Шоҳлар (тўртинчи китоб) 20 bob
1 Ўша кунлари Ҳизқиё тузалмас хасталикка йўлиқиб, ўлим тўшагига ётиб қолди. Омиз ўғли Ишаё пайғамбар унинг ҳузурига келиб, шундай деди: “Эгамиз шундай айтмоқда: тайёргарлигингни кўриб қўявер, энди тузалмайсан, ўласан.”
2 Ҳизқиё юзини деворга буриб, Эгамизга ёлворди:
3 “Эй Эгам! Чин қалбимдан Сенга содиқ бўлиб, йўлларингдан юрганимни ва олдингда тўғри ишлар қилганимни эсла.” Шундай деб аччиқ–аччиқ йиғлади.
4 Ишаё саройнинг ичкари ҳовлисидан чиқиб улгурмаган ҳам эдики, Эгамиз унга қуйидаги сўзларини аён қилди:
5 “Орқангга қайтиб бориб, халқимнинг ҳукмдори Ҳизқиёга шу хабарни етказ: «Бобонг Довуднинг Худоси — Эгамиз шундай айтмоқда: илтижоларингни эшитдим, кўз ёшларингни кўрдим. Сенга соғлигингни қайтараман. Учинчи куни Менинг уйимга чиқасан.
6 Умрингни яна ўн беш йилга узайтираман. Сени ва бу шаҳарни Оссурия шоҳининг қўлидан халос қиламан. Ўзим учун ва қулим Довуднинг ҳақи–ҳурмати учун бу шаҳарни муҳофаза қиламан.»”
7 Шундан кейин Ишаё: — Анжир ширасини келтиринглар, ширани олиб, яранинг устига қўйинглар, шунда Ҳизқиё соғаяди, — деди.
8 Ҳизқиё Ишаёдан: — Эгамиз мени соғайтиришини ва учинчи куни Эгамизнинг уйига боришимни қандай биламан? Буни нима исботлайди? — деб сўради.
9 Ишаё шундай жавоб берди: — Эгамиз берган ваъдасини бажаришини исботлаб, сенга аломат кўрсатади. Соя Охознинг зинапоясидан ўн қадам олдинга кетсинми ёки ўн қадам орқага сурилсинми?
10 — Соя зинапоядан ўн қадам илгари кетмоғи одатдаги ҳолдир, шунинг учун ўн қадам орқага сурилсин, — деди Ҳизқиё.
11 Ишаё пайғамбар Эгамизга илтижо қилган эди, Эгамиз сояни Охознинг зинапоясидан ўн қадам орқага сурди.
12 Ўша пайтларда Бобил шоҳи Баладон ўғли Мардухбаладон шоҳ Ҳизқиёга мактублару ҳадялар жўнатди. У Ҳизқиёнинг хасталанганини эшитганди.
13 Ҳизқиё элчиларни кўриб хурсанд бўлди. Хазинасидаги бор нарса — омборлардаги ҳамма қимматбаҳо ашёларини, олтинни, кумушни, хушбўй ҳидли зираворларни ва мойларни, қурол–яроғ омборини уларга кўрсатди. Ҳизқиёнинг саройидаю ўз шоҳлигида уларга кўрсатмаган ҳеч нарсаси қолмади.
14 Ишаё пайғамбар шоҳ Ҳизқиёнинг ҳузурига келиб: — Бу одамлар қаердан келибдилар? Сенга нима дедилар? — деб сўради. — Узоқ бир юртдан, Бобилдан келибдилар, — деб жавоб берди Ҳизқиё.
15 Улар саройингда нималарни кўрдилар? — деб сўради Ишаё. — Саройимдаги ҳамма нарсани кўрдилар, — дея жавоб берди Ҳизқиё. — Хазиналаримда мен уларга кўрсатмаган ҳеч нарса қолмади.
16 Шунда Ишаё айтди: — Энди Эгамизнинг сўзига қулоқ сол.
17 Эгамиз айтмоқдаки: “Бир кун келиб, саройингдаги ҳамма нарса, ота–боболарингнинг бугунгача тўплаб қолдирганлари Бобилга ташиб кетилади. Ҳеч нарса қолмайди.
18 Сенинг пушти камарингдан бино бўлган ўғилларингдан баъзилари ҳам олиб кетилади, улар Бобил шоҳининг саройида бичилган қуллар бўлиб хизмат қилади.”
19 Ҳизқиё Ишаёга: — Эгамиз сен орқали айтган сўзлар хосиятлидир, — деди–да, ичида: “Нима бўлгандаям, умрим охиригача тинч, хотиржам яшар эканман–ку”, деб ўйлади.
20 Ҳизқиёнинг бошқа ишлари, қаҳрамонликлари, ҳовуз ва қувур қазиб, қандай қилиб шаҳарга сув келтиргани тўғрисида “Яҳудо шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.
21 Ҳизқиё оламдан ўтгач, ўрнига ўғли Манаше шоҳ бўлди.