Шоҳлар (тўртинчи китоб) 15 bob
1 Ёрубом Исроилда ҳукмронлик қилаётганига йигирма етти йил бўлганда, Уззиё Яҳудо шоҳи бўлди. Уззиё Эмозиёнинг ўғли эди.
2 Уззиё шоҳ бўлганда, ўн олти ёшда эди. У Қуддусда эллик икки йил ҳукмронлик қилди. Онаси Қуддуслик бўлиб, исми Ёхолиё эди.
3 Уззиё ҳам, отаси Эмозиё каби, Эгамиз олдида тўғри ишлар қилди.
4 Лекин саждагоҳлар ҳамон йўқ қилинмаган, халқ ўша жойларда ҳали ҳам қурбонликлар келтириб, тутатқи тутатарди.
5 Эгамиз Уззиёни жазолаб, тузалмас тери касаллигига йўлиқтирди. Уззиё умрининг охиригача бир уйда ёлғиз яшади. Юртдаги халқни ҳам, шоҳ саройини ҳам ўғли Йўтом бошқарарди.
6 Уззиёнинг бошқа ишлари, бутун фаолияти “Яҳудо шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.
7 Уззиё оламдан ўтиб, Довуд қалъасида, ота–боболари ёнига дафн қилинди. Унинг ўрнига ўғли Йўтом шоҳ бўлди.
8 Уззиё Яҳудода шоҳлик қилаётганига ўттиз саккиз йил бўлганда, Закариё Самарияда Исроил шоҳи бўлди ва олти ой ҳукмронлик қилди. Закариё Ёрубомнинг ўғли эди.
9 У ҳам, оталари каби, Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилиб, Исроилни гуноҳга ботирган Набат ўғли Ерибом қилган гуноҳларга эргашди.
10 Шаллум деган одам Закариёга қарши фитна уюштирди. Шаллум Ёбош деганнинг ўғли эди. Ҳамманинг олдида Закариёни ўлдириб, ўрнига ўзи шоҳ бўлди.
11 Закариёнинг бошқа ишлари “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.
12 Шундай қилиб, Эгамизнинг Ёҳуга: “Сенинг наслинг тўртинчи авлодигача Исроил тахтида ўтиради”, деб айтган ваъдаси амалга ошди.
13 Уззиё Яҳудода шоҳлик қилаётганига ўттиз тўққиз йил бўлганда, Шаллум Исроил шоҳи бўлди ва Самарияда бир ой ҳукмронлик қилди.
14 Манахим деган одам Тирзадан Самарияга келиб, Шаллумга суиқасд уюштирди. Манахим Гади деганнинг ўғли эди. Манахим Шаллумни ўлдириб, ўрнига ўзи шоҳ бўлди.
15 Шаллумнинг бошқа ишлари ва у қилган фитна ҳақида “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.
16 Ўшанда Тифсах аҳолиси таслим бўлмагани учун Манахим Тирзадан жўнаб кетди–да, бориб Тифсах шаҳри ва унинг атрофидаги қишлоқларни қирди. Ҳатто ҳомиладор аёлларнинг қоринларини ёриб ташлади.
17 Уззиё Яҳудода шоҳлик қилаётганига ўттиз тўққиз йил бўлганда, Гади ўғли Манахим Исроил шоҳи бўлган эди. Манахим Самарияда ўн йил ҳукмронлик қилди
18 У Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилиб, Исроилни гуноҳга ботирган Набат ўғли Ерибом қилган гуноҳларга умри бўйи эргашди.
19 Шундан кейин Оссурия шоҳи Тиғлатпиласар Исроил ерларига ҳужум қилди. “Тиғлатпиласар мени қўллаб–қувватласин, ўзим шоҳ бўлиб қолай” деган мақсадда Манахим унга 2000 пуд кумуш берди.
20 Манахим Исроилдаги ҳамма бойларни одам бошига эллик кумуш тангадан* тўлашга мажбур қилиб, Оссурия шоҳига берилган кумушнинг ўрнини қоплади. Шундан сўнг Оссурия шоҳи Исроил ерларидан чиқиб, юртига қайтиб кетди.
21 Манахимнинг бошқа ишлари, унинг бутун фаолияти “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.
22 Манахим оламдан ўтгач, ўрнига ўғли Пакахиё шоҳ бўлди. И
23 Уззиё Яҳудода шоҳлик қилаётганига эллик йил бўлганда, Пакахиё Самарияда Исроил шоҳи бўлди ва икки йил ҳукмронлик қилди. Пакахиё Манахимнинг ўғли эди.
24 Пакахиё Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилиб, Исроилни гуноҳга ботирган Набат ўғли Ерибом қилган гуноҳларга эргашди.
25 Пеках деган лашкарбоши Пакахиёга қарши фитна уюштирди. Пеках Рамалиё деган одамнинг ўғли эди. Пеках ёнига Гиладлик элликта одамни олиб, Самариядаги шоҳ саройининг қалъасида Пакахиёни, Аргоб ва Орейни ўлдирди. Унинг ўрнига Пекахнинг ўзи шоҳ бўлди.
26 Пакахиёнинг бошқа ишлари, бутун фаолияти “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.
27 Уззиё Яҳудода шоҳлик қилаётганига эллик икки йил бўлганда, Пеках Самарияда Исроил шоҳи бўлди ва йигирма йил ҳукмронлик қилди.
28 У Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилиб, Исроилни гуноҳга ботирган Набат ўғли Ерибом қилган гуноҳларга эргашди.
29 Исроил шоҳи Пеках даврида Оссурия шоҳи Тиғлатпиласар* бостириб келиб, Исроилнинг Ийхон, Овил–Байт–Махо, Ёнох, Кедеш, Хазор шаҳарлари билан бирга Гилад, Жалила ва бутун Нафтали ҳудудларини қўлга киритди ҳамда бу ерлардаги халқни Оссурияга асир қилиб олиб кетди.
30 Яҳудо шоҳи Йўтом ҳукмронлигининг йигирманчи йилида Хўшея Пекахга фитна уюштириб, уни ўлдирди ва ўрнига ўзи шоҳ бўлди. Хўшея Элох деганнинг ўғли эди.
31 Пекахнинг бошқа ишлари, бутун фаолияти “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.
32 Исроил шоҳи Пеках ҳукмронлик қилаётганига икки йил бўлганда, Йўтом Яҳудо шоҳи бўлди. Йўтом Уззиёнинг ўғли эди.
33 Йўтом йигирма беш ёшида шоҳ бўлиб, Қуддусда ўн олти йил ҳукмронлик қилди. Онасининг исми Еруша бўлиб, у Зодўхнинг қизи эди.
34 Йўтом, отаси Уззиё каби, Эгамиз олдида тўғри ишлар қилди.
35 Аммо саждагоҳлар ҳамон йўқ қилинмаган, халқ ўша саждагоҳларда қурбонликлар келтириб, тутатқи тутатарди. Йўтом Эгамиз уйининг Юқори Дарвозасини қурди.
36 Йўтомнинг бошқа ишлари, бутун фаолияти ҳақида “Яҳудо шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.
37 Ўша кунларда Орам шоҳи Ратан билан Исроил шоҳи Пекахнинг Яҳудога ҳужум қилишларига Эгамиз йўл қўйиб берди.
38 Йўтом оламдан ўтиб, бобоси Довуд қалъасида, ота–боболари ёнига дафн қилинди. Унинг ўрнига ўғли Охоз шоҳ бўлди.