1 Шундай қилиб, Исҳоқ Ёқубни чақиртириб, уни дуо қилди ва шундай маслаҳат берди:
2 Ҳозироқ Паддон–Орамга — бобонг Батувалнинг хонадонига жўна. У ерда тоғанг Лобоннинг қизларидан бирортасига уйлан.
3 Қодир Худо барака бериб, сени кўпайтирсин. Сенинг наслингдан кўп халқлар келиб чиқсин.
4 Худо Иброҳимга ваъда қилган баракасини сенга ва сенинг наслингга ато қилсин. Биз ҳозир мусофир бўлиб яшаётган, Худо Иброҳимга берган шу юрт сенинг мулкинг бўлсин.
5 Шундай қилиб, Исҳоқ Ёқубни жўнатди. Ёқуб Паддон–Орамга — Орамлик Батувалнинг ўғли, тоғаси Лобонникига кетди.
6 Эсов эшитдики, отаси Ёқубни дуо қилиб, уни Паддон–Орамга жўнатибди. Ёқуб ота–онасининг гапларига итоат этиб, Паддон–Орамга кетибди. Отаси Ёқубга:
7 “Ўша ердан уйлангин”, дебди, “Канъонлик қизларга уйланма”, деб огоҳлантирибди.
8 Канъонлик хотинлари отасига ёқмаслигини Эсов тушуниб етди.
9 Эсов амакиси Исмоилнинг хонадонига борди ва хотинлари устига, Иброҳим ўғли Исмоилнинг қизларидан бирига уйланди. Янги хотинининг исми Махалат эди. Махалатнинг Наваёт деган акаси ҳам бор эди.
10 Ёқуб Бершеба шаҳридан чиқиб, Хорон томонга қараб кетди.
11 У бир жойга етиб келганда, кун ботган эди. Шунинг учун ўша ерда тунашга тўхтади. У бир тош топди–да, тошни бошининг остига қўйиб ухлагани ётди.
12 Бир пайт у тушида бир зинапояни* кўрди. Зинапоянинг пасти ерга, тепаси эса осмонга тегиб турганмиш. Худонинг фаришталари зинапоядан чиқиб, тушаётган эмишлар.
13 Зинапоянинг ёнида Эгамиз турган эмиш. Эгамиз Ёқубга шундай дебди: — Мен бобонг Иброҳимнинг, отанг Исҳоқнинг Худоси — Эгангман. Ҳозир сен ётган ер ўзингники бўлади. Бу ерни сенга ва сенинг наслингга бераман.
14 Сенинг наслинг ернинг қуми сингари сон–саноқсиз бўлади. Улар ғарбу шарққа, шимолу жанубга қараб ер юзига ёйилиб кетадилар. Ер юзидаги ҳамма халқлар сен ва сенинг наслинг орқали барака топади.
15 Шуни билгинки, Мен сен билан биргаман, қаерга бормагин, Мен сени сақлайман. Шу юртга сени яна қайтариб олиб келаман. Мен сени ҳеч қачон тарк этмайман, берган ваъдаларимни охиригача бажараман.
16 Ёқуб уйғониб кетди ва: “Ҳақиқатан ҳам Эгамиз шу ерда экан, мен эса буни билмабман”, деди.
17 У қўрқиб кетди: “Бу жой Худонинг уйи экан, самога очиладиган дарвозанинг ўзи! Нақадар қўрқинчли–я бу жой!” деди.
18 Ёқуб саҳарда турди. Бошининг остига қўйган тошни олиб, ёдгорлик қилиб ўрнатди. Кейин ёдгорлик тошининг устидан Худога атаб зайтун мойи қуйди.
19 Илгари бу жойнинг номи Луз эди. Ёқуб эса бу жойга Байтил деб ном берди.
20 Сўнг Ёқуб қуйидагича қасам ичди: “Агар Худо мен билан бирга бўлса, борадиган шу йўлимда мени асраса, менга ризқ–рўзимни ва кийим берса,
21 отамнинг хонадонига эсон–омон қайтариб олиб келса, Эгам менинг Худойим бўлади.
22 Мен ёдгорлик қилиб ўрнатган шу тош Худога сажда қиладиган жой бўлади. Худо менга берган ҳамма нарсанинг ўндан бирини ушр қилиб албатта бераман.”