Шоҳлар (иккинчи китоб) 18 bob
1 Довуд ёнида юрган одамларини бир жойга тўплаб, улар устидан мингбошилар, юзбошилар тайинлади.
2 Сўнг одамларини уч қисмга бўлди, биринчи қисмга Йўаб бошчилик қиларди, иккинчисига Йўабнинг акаси Абушай (Зеруянинг ўғли), учинчисига Гатлик Этхай бошчилик қилишарди. Шоҳ одамларини жангга жўнатаётиб уларга: — Мен ҳам сизлар билан бирга бораман, — деган эди,
3 улар: — Биз билан борманг, — дейишди. — Борди–ю, қочишимизга тўғри келиб қолса, ғанимларимиз биз билан қизиқмайди. Ярмимиз ўлиб кетганимизда ҳам эътибор беришмайди. Сиз бизнинг ўн мингтамизга арзийсиз. Сиз бизга шаҳардан туриб ёрдам беринг, бизга шуниси яхши.
4 — Сизларга қайсиниси маъқул бўлса, шуни қилганим бўлсин, — деди шоҳ. Одамлар юз, минг кишилик тўдаларга бўлиниб шаҳардан чиқишаётганда, шоҳ дарвоза ёнида турган эди.
5 Шоҳ Йўабга, Абушай ва Этхайга: — Абсалом ёш, менинг ҳурматим учун унга зиён етказманглар, — деб тайинлади. Шоҳнинг лашкарбошиларга Абсаломга алоқадор буйруқ берганини ҳамма сипоҳлар эшитишди.
6 Абсаломга эргашган Исроил лашкари билан жанг қилиш учун Довуднинг одамлари майдонга чиқишди. Жанг Эфрайим ўрмонида бўлди.
7 Довуднинг одамлари Исроил лашкарини мағлуб қилди. Катта талафот бўлди, ўша куни йигирма минг киши ўлди.
8 Жанг тобора ёйилиб борарди. Ўша куни ўрмондаги фалокатдан нобуд бўлган одамларнинг сони жангда ўлдирилганларнинг сонидан кўп эди.
9 Жанг пайти Абсалом хачирини миниб ёлғиз ўзи қочиб кетаётган эди, тўсатдан Довуднинг одамларига дуч келиб қолди. Хачир катта эман дарахтининг қалин шохлари тагидан елиб кетаётганда, Абсаломнинг боши шохлар орасига кириб қолди. Хачир елиб кетаверди, Абсалом эса дарахтга осилиб қолди.
10 Довуднинг одамларидан бири Абсаломнинг осилиб турганини кўриб қолди ва бориб Йўабга айтди: — Абсаломни кўрдим, у бир эман дарахтида осилиб турибди!
11 Йўаб хабар олиб келган одамга: — Уни кўрган бўлсанг, нимага ерга қулатиб ўлдирмадинг? Сенга ўн кумуш танга ва бир камар ҳадя этган бўлардим, — деди.
12 Ўша одам Йўабга шундай жавоб берди: — Ҳатто минг кумуш танга санаб берганингизда ҳам, шоҳ ўғлига қўлимни теккизмайман. Чунки шоҳнинг сизга, Абушай ва Этхайга “Ёш Абсаломнинг жонини сақланг” деган буйруғини биз ҳам эшитган эдик.
13 Борди–ю, Абсаломнинг жонига қасд қилганимда, сиз ўзингизни четга тортмасмидингиз, ахир?! Барибир, шоҳимиз ҳамма нарсадан воқиф бўлади–ку!
14 Йўаб: — Сен билан пачакилашиб вақтимни йўқотмай, — деди–ю, қўлига учта найза олиб ўша ерга борди. Абсалом эман дарахтида муаллақ осилиб турар, ҳали тирик эди. Йўаб Абсаломнинг юрагига найза санчди.
15 Сўнгра Йўабнинг ўнта қуролбардори Абсаломни ўраб олиб, тамомила ўлдиришди.
16 Йўаб жангни тўхтатиш учун бурғу чалдирди, шунда Довуднинг одамлари Исроил лашкарини қувлашдан тўхтаб, орқага қайтишди.
17 Абсаломни эса дарахтдан кўтариб олиб, ўрмондаги чуқур бир хандаққа улоқтиришди. Бир талай тош уйиб, хандақ оғзини беркитишди. Шу пайтда Исроил лашкарининг ҳаммаси уй–уйларига қочиб кетишган эди.
18 Абсалом ҳаётлигида “Номимни давом эттирадиган битта ҳам ўғлим йўқ”, деб Шоҳ сойлигида* ўзига атаб бир ёдгорлик тоши ўрнатган ва ёдгорлик тошига ўзининг номини берган эди. Бу ёдгорлик шу кунгача “Абсалом ёдгорлиги” дейилади.
19 Зодўхнинг ўғли Охимас Йўабга: — Ижозат берсангиз, тез бориб шоҳимизга: “Эгам сизни ғанимларингиз қўлидан қутқарди”, деб хабар етказсам, — деди.
20 — Йўқ, — деди Йўаб, — бугун сен хабар олиб бормайсан. Бошқа сафар хабар етказарсан, лекин бугун эмас. Чунки шоҳнинг ўғли ўлди.
21 Кейин Йўаб Ҳабашистонлик бир одамга: — Сен бориб, кўрганларингни шоҳга айт, — деб буюрди. Ўша одам Йўабга таъзим қилди–ю, югуриб кетди.
22 Аммо Охимас яна: — Нима бўлса бўлар, ижозат беринг, мен анави Ҳабашистонликнинг орқасидан югуриб борайин, — деб илтимос қилди. — Ўғлим, нимага югуриб боришни истаб қолдинг? Сенга манфаат келтирадиган хабар йўқ–ку! — деди Йўаб.
23 — Нима бўлса бўлар, ҳозир югуриб борай, — деб яна илтимос қилди Охимас. — Майли, югур, — деди Йўаб. Охимас шу заҳоти Иордан текислиги бўйлаб югуриб, Ҳабашистонликдан ўзиб кетди.
24 Довуд бу вақтда шаҳар дарвозаси олдида ўтирган эди. Қоровул шаҳар дарвозаси тепасига чиқди. Атрофга назар ташлаб, биттасининг югуриб келаётганини кўрди,
25 ва бу ҳақда шоҳга айтди. — Биттаси келаётган бўлса, демак, яхши хабар олиб келяпти, — деди шоҳ. Ўша одам тобора яқинлашиб келарди.
26 Қоровул яна бошқасининг югуриб келаётганини кўриб, дарвозабонга: — Ана, яна биттаси югуриб келяпти, — деб хабар берди. — У ҳам яхши хабар олиб келаётир, — деди шоҳ.
27 — Менимча, олдиндаги одам югуришидан Зодўх ўғли Охимасга ўхшайди, — деди қоровул. — Охимас — яхши одам, яхши хабар олиб келади, — дея жавоб берди шоҳ.
28 Шу пайт Охимас баланд овоз билан шоҳга: — Тинчлик–омонлик бўлсин, шоҳим! — деди. Сўнг шоҳнинг олдида мук тушиб таъзим қилиб: — Шоҳ ҳазратларига қўл кўтарганлар устидан ғалаба ато қилган Эгангиз Худога ҳамду санолар бўлсин! — деди.
29 — Болам Абсалом соғ–саломатми? — деб сўради шоҳ. — Йўаб мен, қулингизни жўнатган пайтда катта ғалаён бўлаётган эди, кейин нима бўлганини билмайман, — деди Охимас.
30 — Бу томонга ўт, шу ерда кутиб тур, — деди шоҳ. Охимас нарига ўтиб кута бошлади.
31 Шу орада Ҳабашистонлик етиб келди. — Шоҳ ҳазратларига хушхабар! — деди у. — Эгам адолат қилиб, сизга қарши исён кўтарганлар устидан ғалаба ато қилди.
32 — Болам Абсалом соғ–саломатми? — деб сўради шоҳ Ҳабашистонликдан. — Шоҳ ҳазратлари! — деди Ҳабашистонлик. — Ғанимларингизнинг, ёмон ният билан сизга қарши отланганларнинг охирати шу йигитнинг охирати каби бўлсин.
33 Шоҳ эсанкираб қолди. Дарвоза тепасидаги болохонага чиқиб, фарёд қила бошлади. У болохонага чиқар экан: — Оҳ, ўғлим Абсалом! Оҳ, ўғилгинам, болам Абсалом! Сенинг ўрнингга мен ўлсам бўлмасмиди, ўғлим?! Вой, болам Абсалом! — деб фарёд қиларди.