Шоҳлар (иккинчи китоб) 5 bob
1 Жамики Исроил қабилалари Хевронга — Довуднинг ҳузурига келиб шундай дейишди: — Биз ҳам сизнинг жигарингизмиз.
2 Илгари Шоул шоҳимиз бўлганда ҳам, урушларда Исроил лашкарига ўзингиз бош бўлар эдингиз. Эгамиз сизга: “Сен халқим Исроилнинг чўпони бўлиб, уларни боқасан, Исроилга сен раҳнамолик қиласан”, деб айтган эди.
3 Шундай қилиб, Довуд Хевронда Исроил оқсоқоллари билан Эгамиз олдида аҳд қилди. Исроил оқсоқоллари Довуднинг бошига мой суртиб, уни Исроил устидан шоҳ қилиб кўтаришди.
4 Довуд ўттиз ёшида шоҳ бўлиб, қирқ йил шоҳлик қилди:
5 Хевронда етти йилу олти ой Яҳудо устидан, Қуддусда эса ўттиз уч йил бутун Исроил ва Яҳудо устидан шоҳ бўлди.
6 Шоҳ Довуд одамлари билан Қуддусда яшаётган Ёбус халқига қарши отланганда, улар Довудга: “Сен бу ерга кира олмайсан, ҳатто орамиздаги кўрлар билан чўлоқлар ҳам сени орқангга улоқтириб юборади”, дейишди. Ёбус халқи: “Довуд шаҳримизни босиб ололмайди”, деб ўйлаган эди.
7 Аммо Довуд Сион қалъасига бостириб кириб, қалъани эгаллади. Кейинчалик бу қалъага “Довуд қалъаси” деб ном берилди.
8 Ўша куни Довуд одамларига шундай деди: — Кимки Ёбус халқини енгмоқчи бўлса, шаҳарга қувур орқали кириб, “чўлоқ” ва “кўр” Ёбусларга ҳужум қилсин. Уларни кўргани кўзим йўқ. Шу сабабдан: “Кўрлар билан чўлоқлар Худо уйига кирмайди” деган гап пайдо бўлган.
9 Шундай қилиб, Довуд қалъани эгаллаб, бу ерни “Довуд қалъаси” деб атади. У Қуддуснинг шарқ томонидаги Миллодан бошлаб, бутун шаҳар атрофини девор билан ўраб мустаҳкамлади.
10 Довуд тобора кучайиб борарди, чунки Парвардигори Олам — Эгамиз унга ёр эди.
11 Тир шоҳи Хирам Довудга элчилар жўнатиб, садр ёғочларини, дурадгорлар ва тош терувчиларни ҳам йўллади. Улар Довудга бир сарой қуриб беришди.
12 Довуд энди билдики, Эгамиз уни Исроил устидан шоҳ қилиб тайинлаган экан, Эгамиз Ўз халқининг ҳақи–ҳурмати учун унинг шоҳлигини юксалтирган экан.
13 Довуд Хеврондан Қуддусга келгандан кейин, бу ерда яна канизаклар, хотинлар олди, улар Довудга янада кўп ўғил–қизлар туғиб беришди.
14 Довуднинг Қуддусда туғилган фарзандлари қуйидагилар эди: Шаммува, Шўвав, Натан, Сулаймон,
15 Йибхар, Элишува, Нафах, Ёфия,
16 Элишама, Элёдах ва Элифалет.
17 Филистлар: “Исроил халқи Довудга мой суртиб шоҳ қилишибди” деган хабарни эшитишди. Шундан кейин барча Филист лашкари Довудни қидириб жангга отландилар. Довуд бу хабарни эшитиб, муҳофаза қўрғонига чиқди.
18 Филистлар келиб, Рафа водийсида ёйилдилар.
19 Довуд Эгамиздан: — Филистларга ҳужум қилайми? Уларни қўлимга берасанми? — деб сўради. — Ҳужум қил! — деб жавоб берди Эгамиз Довудга, — уларни албатта қўлингга бераман.
20 Шундай қилиб, Довуд Баал–Перазимга кетди ва у ерда Филистларни тор–мор қилди. Кейин шундай деди: — Сув тўғондан тошиб, далани босгани сингари, Эгам ғанимларимни босиб, олдимдан улоқтириб юборди. Шу сабабдан бу ерга “Баал–Перазим”деган ном берилди.
21 Филистлар ўша ерда бутларини ташлаб қочган эдилар, Довуд одамлари билан ўша бутларни олиб кетди.
22 Кўп ўтмай Филистлар яна Рафа водийсига келиб, жангга шай бўлиб туришди.
23 Довуд тағин Эгамизнинг хоҳиш–иродасини сўради. Эгамиз эса шундай жавоб берди: “Олд томонидан ҳужум қилма. Уларнинг орқасига айланиб ўтгин–да, мумиё дарахтлари томондан яқинлашиб бор.
24 Мумиё дарахтлари тепасида Менинг қадамим товушларини эшитганинг заҳоти уларга ҳужум қил. Ўшанда Мен Филист лашкарини йўқ қилиш учун сенинг қаршингдан чиққан бўламан.”
25 Довуд, Эгамиз амр берганидай қилиб, Гебодан Гезер шаҳригача бўлган жойларда Филистларни тор–мор қилди.