Шоҳлар (иккинчи китоб) 24 bob
1 Исроил халқига Эгамиз яна ғазабини сочди. Эгамиз халққа зарар етказмоқчи бўлиб, аҳолини рўйхат қилишга Довудни мажбур этди: “Қани, Исроил ва Яҳудо халқини санаб чиқ”, деди.
2 Шоҳ ёнида турган лашкарбошиси Йўабга шундай буйруқ берди: — Исроилнинг ҳамма қабилаларини — Дандан Бершебагача бўлган жойларни кезиб, халқни санаб чиқинглар, токи қанча аҳоли борлигини мен билайин.
3 Лекин Йўаб шундай деди: — Эгангиз Худо халқнинг ҳозирги сонини юз карра кўпайтирсин, шоҳ ҳазратлари ҳам ўша кунларни кўрсин! Шоҳим нимага буни истаб қолдилар?
4 Лекин Йўаб ва лашкарбошиларнинг сўзидан шоҳнинг сўзи устун келди. Шундан сўнг улар шоҳнинг ҳузуридан чиқиб, Исроил халқини санаш учун кетишди.
5 Улар Иордан дарёсини кечиб ўтишди ва Арор шаҳри ёнида чодир қуриб, ўша ерда истиқомат қиладиган Исроил халқини санашди. Арор шаҳри сойликдан жанубда жойлашган эди. Кейин улар Гад қабиласининг ҳудудига бориб, Язир шаҳрининг аҳолисини санашди.
6 Сўнг Гилад ерларини босиб ўтиб, Тахтим–Ходши ерларига боришди. Сўнгра Данёнга, Данёндан эса Сидон атрофларига айланиб бориб, бу ернинг халқини санашди.
7 Яна Тир қалъасидаги, Хив ва Канъон халқларининг ҳамма шаҳарларидаги Исроил халқини санаб чиқишди. Ниҳоят, жанубга — Яҳудонинг Нагав чўлидаги Бершеба шаҳрига келишди.
8 Улар тўққиз ой ва йигирма кун юртни у бошидан бу бошигача айланиб чиққанларидан кейин Қуддусга қайтиб келишди.
9 Йўаб рўйхат натижасини шоҳга маълум қилди: Исроилда жанг қилишга қодир 800.000 одам, Яҳудода эса 500.000 одам бор экан.
10 Халқни санаб чиққандан сўнг Довуднинг виждони қийналди. — Бу ишни қилиб оғир гуноҳга ботдим, ақлсизларча иш тутдим. Ўтинаман, эй Эгам, бу қулингнинг гуноҳини кечир, — деб илтижо қилди.
11 Эртасига эрталаб Довуд уйқудан тургач, Довуднинг хизматида бўлган валий — Гад пайғамбарга Эгамизнинг шу сўзлари аён бўлди:
12 “Бориб Довудга шу гапларни етказ: «Эгам шундай деб айтмоқда: Мен сенга учта жазони таклиф қиламан, шулардан биттасини танла, кейин сенга ўша жазони юбораман.»”
13 Гад Довуднинг ҳузурига бориб, учта жазони бирма–бир баён қилди: — Юртингда уч йил очарчилик бўлсинми? Ёки сени таъқиб қиладиган ғанимларингдан уч ой қочиб юришни истайсанми? Ё бўлмаса, юртингда уч кун ўлат бўлсинми? Энди яхшилаб ўйла, мени Юборганга нима деб жавоб берайин?
14 — Мен жуда оғир аҳволда қолдим–ку, — деди Довуд Гадга. — Нима бўлса ҳам, одамзоднинг қўлига тушмайин. Майли, Эгамнинг Ўзи бизни жазоласин, чунки У ғоят раҳмдил.
15 Шундай қилиб, Эгамиз ўша куни эрталабдан белгиланган вақтгача Исроил юртига ўлат юборди. Бутун юрт бўйлаб — Дандан Бершебагача бўлган жойда 70.000 киши ўлди.
16 Эгамизнинг фариштаси, Қуддусни йўқ қиламан деб, қўл кўтарганда, Эгамиз раҳм қилиб, бало–қазо жўнатмайдиган бўлди. Халқни қираётган фариштага: — Бўлди, бас! Етади! — деб амр берди. Эгамизнинг фариштаси ўша пайтда Қуддусда — Ёбус халқидан бўлган Аравно деган одамнинг хирмонида эди.
17 Довуд халқни ўлдираётган фариштани кўргач, Эгамизга деди: — Гуноҳ қилган менман, мен айбдорман! Қўйдай беозор бу инсонлар нима айб қилибди? Ғазабингни менга ва отам хонадонига соча қол!
18 Ўша куни Гад Довуднинг ҳузурига борди ва унга: — Ёбус халқидан бўлган Аравнонинг хирмонига бориб, ўша ерда Эгамга атаб бир қурбонгоҳ қургин, — деди.
19 Довуд Гаднинг сўзига кириб, худди Эгамиз амр этганидай, хирмонга борди.
20 Аравно шоҳ билан аъёнларнинг ўзига томон келаётганини кўрди ва Довуднинг олдига бориб, ерга мук тушиб таъзим қилди.
21 — Шоҳ ҳазратлари нечун бу қулининг олдига ташриф буюрдилар? — деб сўради. — Эгамга атаб бир қурбонгоҳ қуриш учун хирмонингни сендан сотиб олгани келдим, токи ўлат халқдан даф бўлсин, — деди Довуд.
22 — Шоҳ ҳазратлари нимани маъқул топсалар, Эгамизга ўшани назр қилсинлар, — деди Аравно. — Ана, куйдириладиган қурбонликлар учун ҳўкизлар, ўтин учун эса хўптир* ва ҳўкизларнинг бўйинтуруқлари бор.
23 Эй шоҳим, буларнинг ҳаммасини сизга инъом этаман. Кейин қўшиб қўйди: — Эгангиз Худо сиздан рози бўлсин!
24 — Бўлмайди! — деди шоҳ. — Сендан бу нарсаларни ўз баҳосида сотиб оламан. Текин тушган қурбонликларни Эгам Худога куйдириб назр қилмайман. Шундан сўнг Довуд хирмонни ва ҳўкизларни эллик кумуш тангага сотиб олди.
25 Довуд ўша ерда Эгамизга атаб қурбонгоҳ қуриб, куйдириладиган қурбонликлар ва тинчлик қурбонликларини атади. Эгамиз эса Исроил юрти учун Довуднинг илтижоларига жавоб берди. Шундай қилиб, Исроилдан ўлат даф қилинди.