Шоҳлар (тўртинчи китоб) 12 bob
1 Исроил шоҳи Ёҳу ҳукмронлигининг еттинчи йилида Йўш Яҳудо шоҳи бўлган эди. У Қуддусда қирқ йил ҳукмронлик қилди. Онаси Бершеба шаҳридан бўлиб, исми Зибиёх эди.
2 Йўш умри бўйи Эгамиз олдида тўғри ишлар қилди, чунки руҳоний Ёҳайидо унга йўл кўрсатарди.
3 Лекин саждагоҳлар ҳамон йўқ қилинмаган, халқ ҳали ҳам ўша жойларда қурбонлик қилиб, тутатқи тутатарди.
4 Йўш руҳонийларга фармон берди: — Эгамизнинг уйига эҳсон сифатида олиб келинган кумушни, доимий солиқни, ваъда қилинган назрни ва ихтиёрий берилган ҳадяларни тўпланглар.
5 Бу кумушларни руҳонийлар олиб келувчилардан қабул қилиб олиб, Эгамиз уйининг бузилган жойларини тузатишга сарфлашсин.
6 Йўш ҳукмронлигининг йигирма учинчи йилида ҳам руҳонийлар Эгамиз уйининг бузилган жойларини ҳали тузатмаган эдилар.
7 Шундан кейин шоҳ Йўш руҳоний Ёҳайидо билан бошқа руҳонийларни чақириб: — Нимага Эгамизнинг уйини тузатмаяпсизлар? — деди уларга, — энди одамлардан кумуш олманглар. Олган кумушларингизни Эгамизнинг уйини тузатишга беринглар.
8 Руҳонийлар халқдан ўзлари пул йиғмасликка ва Эгамизнинг уйи таъмирланишини назорат қилмасликка рози бўлишди.
9 Руҳоний Ёҳайидо бир қути олиб, қопқоғи устидан тешик очди. Уни қурбонгоҳнинг ёнига — одамлар Эгамизнинг уйига кирадиган жойнинг ўнг томонига жойлаштирди. Остонада қоровул бўлиб турган руҳонийлар Эгамизнинг уйига келтирилган ҳамма кумушни қутига ташлайверишди.
10 Қутида кўп пул йиғилгандан кейин, шоҳнинг мирзаси билан олий руҳоний келиб, Эгамизнинг уйига келтирилган кумушларни қопларга солиб тортишарди.
11 Тортилган кумушлар Эгамизнинг уйидаги ишларнинг бошида турган одамларга бериларди. Улар эса бу кумушларни Эгамизнинг уйида ишлаётган дурадгор ва бинокорларга,
12 тош терувчиларга, сангтарошларга тўлашар, уйни тузатмоқ учун ёғоч ва тош сотиб олишга ишлатишар, уйни тузатишга керак бўлган бошқа ашёларга сарф қилишарди.
13 Эгамизнинг уйида йиғилган кумуш бу жой учун кумуш тоғоралар, қайчилар, тоғорачалар ва карнайлар, ҳар хил олтин ёки кумуш буюмлар ясашга сарф қилинмади.
14 Бу кумушнинг ҳаммаси ишловчиларга тўлашга ва уйни тузатишга сарф қилинди.
15 Эгамизнинг уйида ишловчиларга пул тақсимлайдиган одамлардан ҳисоб–китоб талаб қилинмади, чунки улар ҳалол ишлашди.
16 Айб ва гуноҳ қурбонликларига қўшиб, зарарни қоплаш учун бериладиган пул эса Эгамизнинг уйига олиб киритилмасди. Бу пул руҳонийларга тегишли эди.
17 Ўша пайтда Орам шоҳи Хазайил Гат шаҳрига ҳужум қилиб, шаҳарни қўлга киритди. Кейин Қуддусга ҳужум қилмоққа қарор қилди.
18 Яҳудо шоҳи Йўш эса ота–боболари — Яҳудо шоҳлари Ёҳушафатнинг, Ёҳурамнинг, Охозиёнинг ва ўзининг Эгамизга атаган ҳамма муқаддас назрларини, Эгамизнинг уйидан ва сарой хазиналаридан олинган жамики олтинларни Орам шоҳи Хазайилга юборди. Шундан кейин Хазайил Қуддусга ҳужум қилиш қароридан қайтди.
19 Йўшнинг бошқа ишлари, бутун фаолияти “Яҳудо шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.
20 Шоҳ Йўшнинг аъёнлари исён кўтариб, уни Силлога борадиган йўлда — Миллодаги уйда ўлдирдилар.
21 Уни ўлдирганлар Йўшнинг аъёнларидан Шимат деган одамнинг ўғли Йўзабад билан Шўмер деганнинг ўғли Ёҳузабад эдилар. Йўш Довуд қалъасида, ота–боболари ёнига дафн қилинди. Унинг ўрнига ўғли Эмозиё шоҳ бўлди.