Ибтидо (1-Таврот) 16 bob
1 Ибромнинг хотини Сорай ҳамон бола кўрмас эди. Сорай Мисрлик Ҳожар деган бир аёлни чўри қилиб олган эди.
2 Бир куни Сорай Ибромга айтди: — Эгамиз мени фарзанддан қисди. Энди чўримнинг ёнига кираверинг. Балки у орқали фарзандли бўларман. Ибром Сорайнинг таклифига рози бўлди.
3 Шундай қилиб, Ибромнинг хотини Сорай Мисрлик чўриси Ҳожарни эрига хотин қилиб олиб берди. Бу воқеа юз берганда, Ибром Канъон юртига кирганига ўн йил бўлган эди.
4 Ибром Ҳожарнинг ёнига кирди. Ҳожар ҳомиладор бўлди. Ҳожар ҳомиладорлигини билгач, бекаси Сорайни назар–писанд қилмай қўйди.
5 Шунда Сорай Ибромга деди: — Чўримга имтиёз бериб, ўзим уни сизнинг қўйнингизга солиб қўйдим. Энди у ҳомиладор бўлиб, мени назарига илмай қўйди–я. Буларнинг ҳаммасига сиз айбдорсиз! Худога солдим, қай биримизнинг ҳақ эканимизни Худо ҳал қилсин!
6 Ибром Сорайга: — Ҳозир ҳам у сенинг чўринг, унга истаганингни қилавер, — деб жавоб берди. Сорай Ҳожарга шунақанги шафқатсизлик қилдики, Ҳожар қочиб кетишга мажбур бўлди.
7 Эгамизнинг фариштаси саҳродаги булоқ ёнида — Шурга борадиган йўл бўйида Ҳожарни топди.
8 — Эй Ҳожар, Сорайнинг чўриси! Қаердан келиб, қаерга кетяпсан? — деб сўради. — Бекам Сорайдан қочиб келяпман, — деб жавоб берди Ҳожар.
9 — Бекангнинг ёнига қайт, унга итоат эт, — деди Эгамизнинг фариштаси Ҳожарга.
10 — Сенинг наслингни шу қадар кўп қиламанки, кўплигидан ҳеч ким санай олмайди.
11 Эгамизнинг фариштаси Ҳожарга яна гапирди: “Сен ҳомиладорсан ва туққайсан ўғил, Эгамиз эшитди жафоларингни, Унинг исмини қўйгайсан Исмоил.
12 Ўғлинг бўлғай асов эшакдай, Унинг қўли кўтарилгай ҳаммага қарши Ва ҳамманинг қўли — унга қарши, Қариндошлари билан душман бўлиб яшагай.”
13 Ҳожар: “Мени кўрадиган Худони кўрдим–а!” деди. Шунинг учун у ўзига гапирган Эгамизга: “Мени кўрадиган Худосан” деб ном берди.
14 Шунинг учун бу қудуққа Бэр–Лахай–Руй деб ном берилган. Қудуқ Кадеш билан Барид орасида жойлашган.
15 Ҳожар Ибромга ўғил туғиб берди, Ибром бу болага Исмоил деб исм қўйди.
16 Бу пайтда Ибром саксон олти ёшда эди.