Шоҳлар (иккинчи китоб) 13 bob
1 Сўнгра шундай ҳодиса содир бўлди: Довуднинг Омнўн ва Абсалом деган ўғиллари бор эди. Унинг Тамара деган гўзал бир қизи ҳам бор эди. Тамара Абсаломнинг туғишган синглиси бўлиб, Омнўнга ўгай эди.
2 Омнўн ўгай синглиси Тамарани деб азоб чекавериб, касал бўлиб қолди. Тамара ҳали бокира бўлгани учун, Омнўн унга бирор нарса қилишга ожиз эди.
3 Омнўннинг Ёнадав деган дўсти бор эди. Ёнадав Довуднинг акаси Шимонинг ўғли бўлиб, жуда айёр йигит эди.
4 Бир куни Ёнадав Омнўнга деди: — Эй шаҳзода, нимага кундан–кунга озиб–тўзиб кетяпсан? Менга ҳам сабабини айт–чи. — Ўгай акам Абсаломнинг синглиси Тамарани севиб қолдим, — деди Омнўн.
5 — Тўшакка михланиб, ўзингни касалга сол, — деди Ёнадав. — Отанг сени кўргани келганда, унга: “Марҳамат қилиб, синглим Тамара келиб менга бирон таом берсин, таомни кўз олдимда тайёрлаганини мен кўрайин ва унинг қўлидан таом еяйин”, деб айтасан.
6 Хуллас, Омнўн тўшакка михланиб, ўзини касалга солди. Шоҳ уни кўргани келди. — Марҳамат қилиб, синглим Тамара келиб, олдимда икки дона нон ёпсин, мен унинг қўлидан нон еяйин, — деди Омнўн.
7 Тамара саройда яшарди. Довуд унга: “Аканг Омнўннинг уйига бориб, унга нон ёпиб бер”, деб айттириб юборди.
8 Тамара ўгай акаси Омнўннинг уйига борди. Омнўн тўшакда ётган экан. Тамара хамир қориб, акасининг кўзи олдида нон ёпди.
9 Товадаги нонни олиб келиб, Омнўннинг олдига қўйган эди, у емади. Омнўн: — Ҳузуримдан ҳамма чиқиб кетсин! — деб буйруқ берди, уйда ҳеч ким қолмади.
10 Шундан кейин Омнўн Тамарага: — Таомни ётоқхонамга олиб кир, сенинг қўлингдан еяйин, — деди. Тамара ўзи ёпган нонларни акаси Омнўннинг ётоқхонасига олиб кирди.
11 Енг, деб нонни акасига яқин олиб борган эди, Омнўн бирдан Тамарага ёпишиб: — Кел, мен билан бирга бўл, синглим! — деди.
12 — Йўқ, ака, мени зўрламанг! — деди Тамара. — Исроилда бунақа қилишмайди–ку! Бундай қабиҳ ишни қилманг!
13 Бундай шармандаликдан кейин мен қандай бош кўтариб юраман?! Сиз эса Исроилдаги разил одамлардан биттаси бўлиб қоласиз. Шоҳга айтсангиз, у мени сиздан аямайди–ку!
14 Лекин Омнўн Тамаранинг гапига қулоқ солмади. Омнўн Тамарадан кучлироқ эди, Тамарани зўрлаб ётқизиб, номусига тегди.
15 Кейин Омнўн Тамарадан шундай нафратланиб кетдики, унга бўлган нафрати ардоқлаган севгисидан кучли эди. — Тур, жўна! — деди у Тамарага.
16 — Йўқ! — деди Тамара. — Мени ҳайдаяпсиз, лекин бу ишингиз менга қилган ҳозирги гуноҳингиздан оғирроқдир. Бироқ Омнўн унинг гапига қулоқ солмади.
17 Хизматкорини чақириб: — Бу хотинни ҳузуримдан ҳайдаб чиқариб, эшикни ёп! — деди.
18 Хизматкор Тамарани ташқарига ҳайдаб чиқариб, орқасидан эшикни ёпди. Тамара узун, чиройли гулли либос кийган эди. Шоҳнинг турмушга чиқмаган қизлари шундай кийинишарди.
19 Тамара қайғудан бошига кул сочиб, устидаги узун либосини йиртиб ташлади. Уятдан юзини қўли билан тўсиб, фарёд солганича кетди.
20 Акаси Абсалом ундан: — Аканг Омнўн сен билан бўлдими? — деб сўради. — Майли, синглим, бу ҳақда бирортасига оғиз оча кўрма! Ахир, у аканг–ку! Бу воқеани кўнглингга олма. Шундан сўнг Тамара акаси Абсаломнинг уйида яшаб юраверди. У доимо ёлғиз, ғамгин эди.
21 Шоҳ Довуд бўлиб ўтган воқеани эшитиб, қаттиқ ғазабланди.
22 Абсалом эса синглиси Тамаранинг номусини булғагани учун Омнўндан қанчалик нафратланса ҳам, унга бирор марта на яхши, на ёмон гап қилди.
23 Икки йилдан кейин Абсалом шоҳнинг ҳамма ўғилларини Баал–Хазорга зиёфатга таклиф қилди. Баал–Хазор Эфрайим шаҳри яқинида бўлиб, бу ерда Абсалом қўйларининг жунини қирқтираётган эди.
24 Абсалом шоҳнинг ҳузурига келиб: — Қўйларимнинг жунини қирқтиряпман, марҳамат қилиб, шоҳ аъёнлари билан бирга мен, қулингизга ҳамроҳ бўлсинлар, — деди.
25 — Биз ҳаммамиз борсак, сенга юк бўламиз, ўғлим, — деди шоҳ Довуд. Абсалом қанча илтимос қилмасин, шоҳ, бора олмайман, деб унамади, бормаса ҳам, ўғлини дуо қилди.
26 — Бўлмаса, ижозат берсангиз, акам Омнўн биз билан борсин, — деди Абсалом. — Омнўн нимага сен билан бориши керак? — деб сўради шоҳ.
27 Абсалом илтимос қилавергандан кейин, шоҳ Омнўнни ва бошқа ўғилларини у билан бирга жўнатди.
28 Абсалом хизматкорларига шундай буйруқ берган эди: — Қараб туринглар, Омнўн шароб ичиб, сархуш бўлишини кутинглар. Сизларга “Омнўнни уринг”, деб айтишим биланоқ, уни ўлдирасизлар. Қўрқманглар, сизларга мен буйруқ беряпман. Дадил, мард бўлинглар!
29 Хизматкорлар Абсаломнинг буйруғини ижро этиб, Омнўнни ўлдирдилар. Шоҳнинг қолган ўғиллари эса хачирларига миниб қочиб қолишди.
30 Улар йўлда кетаётганларида, “Абсалом шоҳнинг ҳамма ўғилларини ўлдирибди, бирортаси ҳам тирик қолмабди” деган хабар Довуднинг қулоғига етди.
31 Шоҳ ўрнидан турди–да, қайғудан кийимларини йиртиб, ўзини ерга отди. Унинг ёнидаги барча аъёнлари ҳам кийимларини йиртишди.
32 Шоҳ ўрнидан турди–да, қайғудан кийимларини йиртиб, ўзини ерга отди. Унинг ёнидаги барча аъёнлари ҳам кийимларини йиртишди.
33 Шоҳ жаноби олийлари, ҳамма ўғилларингиз ўлдирилибди деган хабардан хавотирга тушмасинлар. Фақат Омнўн ўлган, холос.
34 Абсалом ўша заҳоти қочиб кетди. Қуддус девори устидаги соқчи ғарб томондан шаҳарга қараб келаётган бир тўп оломонни кўрди.
35 Ёнадав шоҳга: — Ана, ўғилларингиз келишяпти, мен, қулингиз, айтгандай бўлди, — деди.
36 У гапини тугатар–тугатмас, шоҳнинг ўғиллари етиб келиб, фарёд кўтаришди. Шоҳ ҳам, аъёнлар ҳам ҳўнг–ҳўнг йиғлаб кўз ёш тўкишди.
37 Абсалом қочиб кетиб, Гашур шоҳи Талмайнинг ёнига борди ва у ерда уч йил қолиб кетди.
38 Талмай Омиҳуд деганнинг ўғли эди. Шоҳ Довуд эса ўғли Омнўн учун узоқ вақт мотам тутди.
39 Довуд Омнўннинг ўлимидан тасалли топгандан кейин, Абсаломни соғина бошлади.