
17 Устунлар уйнинг олдига — биттаси ўнг томонга, иккинчиси чап томонга ўрнатилган эди. Ўнг томондаги устунга Ёхин деб, чап томондагисига Бўаз деб ном берилди.