Шоҳлар (иккинчи китоб) 20 bob
1 Ўша пайтда Бенямин қабиласидан Шеба деган ярамас бир одам шу ерда — Гилгалда эди. У Бихри деганнинг ўғли эди. Шеба бурғу чалиб, шундай хитоб қилди: “Эссай ўғли Довуднинг бизга ўтказиб қўйган жойи йўқ, Бизнинг ҳам ундан қарзимиз йўқ! Эй Исроил эрлари, ҳамма ўз уйига қайтсин!”
2 Шундан кейин жамики Исроил одамлари Довудни тарк этиб, Шебага эргашиб, кетиб қолишди. Яҳудо халқи эса ўзларининг шоҳига содиқ қолиб, Иордан дарёсидан Қуддусгача унга ҳамроҳ бўлишди.
3 Шоҳ Довуд Қуддусдаги саройига етиб боргач, саройга қараб туринглар деб, қолдириб кетган ўнта канизагини алоҳида уйда сақлашни буюрди. Довуд уларни боқди, лекин бирортаси билан бирга бўлмади. Канизаклар эса умрларининг охиригача назорат остида, бева хотинлар каби яшадилар.
4 Шундан кейин шоҳ Довуд ўз лашкарбошиси Эмосага: — Уч кун ичида Яҳудо халқини ҳузуримга чақириб кел, ўзинг ҳам шу ерда бўл, — деди.
5 Эмоса Яҳудо халқини чақириб келишга кетди. Аммо белгиланган вақтда қайтиб келмади.
6 Шундан сўнг Довуд бошқа лашкарбошиси Абушайга деди: — Энди Шеба бизга Абсаломдан ҳам оғирроқ кулфат келтиради. Менинг одамларимни олиб, Шебанинг орқасидан қувла. Акс ҳолда, у мустаҳкам шаҳарга ўрнашиб олиб, биздан яширинади.
7 Ўша заҳоти Абушай Шебани тутиб келиш учун Қуддусдан чиқди. У Йўабни ва унинг одамларини, Харетлик ва Палатлик қўриқчиларни, ҳамма ботир сипоҳларни ёнига олди.
8 Улар Гивондаги катта қоянинг ёнига етиб борганда, Эмосани учратиб қолдилар. Йўаб жанг кийимларини кийиб олган эди. Кийимининг устидан камар боғлаган, ханжарини қинига солиб, камарига осиб олган эди. У Эмосанинг олдига сўрашиш учун қадам ташлади–ю, яширинча ханжарини қинидан суғурди. Йўаб Эмосага:
9 — Яхшимисан, иним? — деди–ю, гўё уни ўпмоқчи бўлиб, ўнг қўли билан Эмосанинг соқолидан ушлади.
10 Эмоса Йўабнинг нариги қўлида ханжар борлигини сезмай қолди. Йўаб ханжарини Эмосанинг қорнига тиқди, Эмосанинг ичак–човоғи ерга тўкилди. Иккинчи марта ханжар уришига ҳожат қолмади, Эмосанинг жони чиқиб бўлган эди. Шундан кейин Йўаб билан акаси Абушай Шебани қувлашда давом этишди.
11 Йўабнинг одамларидан бири Эмосанинг жасади тепасида туриб: — Йўабга ким содиқ бўлса, ким Довуд тарафида бўлса, Йўабнинг орқасидан борсин, — деди.
12 Эмосанинг жасади қонга беланиб йўлнинг ўртасида ётар, ҳар бир одам жасадга яқинлашганда, унинг тепасида тўхтаб қоларди. Йўабнинг гапирган ўша одами бу аҳволни кўриб, Эмосанинг жасадини судраб, йўл ёқасидаги далага олиб бориб ташлади, устига кийим ташлаб қўйди.
13 Жасад йўлдан олиб ташлангандан сўнг, ҳамма Шебани қувлаб, Йўабнинг ортидан кетди.
14 Шу орада Шеба Исроил қабилаларининг ҳамма ерларини босиб ўтиб, Овил–Байт–Махо шаҳрига етиб келди. Бихри уруғининг ҳаммаси Шебага эргашиб, шаҳарга кириб олишди.
15 Сўнг Йўаб ва унинг ҳамма одамлари Овил–Байт–Махога бордилар, ўша шаҳарни қамал қилиб, шаҳар деворига қиялатиб тупроқ уйдилар ва тепага чиқиб девортешар қурол билан деворни йиқита бошладилар.
16 Шу пайт бир доно аёл шаҳар ичкарисидан овоз берди: — Эшитинглар! Қулоқ солинглар! Йўабни айтиб юборинглар, бу ёққа келсин, у билан гаплашмоқчиман.
17 Йўаб аёлга яқинроқ борди. — Йўаб сизмисиз? — сўради аёл. — Ҳа, менман, — деди Йўаб. — Бу чўрингизнинг сўзларини эшитинг! — деди аёл. — Қулоғим сенда, — деди Йўаб.
18 Аёл гапида давом этди: — Қадимдан “Овил шаҳрида маслаҳат қилинглар” деган гап бўларди, шунга риоя қилиб, ҳамма ҳар қандай ишларини ҳал қилишарди.
19 Биз Исроилнинг тинчлигини истаган содиқ кишилармиз. Сиз эса Исроилда онадай бўлган шаҳарни вайрон қилмоқчисиз. Нимага Эгамнинг меросини йўқ қилиш сизга керак бўлиб қолди?
20 — Худо сақласин! — деди Йўаб, — вайрон қилмоқчи ёки бутунлай йўқ қилмоқчи эмасман.
21 Ҳечам ундай эмас. Эфрайим қирларидан Бихри ўғли Шеба деган одам шоҳ Довудга қарши исён кўтарган эди. Фақат ўшани берсангизлар бўлди, мен шаҳардан тинчгина кетаман. — Унинг бошини девордан ошириб, сизга ташлашади, — деди аёл
22 Сўнг аёл бутун шаҳар аҳлига ўзининг доно гапларини етказди. Шаҳар аҳли Шебанинг бошини кесиб, девордан ошириб Йўабга ташлади. Йўаб бурғусини чалди. Йўабнинг одамлари шаҳардан чиқиб, уйларига қайтиб кетишди. Йўаб ҳам Қуддусга — шоҳнинг ёнига жўнади.
23 Йўаб бутун Исроил қўшинининг лашкарбошиси эди. Ёҳайидо ўғли Бинаё эса Харетлик ва Палатлик қўриқчиларнинг сардори эди.
24 Одонирам қароллар устидан масъул, Охилуд ўғли Ёҳушафат мушовир эди.
25 Шаво — котиб, Зодўх билан Абуатар — руҳоний,
26 Ёвирлик Эро ҳам Довуднинг руҳонийси эдилар.