Шоҳлар (тўртинчи китоб) 5 bob
1 Орам шоҳининг Нўъмон деган лашкарбошиси бор эди. Хўжайини уни жуда улуғлар ва ҳурмат қилар эди, чунки Эгамиз Нўъмон орқали Орамга ғалаба ато қиларди. Нўъмон жуда довюрак жангчи эди–ю, лекин тери касаллигига чалинган эди.
2 Орам лашкари Исроил юртига бостириб борганда, кичкина қизчани асир қилиб олиб келган эди. Қизча Нўъмоннинг хотинига чўрилик қиларди.
3 Қизча бир куни бекасига айтиб қолди: — Агар тўрам Самариядаги пайғамбар ҳузурига борганларида эди, ўша пайғамбар тўрамга шифо берган бўларди.
4 Шундай қилиб, Нўъмон ўз ҳукмдори ҳузурига борди. Шоҳга Исроил юртидан келтирилган қизчанинг айтганларини гапириб берди.
5 Орам шоҳи Нўъмонга: — Йўлга отланавер, мен Исроил шоҳига мактуб ёзиб бераман, — деди. Нўъмон йигирма бир пуд кумуш, тўрт пуд олтин, ўн сидра қимматбаҳо кийим–бош олиб, йўлга чиқди.
6 Нўъмон мактубни Исроил шоҳига келтириб берди. Мактуб шу мазмунда битилган эди: “Ушбу мактуб етиб борганда, билингизки, хизматкорим Нўъмонни сизнинг ҳузурингизга юборган бўламан, уни тери касаллигидан сиз фориғ қилишингиз мумкин.”
7 Исроил шоҳи мактубни ўқиб, ваҳимага тушиб, кийимларини йиртди: — Орам шоҳи мени ҳаёт бахш этадиган ва жон оладиган Худо деб ўйлаяптими?! Шифо беришим учун у менинг ҳузуримга одамини жўнатибди–я! Мана, билиб қўйинглар, Орам шоҳи мен билан уруш чиқариш учун баҳона излаяпти.
8 Исроил шоҳи ваҳимага тушиб либосларини йиртганини Элишай пайғамбар эшитгач, шоҳга хабарчи орқали шу гапни етказди: “Нега ваҳимага тушиб либосларингизни йиртдингиз? Ўша одам менинг олдимга келсин, Исроилда пайғамбар борлигини билиб қўйсин.”
9 Нўъмон отларию жанг араваларини Элишайнинг уйи эшиги олдига олиб келиб тўхтади.
10 Элишай Нўъмоннинг олдига хизматкорини чиқариб, у орқали Нўъмонга шу гапни етказди: “Бор, Иордан дарёсида етти марта ювин, шунда тананг янгиланиб, пок бўлади.”
11 Нўъмон эса дарғазаб бўлди: “Мен ўйлаган эдимки, пайғамбар албатта менинг олдимга чиқади, ўзининг Эгаси Худони чақириб илтижо қилади. Қўллари билан касал жойимни силаб, мени бу касалликдан фориғ қилади.
12 Дамашқдаги Абано ва Парфар дарёлари Исроилнинг ҳамма дарёларидан афзал эмасми?! Мен ўша дарёларда ювиниб, покланиб олаверардим–ку!” Нўъмон жаҳл билан бурилиб кетди.
13 Шунда хизматкорлари келиб: — Жаноби олийлари, агар пайғамбар сизга қийин нарсани айтганда, қилмасмидингиз? — деб гапиришди, — у сизга: “Ювингин, пок бўлиб қоласан”, деди холос–ку.
14 Охири, Нўъмон пайғамбарнинг айтганини қилиб, Иордан сувида етти марта шўнғиди. Шунда танаси худди ёш боланинг танаси каби янгиланиб, пок бўлди.
15 Нўъмон ва унинг барча ҳамроҳлари пайғамбар ҳузурига қайтиб келдилар. Нўъмон Элишайнинг ҳузурига келгач, айтди: — Бутун ер юзида Исроил халқининг Худосидан бошқа Худо йўқлигини билдим. Марҳамат, энди мен, қулингизнинг ҳадяларини қабул қилинг.
16 Мен хизмат қилаётган Худо шоҳид! Ҳадянгни олмайман! — деди Элишай. Нўъмон Элишайни қанча мажбур қилса ҳам, Элишай рад этди.
17 Шунда Нўъмон айтди: — Ундай бўлса, мен, қулингизга иккита хачир кўтара оладиган тупроқ олиб кетишга ижозат беринг*. Мен, қулингиз, бундан буён Эгамиздан бошқа худоларга ҳар хил қурбонликлару куйдириладиган қурбонликлар қилмайман.
18 Эгамиз мен, қулингизни фақат битта нарсада кечирсин: хўжайиним худо Риммон уйига бориб сажда қилиш учун қўлимга суянганда, мен ҳам Риммон уйида у билан бирга таъзим қиламан. Ўша ерда таъзим қилганимда, шу нарса учун Эгамиз мени кечирсин.
19 — Эсон–омон бор, — деди унга Элишай. Нўъмон Элишай ҳузуридан чиқиб, ҳали унча узоқ йўл юрмаган ҳам эдики,
20 Элишай пайғамбарнинг хизматкори Гахази ўзига ўзи айтди: “Ҳазратим анави Орам халқидан Нўъмон келтирган ҳадяларни қабул қилмасдан, унга ижозат берди. Худо ҳақи! Ортидан югуриб бориб, ундан бирор нарса ундирай.”
21 Гахази Нўъмоннинг орқасидан кетди. Нўъмон ортидан келаётган Гахазини кўриб, уни қарши олгани аравадан тушди. — Тинчликми? — сўради Нўъмон.
22 — Тинчлик, — деди хизматкор, — хўжайиним мендан айтиб юборди, унинг ҳузурига Эфрайим қирларидаги пайғамбарлар гуруҳидан иккитаси келибди, уларга икки пуд кумуш ва икки сидра кийим–бош бераркансиз.
23 — Балки тўрт пуд оларсан, — деди Нўъмон ва Гахазини тўрт пуд олишга кўндирди. Нўъмон иккита қопдаги тўрт пуд кумушни ва икки сидра кийим–бошни боғлаб, ўзининг иккита хизматкорига берди. Хизматкорлар бу нарсаларни кўтариб, Гахазининг олдига тушиб жўнадилар.
24 Тепаликка келганларида, Гахази нарсаларни хизматкорларнинг қўлидан олди ва уйига олиб бориб яширди. Сўнгра Нўъмоннинг иккала хизматкорига ижозат берди.
25 Гахази қайтиб келгач, хўжайинининг ҳузурига кирди. — Қаерда эдинг, Гахази? — сўради Элишай ундан. — Мен, қулингиз, ҳеч қаерга бормадим, — жавоб берди у.
26 Элишай эса Гахазига: — Ўша одам аравасидан тушиб сенга пешвоз чиққанда, менинг руҳим сен билан бирга эмасмиди?! — деди. — Ҳозир кумушу либослар ёки зайтунзорлару узумзорлар, қўю сигирлар, қулу чўрилар оладиган пайтми?!
27 Шу қилганинг учун Нўъмоннинг тери касаллиги сенга ва сенинг наслингга абадий ёпишиб қолсин. Ўша заҳоти Гахазига яра тошиб, териси қордай оппоқ бўлиб қолди. У Элишайнинг ҳузуридан чиқиб кетди.