Шоҳлар (тўртинчи китоб) 2 bob
1 Эгамиз Илёсни қуюн ичида осмонга кўтариб кетадиган вақт келди. Илёс билан Элишай Гилгал шаҳридан чиқиб кетишаётганда,
2 Илёс Элишайга: — Сен шу ерда қол, Эгамиз менга, Байтил шаҳрига бор, деб амр қилган, — деди. — Худо шоҳид! Онт ичиб айтаманки, сиздан ҳечам айрилмайман, — деди Элишай. Сўнгра улар Байтилга жўнадилар.
3 Байтилда пайғамбарлар гуруҳи Элишайга пешвоз чиқиб: — Эгамиз бугун ҳазратингни олиб кетади, буни биласанми? — деб сўрадилар. — Биламан, — деди Элишай, — лекин менга бу тўғрида гапирманглар.
4 Кейин Илёс Элишайга: — Сен шу ерда қол, Эгамиз менга, Ерихо шаҳрига бор, деб амр берган, — деди. — Худо шоҳид! Онт ичиб айтаманки, сиздан ҳечам айрилмайман, — дея жавоб қайтарди Элишай. Сўнгра улар Ерихога келишди.
5 Ерихода пайғамбарлар гуруҳи Элишайнинг олдига келиб, ундан: — Эгамиз бугун ҳазратингни олиб кетади, буни биласанми? — деб сўрашди. — Биламан, — деди Элишай, — лекин менга бу тўғрида гапирманглар.
6 Кейин Илёс Элишайга: — Сен шу ерда қол, Эгамиз менга, Иордан дарёсига бор, деб амр берган, — деди. — Худо шоҳид! Онт ичиб айтаманки, сиздан ҳечам айрилмайман, — деди Элишай. Шундай қилиб, икковлари жўнаб кетишди.
7 Пайғамбарлардан элликтаси келиб, узоқроқда Илёс билан Элишайнинг рўпарасида тўхтадилар. Иккови эса Иордан дарёси бўйида турардилар.
8 Бир пайт Илёс чакмонини олди–да, бураб эшиб, сувга урган эди, сув икки томонга сурилиб, йўл очилди. Икковлари қуруқ жойдан ўтдилар.
9 Улар нариги қирғоққа ўтиб олишгач, Илёс Элишайга деди: — Мени ҳадемай Эгамиз олиб кетади. Айт, шу воқеа юз бермасдан олдин сен учун нима қилай? Шунда Элишай: — Илтимос, сизнинг пайғамбарлик руҳингиздан менга икки ҳисса кўп мерос қолсин, токи сизнинг издошингиз бўлай, — деди.
10 — Қийин нарсани сўраяпсан, — деди Илёс. — Майли, агар мен ёнингдан кўтарилиб кетаётганимни кўра олсанг, истаганинг бажо бўлади. Агар кўра олмасанг, бажо бўлмайди.
11 Улар йўлда суҳбатлашиб кетишаётган эди, бирдан олов отлар қўшилган олов арава пайдо бўлиб, уларнинг ўртасига елдек учиб келди. Илёс қуюн ичида осмонга чиқиб кетди. Шундай қилиб, икковлари бир–бирларидан айрилдилар.
12 Элишай буни кўриб Илёсга хитоб қилди: — Отам! Отам! Сиз Исроилнинг қудратли ҳимоячиси эдингиз! Исроилнинг жанг араваси ва отлиқ лашкари каби эдингиз–а! Қаёққа кетиб қолдингиз–а! Элишай Илёсни бошқа кўра олмагани учун эгнидаги кийимини иккига бўлиб ташлади.
13 Илёснинг эгнидан чакмони тушиб қолган эди. Элишай ўша чакмонни олиб орқасига қайтиб, Иордан дарёси қирғоғига келди.
14 Элишай Илёснинг чакмонини сувга уриб: “Эгам Илёсга қилганидай, мен учун ҳам мўъжиза кўрсатадими?” — деди. Элишай чакмонини яна сувга урган эди, дарё суви икки томонга сурилиб йўл очилди. Элишай ўша жойдан ўтиб кетди.
15 Ерихолик пайғамбарлар гуруҳи олисдан Элишайни кўриб: — Элишайда Илёснинг руҳи бор, — деб Элишайга пешвоз чиқдилар. Уни кутиб олдилар, ер ўпиб унга таъзим қилдилар.
16 Сўнгра пайғамбарлар Элишайга: — Биз, қулларингизда элликта бақувват одам бор, — дедилар. — Ижозат беринг, улар бориб, ҳазратингизни излашсин. Балки Эгамизнинг Руҳи уни бирор тоққа ёки водийга бошлаб кетгандир. — Йўқ, юборманглар, — деди Элишай уларга.
17 Лекин пайғамбарлар гуруҳи илтимос қилавериб, охири уни кўндирдилар. Элишай: “Майли, юборинглар”, деди. Пайғамбарлар гуруҳи элликта одамни жўнатдилар. Одамлар уч кун қидириб, Илёсни топа олмаганларидан кейин,
18 Элишайнинг ёнига қайтиб келдилар. Элишай бу пайтда Ерихода эди. Элишай уларга: — Сизларга, борманглар, деб айтмаганмидим?! — деди.
19 Ўша шаҳарнинг аҳолиси Элишайга мурожаат қилди: — Ҳазратимиз кўриб турганларидай, шаҳар яхши ерга жойлашган, лекин суви яхши эмас, ери ҳам ҳосил бермайди.
20 Шунда Элишай: — Менга янги косага туз солиб беринглар, — деди. Улар Элишайнинг айтганини бердилар.
21 Элишай булоқ бошига чиқиб, тузни сувга ташлади–да, шундай деди: — Эгамиз шундай айтмоқда: “Мен бу сувни тоза қилдим, энди бу сув туфайли ҳечам ўлим бўлмайди, бундан буён ерингиз ҳам ҳосил беради.”
22 Элишай айтганидек, сув тоза бўлди ва ҳозиргача тозадир.
23 Шундан кейин Элишай у ердан Байтил шаҳрига йўл олди. У йўлда кетаётган эди, Байтилдан чиққан ёш болалар унга эргашиб: — Жўнаб қол, йўқол, кал! Жўнаб қол, кал! — деб уни масхара қилишди.
24 Элишай орқасига қайрилиб, болаларга қаради ва уларни Эгамизнинг номи билан қарғади. Шу пайт ўрмондан иккита урғочи айиқ чиқиб, болалардан қирқ иккитасини бурда–бурда қилиб ташлади.
25 Элишай бу ердан Кармил тоғига кетди, у ердан эса Самарияга қайтди.