Ибтидо (1-Таврот) 21 bob
1 Эгамиз берган ваъдаси бўйича Сорага марҳамат қилди.
2 Сора ҳомиладор бўлиб, Иброҳимга қариган чоғида ўғил туғиб берди. Буларнинг ҳаммаси Худо айтган вақтда юз берди.
3 Иброҳим ўғлига Исҳоқ деб исм қўйди.
4 Худо амр қилгандай, Исҳоқ саккиз кунлик бўлганда, Иброҳим уни суннат қилди.
5 Исҳоқ туғилганда, Иброҳим юз ёшда эди.
6 Сора деди: “Худо менга шодлик ва кулги* ато қилди, бу ҳақда эшитган ҳар ким мен билан бирга кулади.
7 Ким ҳам, Сора чақалоқ эмизади, деб Иброҳимга айта оларди?! Мен эса Иброҳимга қариган чоғида ўғил туғиб бердим.”
8 Вақт ўтиб, Исҳоқ катта бўлиб қолгач, Сора уни кўкракдан чиқарди. Бу бахтли кунни нишонлаб, Иброҳим катта зиёфат берди.
9 Мисрлик Ҳожарнинг Иброҳимга туғиб берган ўғли Исмоил* Исҳоқни масхара қилаётганини Сора кўриб қолди.
10 Сора Иброҳимдан: — Бу чўрини ўғли билан бирга ҳайдаб юборинг! — деб талаб қилди. — Чўрининг ўғли менинг ўғлим билан меросхўр бўлмасин.
11 Бу гапдан Иброҳим жуда хафа бўлди, ахир, Исмоил ҳам унинг ўғли эди–да.
12 Лекин Худо Иброҳимга деди: — Бола ва чўри хотининг учун ташвиш тортма. Соранинг айтганларини қил. Чунки Мен сенга ваъда қилган наслинг Исҳоқ орқали келиб чиқади.
13 Чўри хотинингнинг боласи сенинг ҳам ўғлинг бўлгани учун Мен унга ҳам фарзандлар ато этиб, ундан халқлар яратаман.
14 Иброҳим эртасига саҳарда турди. Бир оз егулик ва бир меш сув олиб, Ҳожарнинг елкасига юклади–да, ўғли билан бирга жўнатиб юборди. Ҳожар Бершеба атрофларида чўлда бемақсад изғиб юрди.
15 Мешдаги сув тамом бўлгач, Ҳожар боласини бир бутанинг тагида қолдирди.
16 Сўнгра: “Боламнинг ўлишини кўрмайин”, деб боласидан бир ўқ отими нарига бориб ўтирди. Ҳожар ўша ерда ўтириб, йиғлаб, фарёд қила бошлади.
17 Худо ўсмирнинг йиғисини эшитди. Худонинг фариштаси самодан Ҳожарни чақириб деди: — Нимага ғам чекяпсан, Ҳожар? Қўрқма, сен ўсмирни қолдириб кетган жойдан Худо унинг йиғисини эшитди.
18 Қани, ўғлингни тургиз, унинг қўлидан ушла. Мен унинг наслидан буюк халқ яратаман.
19 Худо Ҳожарнинг кўзини очиб юборган эди, у бир қудуқни кўрди. Бориб, мешни сувга тўлдириб келди–да, боласига ичирди.
20 Худо доимо бола билан бирга бўлди. Бола Порон чўлида ўсиб–улғайди. У моҳир камонкаш бўлди.
21 Онаси уни Миср юртидан бир қизга уйлантирди.
22 Бир куни Абумалек лашкарбошиси Пихол билан бирга Иброҳимнинг олдига борди ва унга деди: — Сен ҳар қандай ишни қилганингда ҳам Худо сен билан бирга.
23 Энди Худонинг номини ўртага қўйиб, сени, болаларингни, наслингни алдамайман, деб қасам ич. Мен сенга содиқлигимни кўрсатдим. Шунинг учун ҳозир, сенга ва мен истиқомат қилиб турган шу юртингга содиқ бўламан, деб қасам ич.
24 — Қасам ичаман, — деди Иброҳим.
25 Шунда Иброҳим Абумалекка: “Хизматкорларинг зўрлик билан менинг қудуғимни тортиб олишди”, деб шикоят қилиб қолди.
26 — Бу ҳақда биринчи марта эшитяпман, — деди Абумалек. — Сен менга бу ҳақда айтмаган эдинг. Бу ишни ким қилганини билмайман.
27 Шундай қилиб, Иброҳим Абумалекка мол–қўйлар берди ва иккаласи аҳд қилдилар.
28 Иброҳим еттита урғочи қўзини сурувдан ажратиб олди.
29 Абумалек Иброҳимдан: — Сен еттита урғочи қўзини ажратиб олдинг, бунинг маъноси нима? — деб сўради.
30 Иброҳим шундай жавоб берди: — Мана шу еттита урғочи қўзини сен қўлимдан олишинг керак, токи бу қудуқни ўзим қазиганимни булар исботлайди.
31 Шундай қилиб, икковлари қасамёд қилишди. Шунинг учун бу жой ҳозиргача Бершеба деб юритилади.
32 Улар аҳд қилганларидан кейин, Абумалек ўз лашкарбошиси Пихол билан Филистлар еридаги Гарор шаҳрига қайтиб кетди.
33 Иброҳим Бершебада юлғун дарахти ўтқазди ва у ерда абадий Худога — Эгамизга сажда қилди.
34 У Филистлар ерида анча вақт яшади.