Шоҳлар (иккинчи китоб) 6 bob
1 Довуд Исроил лашкаридан яна ўттиз минг сараланган одамларини тўплади.
2 Довуд ўз одамлари билан Яҳудодаги Баалах шаҳрига жўнади. Унинг мақсади икки каруб орасида тахт қурган Сарвари Олам — Худонинг Сандиғини олиб келиш эди.
3 Худонинг Сандиғи Абунадавнинг тепаликдаги уйида эди. Сандиқни янги арава устига ортишди. Абунадавнинг ўғиллари Уззох билан Охё Сандиқ ортилган аравани ҳайдаб кетишди.
4 Охё Сандиқнинг олдида бораётган эди.
5 Довуд ва жамики Исроил халқи Эгамизнинг ҳузурида берилиб ўйин–кулги қилаётган эдилар. Улар лира, арфа, чилдирма, шақилдоқ ва зиллар чалиб, қўшиқлар билан бу воқеани байрам қилаётган эдилар.
6 Нохун деган одамнинг хирмонига етиб борганларида, ҳўкизлар қоқилиб кетди. Уззох қўлини узатиб Худонинг Сандиғини ушлаб қолди.
7 Лекин Уззох ҳурматсизлик қилгани учун, Эгамиз ундан ғазабланиб, ўша ердаёқ Уззохни уриб, жонини олди. Уззох Худонинг Сандиғи ёнгинасида жон берди
8 Эгамиз Уззохни нобуд қилгани учун, Довуд қаттиқ ғазабланди. Ўша кундан буён шу жой “Параз–Уззох” деб айтилади.
9 Довуд ўша куни Эгамиздан қўрқиб: “Қандай қилиб Эгамнинг Сандиғини ўзим билан олиб кела олар эканман?” деб ўйлади.
10 Эгамизнинг Сандиғини ўзи билан Довуд қалъасига олиб боришни хоҳламай, уни Гатлик Обидадомнинг уйига ташлаб кетди.
11 Эгамизнинг Сандиғи у ерда уч ой турди. Эгамиз Обидадомга ва унинг бутун хонадонига барака берди.
12 “Эгамиз Ўзининг Сандиғи учун Обидадомнинг бутун хонадонига, унга қарашли ҳамма нарсага марҳамат қилди”, деб шоҳ Довудга хабар етказишди. Шундай қилиб, Довуд бориб, Обидадомнинг уйидан Худонинг Сандиғини ўз қалъасига катта тантана билан олиб келди.
13 Эгамизнинг Сандиғини олиб бораётганлар олти қадам юришганда, Довуд бир буқа билан бир бўрдоқи бузоқни қурбонлик қилди.
14 Довуд Эгамизнинг ҳузурида бутун вужуди билан ўйинга тушарди. У ўшанда руҳонийларнинг муқаддас либосини кийиб олган эди.
15 Довуд билан бутун Исроил халқи севинчли хитоблар, карнай садолари остида Эгамизнинг Сандиғини олиб келишарди.
16 Улар Эгамизнинг Сандиғини Довуд қалъасига олиб киришаётганда, Шоулнинг қизи Михал деразадан қараб турган эди. У Эгамизнинг олдида сакраб ўйнаётган шоҳ Довудни кўрди–ю, ўз кўнглида уни паст кўрди.
17 Довуд Эгамизнинг Сандиғи учун бир чодир ўрнатган эди. Одамлар Сандиқни ўша чодирнинг ичкарисига олиб кириб, махсус тайёрланган жойга қўйишди. Кейин Довуд Эгамизга куйдириладиган қурбонликларни ва тинчлик қурбонликларини келтирди.
18 У қурбонликлар қилиб бўлгандан кейин, Сарвари Олам номидан халқни дуо қилди.
19 Сўнг ҳаммага — эркагу аёлга, жамики Исроил жамоасига бир донадан гардиш нон, бир ҳовучдан хурмо ва бир ҳовучдан майиз тарқатди. Шундан кейин халқ уй–уйига тарқалди.
20 Довуд ўз оиласини дуо қилгани уйига келганда, Шоулнинг қизи — Довуднинг хотини Михал пешвоз чиқиб, Довудга шундай деди: — Бугун Исроил шоҳи қандай ажойиб шуҳратга эришди–я! Худди бемаъни одамлардай, сен ярим яланғоч бўлиб, аъёнларингнинг чўрилари олдида ўзингни кўрсатдинг!
21 — Мен Эгам олдида ўйнадим! — деди Довуд. — У отанг ва унинг бутун хонадонидан мени ортиқ кўрган, Ўз халқи Исроилга мени раҳнамо қилиб танлаган. Ҳа, Эгам олдида албатта ўйнайман,
22 бундан буён ўзимни яна ҳам пастроқ тутаман, уларнинг олдида ўзимни янада ҳам кичик тутаман. Лекин билиб қўй, сен айтган ўша чўрилардан мен шараф топаман.
23 Шоулнинг қизи Михал умрининг охиригача бефарзанд ўтди.