Шоҳлар (тўртинчи китоб) 4 bob
1 Илгари пайғамбарлар гуруҳида бир пайғамбар бўлар эди. Ўша пайғамбарнинг беваси Элишайнинг олдига келиб фарёд қилди: — Сизга хизмат қилиб юрган менинг эрим вафот этди. Ўзингиз биласиз, у Эгамиздан қўрқарди. Бир одам олдин қарз берган эди. Энди у иккала ўғлимни ўзига қул қилиб олиб кетгани келди.
2 Илгари пайғамбарлар гуруҳида бир пайғамбар бўлар эди. Ўша пайғамбарнинг беваси Элишайнинг олдига келиб фарёд қилди: — Сизга хизмат қилиб юрган менинг эрим вафот этди. Ўзингиз биласиз, у Эгамиздан қўрқарди. Бир одам олдин қарз берган эди. Энди у иккала ўғлимни ўзига қул қилиб олиб кетгани келди.
3 — Бор, ҳамма қўшниларингдан бўш идишларини сўраб ол, — деди Элишай. — Иложи борича кўпроқ сўраб ол.
4 Борганингдан кейин ўғилларинг билан бирга уйга кириб, эшикни ёпиб қўй. Сўнг ҳамма идишга зайтун мойи қуй, тўлган идишларни нари суриб қўявер.
5 Аёл Элишайнинг олдидан кетгач, ўғиллари билан бирга уйга кириб, эшикни беркитди. Ўғиллари идишларни узатиб туришди, аёл эса қуяверди.
6 Ҳамма идишлар тўлгандан кейин, аёл ўғлига: — Яна идиш узат, — деди. — Бошқа идиш йўқ, — деди ўғли. Шундан сўнг зайтун мой ҳам оқмай қолди.
7 Аёл пайғамбар ҳузурига келиб, бўлган воқеани айтиб берди. — Бор, мойни сотиб, қарзингни тўла, — деди Элишай. — Ортиб қолган мойни ишлатиб, ўғилларинг билан кун кечир.
8 Бир куни Элишай Шунамга келди. У ерда бир бой аёл: “Меникига кириб, чой–пой ичиб кетинг”, деб илтимос қилиб, кўндирди. Элишай қачон келмасин, ҳар доим тамадди қилгани ўша аёлникига кирадиган бўлди.
9 Бир куни аёл эрига: — Шу йўлдан доимо ўтиб юрадиган одам Худонинг муқаддас одами эканини билиб олдим, — деди.
10 — Келинг, том устига чоғроққина болохона қуриб, у ерга кўрпа–тўшак, хонтахта, курси, мойчироқ қўяйлик. У бизникига келганда, болохонада турсин.
11 Кунларнинг бирида Элишай Шунамга келганда, болохонага кириб, ёнбошлади.
12 Кейин хизматкори Гахазига: “Шунамлик аёлни чақир”, деб буюрди. Хизматкор аёлни чақириб келди. Аёл келгач,
13 Элишай хизматкорига гапирди: — Бу аёлга шундай деб айт: “Сен бизга ғамхўрлик қиляпсан. Бунинг эвазига сен учун нима қилайлик? Сенинг бирор ишинг юзасидан шоҳ билан ёки лашкарбоши билан гаплашиш керак эмасми?” — Йўқ, — деди аёл, — мен халқим орасида яшасам, бас.
14 Элишай Гахазидан: — Ундай бўлса, бу аёл учун нима қилишим керак? — деб сўради. — Унинг ўғли йўқ экан, эри эса кексайиб қолибди, — деди Гахази.
15 — Чақир уни! — буюрди Элишай. Хизматкор аёлни чақириб келди, аёл эшик олдида ҳозир бўлди.
16 — Келгуси йили худди шу пайтда қўлингда ўғлингни кўтариб юрган бўласан, — деб айтди Элишай аёлга. — Йўқ, ҳазратим, эй Худонинг одами, бу чўрингизни беҳудага умидвор қилманг, — деди аёл.
17 Лекин Элишай айтганидай, аёл ҳомиладор бўлиб, келгуси йил ўша вақтда ўғил туғди
18 Бола улғаяверди. Бир куни бола ўроқчилар орасида ишлаётган отаси ёнига бориб:
19 “Вой бошим! Бошим оғриб кетди!” деди отасига. Отаси эса хизматкорига: “Онасига олиб бор”, деб буюрди.
20 Хизматкор болани кўтариб, онасига олиб борди. Бола тушгача онасининг тиззасида ўтирди–ю, сўнгра вафот этди. 21 Она боласини кўтариб бориб, пайғамбар ётадиган тўшакка ётқизди–да, эшикни беркитиб, ташқарига чиқди.
21 Она боласини кўтариб бориб, пайғамбар ётадиган тўшакка ётқизди–да, эшикни беркитиб, ташқарига чиқди.
22 Сўнг эрини чақириб келиб, унга айтди: — Менинг ёнимга хизматкорларингиздан биттасини эшаги билан бирга юборинг. Мен пайғамбар ҳузурига бориб, тезда қайтиб келаман.
23 — Нимага унинг олдига бугун боришинг керак?! — деди эри. — Бугун янги ой шодиёнаси куни эмас, Шаббат куни ҳам эмас. — Ҳечқиси йўқ, — деди аёл.
24 Шундан кейин аёл эшакни эгарлаб, хизматкорга: — Эшакни ҳайда, — деди, — мен сенга гапирмагунимча секинлама.
25 Аёл жўнаб кетди. У пайғамбар ёнига — Кармил тоғига* етиб борди. Пайғамбар уни узоқдан кўриб, хизматкори Гахазига: — Бу ўша Шунамлик аёл–ку! — деди.
26 — Югур, уни кутиб ол, “Ўзинг яхшимисан? Эринг соғ–саломатми? Боланг яхшими?” деб ундан сўра. — Ҳаммаси яхши, — деди аёл.
27 Аёл тоққа, пайғамбар ёнига етиб келгач, унинг оёқларига ёпишиб олди. Гахази, аёлни четроққа олиб қўяй, деб яқин келган эди, Элишай Гахазига айтди: — Уни тинч қўй, унинг дили озор чеккан. Эгамиз эса буни мендан яширди, менга маълум қилмади.
28 — Мен ҳазратимдан ўғил сўраганмидим?! — деди аёл. — “Мени беҳудага умидвор қилманг”, деб айтмаганмидим?!
29 Элишай Гахазига айтди: — Қани бўл, менинг таёғимни қўлингга олиб югур. Бирортасини учратиб қолсанг, у билан саломлашма, ким сенга салом берса, саломига алик олма. Борганингдан кейин таёғимни боланинг юзига қўй.
30 — Худо шоҳид! Онт ичиб айтаманки, сизсиз кетмайман, — деди боланинг онаси Элишайга. Элишай ўрнидан туриб, аёлни эргаштириб кетди.
31 Гахази олдин етиб бориб, таёқни боланинг юзига қўйди. На бир садо, на бир жавоб бўлмагандан кейин Элишайга пешвоз чиқиб: “Бола уйғонмаяпти”, деди.
32 Элишай ичкарига кирди. Қараса, ўлган бола Элишайнинг тўшагида ётган экан.
33 Элишай хонага киргач, эшикни беркитди–да, Эгамизга ёлвориб ибодат қилди.
34 Сўнг боланинг устига чўзилиб ётди. У оғзини боланинг оғзига, кўзларини кўзларига, кафтини кафтига қўйди, боланинг устида чўзилиб ётганда, боланинг танаси исиди.
35 Сўнгра у ўрнидан туриб болохонанинг у ёғидан бу ёғига юрди. Кейин яна қайтиб келиб, боланинг устига чўзилди. Бола етти марта аксириб, кўзларини очди.
36 Элишай Гахазига: “Аёлни чақир!” — деди. Гахази аёлни чақириб келди. Аёл Элишайнинг олдига яқинлашди. Элишай унга: “Ол ўғлингни!” — деди.
37 Аёл ичкари кириб, Элишайнинг оёқларига йиқилди, боши ерга теккудай бўлиб таъзим қилди. Ўғлини олиб, чиқиб кетди.
38 Элишай Гилгалга қайтиб келди. Бу ерда очарчилик ҳукм сураётган эди. Пайғамбарлар гуруҳи Элишайнинг олдига йиғилишган эди. Шунда Элишай хизматкорига: — Катта қозон ўрнатиб, пайғамбарлар гуруҳи учун бирор таом пишир! — деди.
39 Пайғамбарлардан биттаси далага кўкат тергани чиқди. У ерда чирмашиб ўсадиган ёввойи қовоқларни топиб, этагини тўлдириб қовоқлардан терди. У қовоқларни олиб келиб тўғради ва таом қайнаётган қозонга ташлади. Ўша одам қовоқнинг қанақалигини билмас эди.
40 Ҳаммаларига таомдан қуйиб берилди. Улар таомни татиб кўришлари биланоқ: “Эй пайғамбар ҳазратлари! Қозондаги таом заҳар бўлиб кетибди–ку!” деб шовқин кўтардилар. Таомдан ҳеч ким тановул қила олмади.
41 Шунда Элишай: — Менга ун беринглар! — деди. Унни қозонга солгач, хизматкорга: — Энди одамларга қуйиб беравер, еяверишсин, — деди. Қозондаги таом безарар бўлиб қолган эди.
42 Баал–Шолишо шаҳридан бир киши арпасининг биринчи ҳосилидан қилинган йигирмата кулча ва бир қоп янги узилган бошоқни пайғамбарга олиб келди. Элишай хизматкорига: — Одамларга бер, тановул қилишсин, — деб буюрди.
43 Қандай қилиб шугинани юзта одамга бераман?! — деди хизматкор. — Одамларга бўлиб бер, тановул қилишсин, — деди Элишай, — чунки Эгамиз шундай демоқда: “Ҳамма тўяди, ҳатто ортиб ҳам қолади.”
44 Хизматкор одамларга кулчаларни ва бошоқни бўлиб берди. Эгамиз айтганидай, одамлар еб тўйди, яна ортиб ҳам қолди.