Шоҳлар (тўртинчи китоб) 7 bob
1 Элишай айтди: — Эгамизнинг сўзини эшитинглар: У шундай демоқда: “Эртага худди шу пайтда Самария дарвозаси олдида ярим тоғора яхши ун бир кумуш тангадан, бир тоғора арпа ҳам бир кумуш тангадан сотилади.”
2 Шоҳнинг энг яқин амалдори шу ерда эди. У Элишайга: — Ҳатто Эгамиз осмоннинг қопқасини очиб, ёмғир ёғдирганда ҳам шундай бўлмас–ов, — деди. Шунда Элишай: — Сен кўзинг билан кўрасан, лекин сенга насиб қилмайди, — деди.
3 Шу вақтда шаҳар дарвозаси ташқарисида тери касаллигига чалинган тўртта одам: “Ўлимимизни кутиб, шу ерда ўтираверамизми?!” деб бир–бирига гапирди.
4 “Агар шаҳарга кирадиган бўлсак, у ерда очарчилик бўляпти, биз ҳам ўша ерда ўлиб кетамиз. Шу ерда ўтираверсак ҳам ўламиз. Яхшиси, Орам лашкарининг қароргоҳига борайлик. Агар бизни тирик қолдиришса, яшаймиз, ўлдиришса, ўламиз.”
5 Улар оқшом пайти Орам лашкарининг қароргоҳига бормоқчи бўлишиб, отланишди. Орам лашкарининг қароргоҳи чеккасига келиб қарасалар, у ерда бирорта ҳам одам йўқ экан.
6 Раббий Орам лашкарига жанг араваларининг тақир–туқурини, отларнинг кишнашини, кўп лашкарнинг шовқин–суронини эшиттирган эди. Улар бир–бирларига: “Исроил шоҳи бизга қарши ҳужум қилгани Хет ва Миср лашкарларини ёллаганга ўхшайди”, дедилар.
7 Улар оқшом пайти жонларини қутқариш учун чодирларини, отларини, эшакларини, бутун қароргоҳни шундайича ташлаб қочиб қолган эдилар.
8 Ўша касал одамлар қароргоҳга келиб, бир чодирга кирдилар. Чодирда еб–ичиб, у ердан кумуш, олтин, кийим–кечакларни олиб кетиб, яшириб қўйдилар. Кейин қайтиб келиб бошқа чодирга кирдилар, у ердан ҳам топганларини олиб бориб яширдилар.
9 Сўнгра улар бир–бирларига айтдилар: — Биз тўғри иш қилмаяпмиз. Бу кун — хушхабарлар юз берган кундир. Агар биз сусткашлик қилиб, тонг отишини кутсак, жазога тортилишимиз аниқ. Кетдик, шоҳ саройига бориб хабар берайлик.
10 Касал одамлар бориб, шаҳар дарвозабонларини чақирдилар–да, уларга шундай дедилар: — Биз Орам лашкарининг қароргоҳига борган эдик. У ерда на бирор тирик жон бор, на бирор инсон товуши эшитилади. Фақат боғловлиқ отлар, эшаклар турган экан. Чодирларни, қандай турган бўлса, шундайлигича ташлаб кетибдилар.
11 Дарвозабонлар жар солиб бу хушхабарни шоҳ саройига етказдилар.
12 Шоҳ тунда ўрнидан туриб, лашкарбошиларига шундай деди: — Орам лашкари қандай режа тузаётганларини сизларга айтиб қўяй. Биз қаҳатчиликни бошдан кечираётганимизни улар билади. Шаҳардан чиққанимиздан кейин, бизни тириклайин қўлга олиб, шаҳарга ёриб киришни режалаштирган. Шу мақсадда далада пистирма қўйиш учун қароргоҳдан чиқиб кетган.
13 Шоҳнинг аъёнларидан бири деди: — Шу пайтгача қанча одам ўлди, шаҳарда қолганларимиз ҳам барибир ўлимга маҳкуммиз! Энди бир нечта одамни юборайлик. Улар шаҳарда қолган отлардан бештасини олсин ва бориб, аҳволни билиб келсин.
14 Улар иккита отлиқ одамни тайёрладилар. Шоҳ ўша одамларни Орам лашкари изидан жўнатар экан: “Бориб, нима бўлганини билиб келинглар”, деди.
15 Отлиқлар Орам лашкарининг изидан Иордан дарёсигача боришди. Йўл бўйи кийим–кечак, буюмлар сочилиб кетган эди. Бу нарсаларни Орам лашкари шошиб–пишиб қочаётганларида ташлаб кетган эдилар. Юборилган одамлар қайтиб келиб, шоҳга хабар бердилар.
16 Халқ Орам лашкарининг қароргоҳига бориб, у ерни талон–тарож қилди. Эгамиз айтганидай, ярим тоғора яхши ун бир кумуш тангадан, бир тоғора арпа ҳам бир кумуш тангадан сотилди.
17 Шоҳ ўша яқин амалдорини дарвозага тайинлаган эди. Халқ амалдорни дарвоза олдида босиб, янчиб ўтиб кетди, амалдор ўлди. Шоҳ пайғамбар ҳузурига борганда, пайғамбар бўладиган ҳодисаларни унга олдиндан айтган эди.
18 Ҳаммаси пайғамбар айтганидай бўлди. У шоҳга: “Эртага худди шу пайтда Самария дарвозаси олдида ярим тоғора яхши ун бир кумуш тангадан, бир тоғора арпа бир кумуш тангадан сотилади”, деган эди.
19 Амалдор эса пайғамбарга: “Ҳатто Эгамиз осмоннинг қопқасини очиб, ёмғир ёғдирганда ҳам, шундай бўлмас–ов”, деб жавоб берган эди. Элишай эса унга: “Сен кўзинг билан кўрасан, лекин сенга насиб қилмайди”, деганди.
20 Шундай қилиб, айтилган воқеа юз берди: халқ ўша амалдорни дарвоза олдида босиб, янчиб ўтиб кетди, амалдор ўлди.