ШОҲЛАР (ТЎРТИНЧИ КИТОБ)
Кириш
“Шоҳлар (тўртинчи китоб)”да икки мустақил шоҳлик — Яҳудо ва Исроил шоҳликлари тарихининг давоми баён этилади. Ҳукмронлик қилган шоҳларнинг муваффақияти уларнинг сиёсий ёки иқтисодий ютуқлари билан эмас, балки Худога бўлган садоқати билан баҳоланади. Бу китобда “Шоҳлар (учинчи китоб)” билан бирга Яҳудо ва Исроил тарихининг фақат эътиборга сазовор бўлган муайян воқеалари ва шахслари ҳақида сўз юритилади. Бундан мақсад — тарихда таназзулга юз тутган иккала шоҳликнинг қисмати тўғрисида ҳикоя қилиш орқали китобхонга ахлоқ борасида сабоқ беришдир. Бу иккала шоҳликнинг аҳолиси пайғамбарларга қулоқ солмай, Худодан юз ўгирганлари учун душманларга мағлуб бўлиб, ўз юртларидан сургун қилинади. “Шоҳлар (учинчи китоб)” ва “Шоҳлар (тўртинчи китоб)”нинг асл нусхаси битта ибронийча китоб бўлиб, иккала қисмини битта ўрамга жойлаш узунлик қилгани учун, китоб икки қисмга — “Шоҳлар (учинчи китоб)” ва “Шоҳлар (тўртинчи китоб)”га бўлинган. Китоб асосан, икки қисмдан иборат. Биринчи қисм (1-17–боблар) милоддан олдинги 722 йилгача иккала шоҳликда юз берган воқеаларни ўз ичига олади. Оссурия шоҳлиги Исроилни, яъни шимолий шоҳликни босиб олиб, пойтахти Самарияни йўқ қилади. Фақат Яҳудо, яъни жанубий шоҳлик қолади. Китобнинг иккинчи қисми (18-25–боблар) Яҳудо шоҳлигида милоддан олдинги 586 йилгача юз берган воқеалар баёнидан иборат. Бобил шоҳи Навухадназар Яҳудо юртини босиб олади. Пойтахт Қуддус тамомила вайрон қилиниб, Яҳудо ва Қуддус аҳолисининг кўпчилиги Бобилга асир қилиб олиб кетилади. Қуддуснинг қулаши Исроил тарихида энг даҳшатли воқеалардан бири бўлиб қолади. Аммо китобнинг охирида кўриниб турибдики, Худо итоатсиз халқидан Ўз меҳрини аямайди, У шоҳ Довудга берган ваъдасида туриб, унинг сулоласини асраб қолади. Ёҳайихин деган Яҳудо шоҳи Бобил асирлигидан озод бўлади ва умр бўйи Бобил шоҳи дастурхонидан таом ейди. Китоб Яҳудо халқининг келажагига умид борлигини кўрсатиш билан тугайди.