Шоҳлар (тўртинчи китоб) 18 bob
1 Исроил шоҳи Хўшея ҳукмронлик қилаётганига уч йил бўлганда, Ҳизқиё Яҳудо ҳукмдори бўлди. Ҳизқиё Охознинг ўғли эди.
2 Ҳизқиё йигирма беш ёшида шоҳ бўлди. У Қуддусда йигирма тўққиз йил шоҳлик қилди. Онасининг исми Абиё* бўлиб, Закариёнинг қизи эди.
3 Ҳизқиё, бобоси Довуд каби, Эгамиз олдида тўғри ишлар қилди.
4 У саждагоҳларни йўқотди, бутсимон тошларни парчалаб ташлади, Ашеранинг устунларини кесди. Мусо бронзадан ясаган Нахуштон номли илон тасвирини ҳам синдирди. Чунки Исроил халқи ўша кунгача бронза илон тасвирига қурбонлик келтирарди.
5 Ҳизқиё Исроил халқининг Худосига — Эгамизга ишонарди. Ҳизқиёгача ҳам, ундан кейин ҳам Яҳудо шоҳлари орасида унга ўхшагани бўлмади.
6 Ҳизқиё Эгамизга ниҳоятда содиқ бўлиб, Унинг йўлларидан озмади. Эгамиз Мусога берган амрларни бажарди.
7 Эгамиз Ҳизқиё билан эди. Ҳизқиё нима иш қилмасин, Эгамиз унга барака берди. У Оссурия шоҳига итоат қилмай, унга қарши бош кўтарди.
8 Ҳамма жойда — Ғазо ва унинг атрофларигача, қишлоқлардан тортиб, мустаҳкам шаҳаргача бўлган жойларда Филистларни мағлуб қилди.
9 Ҳизқиё ҳукмронлигининг тўртинчи йилида Оссурия шоҳи Шалманасар Самарияга ҳужум қилиб, қамал қилди. Бу пайтда Исроил шоҳи Хўшея еттинчи йил шоҳлик қилаётган эди.
10 Қамалнинг учинчи йилида Самария қулади. Ҳизқиё ҳукмронлигининг олтинчи йилида ва Исроил шоҳи Хўшея ҳукмронлигининг тўққизинчи йилида Шалманасар Самарияни олди.
11 Оссурия шоҳи Исроил халқини Оссурияга кўчириб, уларни Халах шаҳрига, Хавор дарёси бўйидаги Гозан ҳудудига ва Мидия шаҳарларига жойлаштирди.
12 Улар ўзларининг Эгаси Худога итоат этмай, Унинг аҳдини бузганлари учун шу ҳодисалар юз берганди. Худонинг Ўз қули Мусо орқали берган бирорта амрига улар қулоқ солмадилар, ҳеч бирини бажармадилар.
13 Ҳизқиё ҳукмронлигининг ўн тўртинчи йилида Оссурия шоҳи Санхарив Яҳудо юртига ҳужум қилди. Унинг ҳамма мустаҳкам шаҳарларини босиб олди.
14 Яҳудо шоҳи Ҳизқиё Лахиш шаҳрида турган Оссурия шоҳига шундай хабар юборди: “Мен айбдорман, менинг юртимдан кетинг, нимани талаб қилсангиз, рози бўламан.” Оссурия шоҳи Яҳудо шоҳи Ҳизқиёни 640 пуд кумуш ва 64 пуд олтинни ўлпон қилиб тўлашга мажбур қилди.
15 Ҳизқиё ҳамма кумушни Эгамизнинг уйидан ва шоҳ саройининг хазиналаридан топиб, унга берди.
16 Ҳизқиё яна Эгамизнинг уйи эшиклари билан эшик кесакилари устига илгари ўзи қоплатган олтин қопламаларни ҳам чиқариб олиб, Оссурия шоҳига берди.
17 Кейин Оссурия шоҳи ўзининг бош қўмондони, бош вазири ва мулозими бошчилигида катта лашкарни Лахишдан Қуддусга, шоҳ Ҳизқиёнинг устига сафарбар қилди. Лашкар Қуддусга бораётиб, Юқори ҳовуз ариғи ёнида тўхтади. Бу ариқ кир ювувчининг даласига борадиган йўл ёнида эди.
18 Улар шоҳ Ҳизқиёга хабарчи юборган эдилар, Хилқиё ўғли Элияқим, Шавна ва Осиф ўғли Йўх Қуддусдан чиқиб, Оссурияликларнинг ёнига бордилар. Шоҳ Ҳизқиёнинг саройида Элияқим бош вазир бўлиб, Шавна котиб, Йўх эса мушовир бўлиб хизмат қилар эдилар.
19 Мулозим уларга шундай деди: “Улуғ Оссурия шоҳининг шу гапларини Ҳизқиёга етказинг: «Нимангга ишоняпсан ўзи?
20 Ҳарбий маҳоратингдан ва куч–қудратингдан гапиряпсан, лекин булар қуруқ гаплар–ку. Кимингга ишониб менга итоат этмаяпсан?
21 Ҳа, сен Мисрга ишоняпсан. Лекин Миср ёриқ қамишдан қилинган ҳассага ўхшайди–ку. Унга суянсанг, қўлингга санчилади. Миср фиръавнига ишонганларнинг ҳаммаси шу аҳволга тушади.
22 Балки сизлар: ‘Биз Эгамиз Худога ишонамиз’, деб айтарсизлар менга. Ахир, Ҳизқиё ўша Эгангизнинг саждагоҳу қурбонгоҳларини бузиб ташлаб, Яҳудо халқига ва Қуддусликларга: ‘Фақатгина Қуддусдаги қурбонгоҳнинг олдида сажда қилинглар’, деб айтган экан–ку!»
23 Келинглар, энди жаноби олийлари Оссурия шоҳи номидан сизлар билан бир гаров ўйнайлик. Биз сизларга икки мингта от берамиз, қани, уларни минишга одам топинглар–чи!
24 Қани, кўрайлик–чи, шоҳимнинг қуллари орасидаги энг кичик бир лашкарбошисини мағлуб қила оласизми?! Ахир, ўзингиз Мисрнинг жанг араваларию отлиқларига умид боғлаб ўтирибсиз.
25 Қолаверса, бизни Эгангизнинг хоҳишисиз бу юртни вайрон қилишга келган, деб ўйлайсизларми? Эгангизнинг Ўзи бизга: «Ўша жойга бориб, у ерни вайрон қилинглар», деб амр берган–ку!”
26 Хилқиё ўғли Элияқим, Шавна ва Йўх Оссуриялик мулозимга: — Бу қулларингга орамийча* гапиравер, орамийчани тушунамиз. Ибронийча гапирма. Тағин девор устидагилар бизнинг гапимизни эшитиб қолмасин, — дедилар.
27 Мулозим эса шундай жавоб берди: — Шоҳим бу сўзларни фақат ҳукмдорингизга ва сизларга гапирсин деб, мени юборибдими?! Девор устида тўпланган одамларга ҳам гапиряпман–да. Улар ҳам, сизлар каби, тезакларини еб, сийдикларини ичишга гирифтор қилинган.
28 Сўнгра у тик туриб, баланд овоз билан ибронийча гапирди: “Улуғ Оссурия шоҳининг гапларини эшитинг!
29 Шоҳ ҳазратлари шундай айтмоқда: Ҳизқиё сизларни йўлдан урмасин. У барибир сизларни менинг қўлимдан қутқара олмайди.
30 «Эгамиз бизни албатта қутқаради, бу шаҳар Оссурия шоҳи қўлига таслим бўлмайди», деб Ҳизқиё сизларни Эгангиздан умидвор қилмасин.
31 Шоҳингиз Ҳизқиёга қулоқ солманглар. Мана, Оссурия шоҳи айтмоқда: мен билан сулҳ тузиб, менинг олдимга чиқинглар. Шунда ҳар кимга ўз узумзорию анжир дарахти ҳосилидан ейишга, ўз сардобасидан сув ичишга ижозат берилади.
32 Сўнгра мен сизларни ўз ўлкангизга ўхшаган бир юртга олиб бораман. У жой буғдой, шароб, нон, узумзорларга, зайтун мойи ва асалга бой юртдир. Ўлимни эмас, ҳаётни танланглар. «Эгамиз бизни қутқаради», деб сизларни алдамоқчи бўлган Ҳизқиёга қулоқ солманглар.
33 Қайси халқнинг худоси ўз юртини мен, Оссурия шоҳининг қўлидан қутқарибди?!
34 Хомат билан Арпад шаҳарларининг худолари қани?! Сефарвайимнинг, Хана ва Иввахнинг худолари–чи?! Бирорта худо Самарияни менинг қўлимдан қутқара олмади–ку!
35 Жамики халқларнинг худоларидан қайси бири ўз юртини менинг қўлимдан қутқарибдики, Эгангиз Қуддусни қутқара олса?!”
36 Аммо халқ жим тураверди. Биронтаси ҳам жавоб бермади. Чунки шоҳ Ҳизқиё: “Унинг гапига жавоб қайтарманглар”, деб фармон берган эди.
37 Шундан кейин бош вазир Элияқим, котиб Шавна ва мушовир Йўх қайғудан либосларини йиртиб, Ҳизқиёнинг олдига келдилар–да, Оссуриялик мулозимнинг гапларини Ҳизқиёга айтиб бердилар.