Шоҳлар (тўртинчи китоб) 17 bob
1 Яҳудо шоҳи Охоз ҳукмронлик қилаётганига ўн икки йил бўлганда, Хўшея Самарияда Исроил шоҳи бўлди ва тўққиз йил ҳукмронлик қилди. Хўшея Элохнинг ўғли эди.
2 У Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилган бўлса ҳам, ўзидан олдин ўтган Исроил шоҳлари қадар эмасди.
3 Оссурия шоҳи Шалманасар Хўшеяга қарши уруш очди. Хўшея таслим бўлиб, Шалманасарга ўлпон тўлай бошлади.
4 Лекин кейинроқ Хўшея Миср фиръавни Сўвахдан ёрдам сўраб хабарчилар жўнатди ва Оссурия шоҳига ҳар йили тўлаши керак бўлган ўлпонни тўламай қўйди. Хўшеянинг хоинлик қилганини Оссурия шоҳи билиб қолди, шунинг учун уни тутиб, зиндонга ташлади.
5 Шалманасар Исроил ерларига ҳужум қилиб, Самарияни уч йил қамал қилиб турди.
6 Хўшея ҳукмронлигининг тўққизинчи йилида Оссурия шоҳи Самарияни қўлга киритиб, Исроил халқини Оссурияга кўчирди. Уларни Халах шаҳрига, Хавор дарёси бўйидаги Гозан ҳудудига ва Мидия шаҳарларига жойлаштирди.
7 Исроил халқи ўзларини Миср фиръавни ҳукмронлигидан халос қилиб, Мисрдан олиб чиққан Эгаси Худога қарши гуноҳ қилган эдилар. Уларнинг бошига келган жамики ғам–кулфатларнинг сабаби шу эди. Ўша пайтларда Исроил халқи бегона худоларга сажда қилишар,
8 Канъон юртидан Эгамиз қувган қавмларнинг одатларига ва Исроил шоҳлари ўзларича жорий қилган одатларга биноан яшардилар.
9 Ўзларининг Эгаси Худога маъқул келмайдиган ишларни қилардилар. Ҳамма ерда — қишлоқлардан тортиб, мустаҳкам шаҳаргача бўлган жойларда саждагоҳлар қурган эдилар.
10 Ҳар бир тепаликнинг устига, ҳар бир яшил дарахтнинг остига бутсимон тошларни, Ашерага атаб устунларни ўрнатган эдилар.
11 Канъон юртидан Эгамиз қувиб юборган халқлар сингари, Исроил халқи ҳамма саждагоҳларда қурбонликлар қилишарди. Улар қабиҳ ишлари билан Эгамизни ғазаблантирардилар.
12 Эгамиз: “Бундай ишларни қилманглар”, деб айтганига қарамасдан, бутларга хизмат қилаверардилар.
13 Эгамиз Исроил ва Яҳудо халқини ҳамма пайғамбарлар, валийлар орқали огоҳлантириб, уларга шундай амр берган эди: “Қабиҳ йўлларингиздан қайтинглар. Менинг амрларимга, фармонларимга итоат этинглар! Мен ҳамма қонунларимни ота–боболарингизга берганман, пайғамбар бўлган қулларим орқали сизларга юборганман.”
14 Аммо Исроил халқи қулоқ солмасди. Улар оталари каби ўжарлик қилавердилар, ўзларининг Эгаси Худога ишонмас эдилар.
15 Эгамизнинг фармонларидан, огоҳлантиришларидан ва оталари билан қилган аҳдидан юз ўгириб, бетайин худоларга сажда қилгани учун ўзлари ҳам бетайин бўлиб қолгандилар. Эгамиз: “Атрофингиздаги халқларга ўхшаб яшаманглар”, деб уларга амр берса ҳам, ўша халқларнинг одатларига кўра, яшайверардилар.
16 Исроил халқи ўзларининг Эгаси Худонинг ҳамма амрларидан юз ўгирганди. Улар топингани иккита бузоқ тасвирини ва Ашеранинг устунини ясадилар. Барча самовий жисмларга сажда қилиб, Баалга хизмат этардилар.
17 Ўғилларини, қизларини қурбонлик қилиб, оловда куйдирардилар*, фол очтириб, таъбирчиларга эътиқод қилардилар. Эгамиз олдида қабиҳ ишларга муккасидан кетиб, Эгамизни ғазаблантиравердилар.
18 Эгамиз Исроил халқидан қаттиқ ғазабланиб, уларни Ўзининг ҳузуридан чиқариб ташлаганди. Яҳудо халқидан ташқари биронта қабила Эгамизнинг ҳузурида қолмаган эди.
19 Ҳатто Яҳудо халқи ҳам ўзларининг Эгаси Худонинг амрларига риоя қилмай қўйганди. Улар Исроил халқининг қабиҳ одатларига тақлид қилдилар.
20 Оқибатда Эгамиз Исроилнинг ҳамма қавмидан юз ўгирди. Уларни талончиларнинг қўлига бериб, жазолади. Охири, ҳаммасини ҳузуридан улоқтириб ташлади.
21 Дарвоқе, Эгамиз Довуд хонадонидан Исроилни тортиб олгандан кейин, Исроил халқи Набат ўғли Ерибомни шоҳ қилган эди. Ерибом Исроил халқини Эгамизнинг йўлидан оздириб, оғир гуноҳга ботирди.
22 Исроил халқи Ерибом қилган ҳамма гуноҳларга эргашди, бу гуноҳлардан қайтмади.
23 Натижада Эгамиз пайғамбар қуллари орқали айтганидай, Исроил халқини Ўз ҳузуридан қувган ва Исроил халқи ўз юртларидан Оссурияга сургун қилинган эдилар. Улар бугунгача ўша ерда яшайдилар.
24 Оссурия шоҳи Бобилдан, Гўсах, Иввах, Хомат ва Сефарвайим шаҳарларидан одамларни олиб келиб, Самария шаҳарларида Исроил халқи ўрнига жойлаштирди. Улар Самарияни эгаллаб, Самария шаҳарларида истиқомат қила бошладилар.
25 Улар бу жойларга дастлаб ўрнашганларида, Эгамизга сажда қилмадилар. Шунинг учун Эгамиз Самария шаҳарларига арслонлар юборди. Арслонлар ўша халқлардан баъзи одамларни ўлдирди.
26 Сўнгра Самариядан Оссурия шоҳига қуйидагича хабар жўнатилди: “Сиз Самария шаҳарларига кўчириб келиб ўрнаштирган халқлар бу юрт худосининг қонун–қоидаларини билмаяптилар. Шунинг учун ўша худо бу ерга арслонлар юборяпти, одамлар эса арслонларга ем бўляпти.”
27 Шундан кейин Оссурия шоҳи қуйидагича фармон берди: “Самариядан асир қилиб олиб кетилган руҳонийлардан бирортасини ўша ерга қайтариб юборинглар. Руҳоний ўша юртга бориб яшасин ва Самариянинг худоси қонун–қоидаларини ўша ердаги халқларга ўргатсин.”
28 Самариядан кўчириб юборилган руҳонийлардан бири қайтиб келиб, Байтилда истиқомат қила бошлади. У ўша ерда ўрнашган халқларга Эгамизга қандай сажда қилишни ўргатишга киришди.
29 Лекин Самария шаҳарларига жойлашган ҳар бир халқ ўз худоларининг тасвирини ясайверди. Исроил халқи Самарияда яшаганда барпо қилган саждагоҳларга ўша худоларнинг тасвирини қўйдилар.
30 Бобилликлар худо Сухотванотнинг, Хутликлар худо Наргалнинг, Хоматликлар худо Ошиманинг,
31 Иввахликлар эса худолар Нивхаз ва Тартоқнинг тасвирларини ясаб, ўша худоларга сажда қилдилар. Сефарвайимликлар ўзларининг худолари Одраммалек ва Анаммалекка болаларини куйдириб қурбонлик қилдилар.
32 Улар ҳам Эгамизга сажда қилдилар, айни пайтда ўз худоларининг саждагоҳларида хизмат қилиш учун ораларидан руҳонийлар ҳам сайлаб олдилар.
33 Улар Эгамизга сажда қилиш билан бирга, ўзлари олдин яшаган она юртининг одатларига мувофиқ ўз худоларига ҳам хизмат қилавердилар.
34 Ўша халқлар бугунгача эски одатлари бўйича яшаб келадилар: на Эгамиздан қўрқадилар, на Эгамиз Ёқубга, яъни Исроил наслига берган фармонларни, қоидаларни, қонун ва амрларни бажарадилар.
35 Илгарилари Эгамиз Исроил халқи билан аҳд тузиб, шундай амр этган эди: “Бегона худоларга сажда қилманглар, таъзим қилманглар, у худоларга хизмат қилманглар, қурбонлик келтирманглар.
36 Фақат Менга сажда қилинглар! Мен, Эгангиз, буюк қудратим ва ажойиботларим билан сизларни Мисрдан олиб чиққанман. Менга таъзим қилиб, қурбонлик келтиринглар.
37 Сизлар учун ёзган фармонларимни, қоидаларимни, қонунларимни ва амрларимни то абад ижро этинглар, бегона худоларга сажда қилманглар.
38 Сизлар билан тузган аҳдимни унутманглар, бегона худоларга сажда қилманглар.
39 Фақат Мен, Эгангиз Худогагина сажда қилинглар. Ҳамма ғанимларингиз қўлидан сизларни халос қиладиган Менман.”
40 Шунга қарамай, Самарияга ўрнашган халқлар Эгамизнинг амрларига қулоқ солмасдан эски одатларига кўра, яшайвердилар.
41 Бу халқлар бир пайтнинг ўзида ҳам Эгамизга сажда қилар, ҳам ўйиб ишланган тасвирларга хизмат қилардилар. Уларнинг болалари ва набиралари ҳам бугунгача оталари каби яшайдилар.