Шоҳлар (тўртинчи китоб) 24 bob
1 Яҳудо шоҳи Ёҳайиқим ҳукмронлиги даврида Бобил шоҳи Навухадназар Яҳудога ҳужум қилди. Ёҳайиқим уч йил унинг ҳукмдорлиги остида бўлди. Охири у Навухадназарга қарши исён кўтарди.
2 Эгамиз Ўз қуллари пайғамбарлар орқали айтганига кўра, Яҳудо халқига қарши Бобил, Орам, Мўаб ва Оммон босқинчи тўдаларини юбориб, бу юрт халқини йўқ қилмоқчи бўлди.
3 Эгамизнинг амри билан Яҳудо халқининг бошига кўп кулфатлар келди.
4 Манаше қилган барча гуноҳлари учун, айбсизларнинг қонини тўккани учун Эгамиз Яҳудо халқини Ўз ҳузуридан ҳайдамоқчи бўлди. Манаше Қуддусни айбсизларнинг қонига ботирган эди. Эгамиз Манашени бу қилмиши учун кечирмоқчи эмасди.
5 Ёҳайиқимнинг бошқа ишлари, бутун фаолияти “Яҳудо шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.
6 Ёҳайиқим оламдан ўтгач, ўрнига ўғли Ёҳайихин шоҳ бўлди.
7 Миср фиръавни қайтиб ўз юртидан ташқарига чиқмади. Бобил шоҳи Мисрнинг шимолий чегараси — Миср чегарасидаги ирмоқдан тортиб, Фурот дарёсигача фиръавнга қарашли бўлган ҳамма ерларни босиб олган эди.
8 Ёҳайихин ўн саккиз ёшида шоҳ бўлиб, Қуддусда уч ой ҳукмронлик қилди. Онасининг исми Нахушта бўлиб, Қуддуслик Элнатаннинг қизи эди.
9 Ёҳайихин ҳам, отаси каби, Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилди.
10 Ўша пайтда Бобил шоҳи Навухадназарнинг лашкари Қуддусни қамал қилди.
11 Қамал пайтида Навухадназарнинг ўзи Қуддусга келди.
12 Яҳудо шоҳи Ёҳайихиннинг ўзи, онаси, хизматкорлари, лашкарбошилари, сарой аъёнлари Навухадназарга таслим бўлдилар. Бобил шоҳи ҳукмронлигининг саккизинчи йилида Ёҳайихин асирга олинди.
13 Эгамизнинг айтгани бўйича, Навухадназар Эгамизнинг уйидаги ва шоҳ саройидаги барча хазиналарни бўшатди. Исроил шоҳи Сулаймон Эгамизнинг уйи учун ясаттирган олтин ашёларнинг ҳаммасини майдалади.
14 Жамики Қуддус аҳолисини, бекларни, жасур сипоҳларни, ҳунармандларни, темирчиларни, ҳаммаси бўлиб ўн мингта одамни асир қилиб олиб кетди. Яҳудо халқининг энг қашшоқларидан бошқа ҳеч ким бу юртда қолмади.
15 Бобил шоҳи Навухадназар Ёҳайихинни асир қилгандан кейин, Бобилга олиб келди. Ёҳайихин билан бирга унинг онасини, хотинларини, аъёнларини ва юртнинг обрўли одамларини ҳам Қуддусдан Бобилга ҳайдаб келди.
16 Бундан ташқари, ҳамма жасур сипоҳларни — етти мингта сипоҳни, жанг қилишга қодир мингта ҳунарманд ва темирчини ҳам асир қилиб олиб кетди.
17 Ёҳайихиннинг ўрнига эса амакиси Маттаниёни шоҳ қилиб тайинлади ва унинг отини ўзгартириб, Зидқиё қўйди.
18 Зидқиё йигирма бир ёшида шоҳ бўлди ва Қуддусда ўн бир йил ҳукмронлик қилди. Онасининг исми Хамутал бўлиб, Либналик Еремиёнинг қизи эди.
19 Зидқиё ҳам, Ёҳайиқим каби, Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилгани учун
20 Эгамиз Қуддус ва Яҳудо халқидан ғоят ғазабланган, оқибатда уларни Ўз ҳузуридан қувиб юборган эди. Зидқиё Бобил шоҳига қарши исён кўтарди.