Шоҳлар (тўртинчи китоб) 14 bob
1 Исроил шоҳи Ёҳўш ҳукмронлигининг иккинчи йилида Эмозиё Яҳудо шоҳи бўлди. Эмозиё Йўшнинг ўғли эди.
2 Эмозиё шоҳ бўлганда, йигирма беш ёшда эди. У Қуддусда йигирма тўққиз йил ҳукмронлик қилди. Онаси Қуддуслик бўлиб, исми Ёҳуваддон эди.
3 Эмозиё Эгамиз олдида тўғри ишлар қилса ҳам, бобоси Довуд каби эмасди. У ҳар қандай ишни отаси Йўш каби қилди.
4 Шу боисдан саждагоҳлар ҳамон йўқ қилинмаган, халқ у ерларда ҳали ҳам қурбонликлар келтириб, тутатқи тутатарди.
5 Эмозиё ўз шоҳлигини мустаҳкамлаб олгандан кейин, отасини ўлдирган аъёнларни йўқ қилди.
6 Бироқ Мусонинг Таврот китобида ёзилганига кўра, қотилларнинг болаларини ўлдирмади, чунки Эгамиз: “Оталар фарзандларининг гуноҳи учун ўлдирилмасин, фарзандлар оталарининг гуноҳи учун ўлдирилмасин, ҳар ким ўзининг гуноҳи учунгина жазолансин”, деб амр қилган эди.
7 Эмозиё Туз водийсида ўн мингта Эдом сипоҳини ўлдирди. Села шаҳрини жанг қилиб қўлга қиритди ва у ерга Ёхтал деб ном берди. Ўша жой ҳозир ҳам шу ном билан юритилади.
8 Шундан сўнг Эмозиё Исроил шоҳи Ёҳўшга хабарчилар жўнатиб: “Қани, менга жанг майдонида рўбарў келиб кўр–чи”, деди.
9 Исроил шоҳи Ёҳўш эса бунга жавобан Яҳудо шоҳи Эмозиёга шу хабарни жўнатди: “Лубнон тоғларида бир ғовтикан садр дарахтига, қизингни ўғлимга хотинликка бер, деб хабар йўллабди. Ўша пайтда бир йиртқич ҳайвон ўша ердан ўтиб кетаётиб, ғовтиканни босиб янчиб кетибди.
10 Шунга ўхшаб, сен ҳам Эдом халқини мағлуб этганинг учун мағрурланиб кетдинг, Эмозиё. Ўша шуҳратинг билан кифояланиб, уйингда ўтиравер. Нима учун қитмирлик қиляпсан? Ўз бошингни ҳам, Яҳудо халқининг бошини ҳам балога гирифтор қиляпсан!”
11 Лекин Эмозиё қулоқ солмади. Шунинг учун Исроил шоҳи Ёҳўш Яҳудо шоҳи Эмозиё устига юриш қилди. Иккала томоннинг лашкари Яҳудонинг Байт–Шамаш шаҳрида рўбарў келди.
12 Исроил лашкари Яҳудо лашкарини мағлуб этди. Яҳудо лашкарининг ҳаммаси уйларига қочиб кетди.
13 Исроил шоҳи Ёҳўш Яҳудо шоҳи Эмозиёни Байт–Шамашда асир қилиб олди. Эмозиё Охозиёнинг невараси, Йўшнинг ўғли эди. Сўнг Ёҳўш Қуддусга келиб, Қуддус деворининг Эфрайим дарвозасидан Бурчак дарвозасигача бўлган 400 тирсак қисмини буздирди.
14 Эгамизнинг уйида ва саройнинг хазиналарида топилган олтину кумушни ва ашёларни тортиб олди. Булардан ташқари, асирларни ҳам олиб, Самарияга қайтиб кетди.
15 Ёҳўшнинг бошқа ишлари, Яҳудо шоҳи Эмозиё билан жанг қилганда кўрсатган қаҳрамонликлари ҳақида “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.
16 Ёҳўш оламдан ўтди. У Самарияда ота–боболари — Исроил шоҳлари ёнига дафн қилинди. Унинг ўрнига ўғли Ёрубом шоҳ бўлди.
17 Яҳудо шоҳи Эмозиё Исроил шоҳи Ёҳўшнинг ўлимидан кейин ўн беш йил яшади.
18 Эмозиёнинг бошқа ишлари ҳақида “Яҳудо шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.
19 Қуддусда Эмозиёга қарши фитна уюштирилди. Эмозиё бундан хабар топиб, Лахиш шаҳрига қочди. Аммо душманлари Эмозиёнинг ортидан одам юбориб, уни ўша ерда ўлдиртирдилар.
20 Эмозиёнинг жасадини отда Қуддусга олиб келдилар. У Довуд қалъасида, ота–боболарининг ёнига дафн қилинди.
21 Сўнгра Яҳудо халқи ўн олти ёшли Уззиёни отаси Эмозиёнинг ўрнига шоҳ қилиб кўтардилар.
22 Отаси Эмозиё оламдан ўтгач, Уззиё Элет шаҳрини қайтадан Яҳудо ерларига қўшиб олиб, бошқатдан қурди.
23 Яҳудо шоҳи Эмозиё ҳукмронлигининг ўн бешинчи йилида Ёрубом Самарияда Исроил шоҳи бўлди ва қирқ бир йил ҳукмронлик қилди. Ёрубом Ёҳўшнинг ўғли эди.
24 У Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилди ва Исроилни гуноҳга ботирган Набат ўғли Ерибом қилган гуноҳларга эргашди.
25 Ёрубом Лево–Хоматдан Ўлик денгизгача бўлган Исроил ерларини қайтадан қўлга киритди. Зотан, Исроил халқининг Худоси — Эгамиз Ўз қули Юнус пайғамбар орқали бу тўғрида айтган эди. Юнус Амитай деганнинг ўғли бўлиб, у Гат–Хафер шаҳридан эди.
26 Эгамиз Исроил халқи тортаётган ниҳоятда оғир азобларни кўрди. Бу ерда Исроилга ёрдам беришга қодир на қул, на озод қолган эди.
27 Эгамиз Исроил халқи номини ер юзидан ўчиришни истамагани учун Ёрубом орқали уларни қутқарган эди.
28 Ёрубомнинг бошқа ишлари, бутун фаолияти, жангларда кўрсатган қаҳрамонликлари, илгаридан Яҳудога қарашли бўлган Дамашқ ва Хоматни қайтадан Исроил ерларига қўшиб олгани тўғрисида “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.
29 Ёрубом оламдан ўтиб, ота–боболари — Исроил шоҳлари ёнига дафн қилинди. Ўрнига ўғли Закариё шоҳ бўлди.