ИБТИДО (ТАВРОТНИНГ БИРИНЧИ КИТОБИ)
ИБТИДО КИТОБИ (катта шрифтли нусхаси) .PDF
Кириш
Ибтидо китоби Тавротнинг биринчи китобидир. Мазкур китобда оламнинг
яратилиши, инсон зотининг пайдо бўлиши, Исроил халқининг келиб чиқиши
тўғрисида сўз юритилади. Бутун борлиқни, ер юзидаги жамики халқлару
шоҳликларни, инсоният тарихини ягона Худо бошқаришига китобда алоҳида
урғу берилади.
Ибтидо китобининг биринчи қисмида (1-11–боблар) олам ва инсониятнинг
Иброҳим пайғамбаргача бўлган даври ҳикоя қилинади. Худо ҳамма нарсани жуда
ажойиб қилиб яратган эди, лекин илк яратилган икки инсон — Одам Ато билан
Момо Ҳаво Худога итоат этмадилар. Уларнинг итоатсизлиги туфайли дунёга
гуноҳ кириб келди. Инсонлар шу қадар гуноҳга ботиб кетдиларки, Нуҳ
пайғамбардан ва унинг оиласидан ташқари, жамики инсониятни қириб ташлаш
учун Худо ер юзига тўфон юборишга қарор қилди. Нуҳ ва унинг оиласи Худога
итоат этарди, шунинг учун Худо Нуҳга: “Ўзингни, оилангни, ҳайвонлар ва
қушларнинг ҳар бир турини сақлаб қолиш учун катта кема яса”, деб амр этди.
Тўфондан кейин одамзод яна ер юзи бўйлаб ёйилди. Лекин уларнинг кўпчилиги
яна Худога итоат этмай қўйди.
Ибтидо китобининг қолган қисми (12-50–боблар) Иброҳим ва унинг хонадони
тарихига оид воқеаларни қамраб олади. Худо Иброҳим хонадонини, Ўзимнинг
халқим қиламан, деб танлаб олади. Иброҳим ва унинг хотини Сора бефарзанд
эдилар, лекин Худо уларга фарзанд ваъда қилиб, ўша фарзанд орқали жамики
халқларга барака беришини айтади.
Худонинг амри билан Иброҳим ва Сора ўзларининг она юртини тарк этиб,
Канъон юртига кўчиб борадилар. Худо бу юртни уларнинг наслига беришни
ваъда қилган эди. Иброҳим билан Сора анча кексайиб қолганларида, Худо Ўз
ваъдасини бажариб, уларга ўғил ато этади, улар ўғлининг исмини Исҳоқ
қўядилар. Исҳоқ икки ўғил кўради, ўғилларига Ёқуб ва Эсов деб исм қўяди. Ёқуб
ўн икки ўғил кўради. Улар Исроилнинг ўн икки қабиласига асос соладилар.
Китобнинг охирида Ёқубнинг ўғли Юсуф ҳақида ҳикоя қилинади. Юсуфнинг
ака–укалари уни Исмоилий савдогарларига қул қилиб сотиб юборишади. Лекин
вақти келиб, Юсуф Миср ҳокими бўлади. Шу орқали у қаҳатчилик даврида Миср
халқини ва отаси Ёқубнинг бутун хонадонини қутқариб қолади. Мазкур
китобнинг моҳияти шундан иборатки, Худо инсоният тақдирини бошқаради, юз
бераётган ҳамма ҳодисаларни назорат қилади, ҳатто инсоннинг ёмон ниятию
қабиҳ ишларини Ўзининг эзгу режасини амалга ошириш учун ишлатади. Миср
юртида Юсуф ака–укаларига шундай дейди: “Сизлар менга раво кўрган
ёмонликни Худо яхшиликка ишлатди. Сон–саноқсиз одамларни сақлаб қолиш
учун У мени шу ерга олиб келди.” (Ибтидо 50:20)
Таврот
Эски Аҳднинг дастлабки бешта китоби (Ибтидо китобидан Қонунлар
китобигача) Мусо пайғамбар томонидан ёзилган. Бу мажмуа ўзбек тилида
“Таврот” деб аталади. Ибтидо китоби Худо оламни ва илк одамларни — Одам Ато
билан Момо Ҳавони яратгани ҳақидаги воқеалар билан бошланади. Сўнг
инсоният гуноҳ қилгани ва Нуҳ пайғамбар даврида Худо бутун ер юзига тўфон
юбориб, одамзодга жазо бергани ҳақида баён қилинади. Китоб давомида ҳикоя
қилинишича, Худо Иброҳим пайғамбарни даъват қилади, уни Канъон юртига
бошлаб боради. Иброҳим бефарзанд бўлишига қарамай, Худо уни буюк халқнинг
отаси қилишга ваъда бериб, бутун ер юзидаги халқлар у орқали барака топишини
айтади. Худо Ўз ваъдасини бажаргани Иброҳимнинг ўғли Исҳоқ, набираси Ёқуб ва
чевараси Юсуф ҳақидаги ҳикоялардан кўришимиз мумкин. Худо Юсуф орқали
Ёқубни ва унинг хонадонини Канъон юртидаги қаҳатчиликдан асраб, Мисрга
олиб боради. У ерда Иброҳимнинг авлоди ниҳоятда кўпайиб, Исроил халқи деган
ном билан танилади. Исроил халқи Мисрда 400 йил қолиб кетади.
Тавротнинг иккинчи китоби “Чиқиш” деб номланган бўлиб, Ёқуб наслининг
ўн икки қабиласи, яъни Исроил халқи Мисрда қуллик зулмидан азоб чекаётгани
ҳақидаги ҳикоя билан бошланади. Худо Мусо пайғамбар орқали Исроил халқини
мўъжизалар орқали озод қилиб, Мисрдан олиб чиқади. Бу воқеа тахминан
милоддан олдинги 1440 йилда юз берган эди. Исроил халқи Мисрдан чиққандан
кейин саҳрода қирқ йил давомида бошидан кечирган воқеалар Тавротнинг
қолган учта китобида — “Левилар”, “Саҳрода” ва “Қонунлар”да ҳикоя қилинган.
Ўша даврда Худо Мусо пайғамбар орқали Исроил халқи билан аҳд тузади. Ўша
аҳдда Худонинг амрлари ва қонунлари батафсил баён қилинган. Бу амрларга ва
қонунларга риоя қилган инсонларга Худо: “Мен сизларни Ўзимнинг халқим
қиламан, сизларнинг Худойингиз бўламан”, деб алоҳида ваъда берган. Аммо бу
амрларни ва қонунларни бузган одамларни Худо жазолаган. Худонинг Ўз халқи
Исроил билан бўлган муносабати мана шу аҳдга асослангани боис, Эски Аҳдда
баён қилинган аксарият воқеалар ва Исроил халқининг тарихи шу муносабатлар
ҳақида ҳикоя қилади.
Исроил халқи тарихи
Муқаддас Китоб таркибида Таврот китобларидан кейин ўрин олган 12 та
китоб (Ёшуа китобидан Эстер китобигача) Исроил халқи тарихининг тахминан
1000 йиллик даврини қамраб олади. Бу даврда Исроил халқи Канъон юртини забт
этиб, ўша ерларга ўрнашади. Тахминан 350 йил давомида Исроил халқининг ўн
икки қабиласини Худо томонидан тайинланган ҳакамлар бошқаради. Ҳакамлар
давридан кейин Исроил халқининг ўн икки қабиласи Исроил шоҳлигини барпо
қилиб, Шоулни шоҳ қилиб тахтга ўтирғизади. Довуд Исроилнинг иккинчи шоҳи
бўлади. Довуд вафот этгандан кейин унинг ўғли Сулаймон тахтга чиқиб,
Қуддусда Худога атаб Маъбад қуради. Сулаймоннинг ўғли Рахабом ҳукмронлиги
даврида Исроил шоҳлиги иккига бўлиниб, шимолда Исроил шоҳлиги ва жанубда
Яҳудо шоҳлиги пайдо бўлади. Иккала шоҳликнинг аҳолиси ва ҳукмдорлари
олдига Худо Ўз пайғамбарларини юборади. Улар аҳолини, бутларга
сиғинманглар, Худога юз буринглар, Унинг амрларини бажаринглар, деб ундайди.
Аммо халқ пайғамбарларнинг гапларига қулоқ солмайди. Оқибатда Худо иккала
шоҳлик аҳолисини итоатсизлиги учун жазолаб, душманлар қўлига топширади.
Душманлар Исроил ва Яҳудо халқларини асирликка олиб кетади. Орадан анча
йиллар ўтгандан кейин, Яҳудо шоҳлигидан сургун қилинган айрим одамлар
Қуддусга қайтиб келиб, Маъбадни ва шаҳар деворини қайта қурадилар. Халқнинг
аксарият қисми эса сургунда яшаб қолаверади. Улардан баъзилари ўзлари сургун
бўлган давлатларда юқори мартабаларни эгаллайдилар.
Донишмандлик китоблари
Навбатдаги бешта китоб (Аюб китобидан “Сулаймон пайғамбарнинг гўзал
қўшиғи” китобигача) “донишмандлик китоблари” деб аталади. Аюб китоби
замирида барча замонларда долзарб бўлган қуйидагича савол ётади: “Нима учун
Худо солиҳ кишиларнинг бу ҳаётда азоб тортишларига йўл қўяди?” Забур китоби
санолардан ташкил топган бўлиб, дастлаб бу шеърлар куйга солинган ва Худога
ҳамду сано, мадҳия қўшиқлари тарзида мусиқа асбоблари жўрлигида ижро
этилган. Ҳикматлар китоби мақол, маталлар шаклидаги ахлоқий ва диний
таълимотлардан иборат. Воиз китоби инсон ҳаётининг мақсади ва моҳияти
ҳақида чуқур ўйлаган донишманд Воизнинг фикрларидан иборат. “Сулаймон
пайғамбарнинг гўзал қўшиғи” китоби севги ҳақидаги шеърлар тўпламидир.
Пайғамбарлар
Эски Аҳднинг сўнгги 17 та китоби (Ишаё китобидан Малаки китобигача)
асосан пайғамбарларнинг хабарлари ва башоратларидан ташкил топган. Бу
пайғамбарлар милоддан олдинги 850-400 йиллар оралиғида фаолият
кўрсатганлар. Бу даврларда Исроил ва Яҳудо шоҳликлари алоҳида–алоҳида
мустақил давлат бўлган, иккала шоҳлик аҳолиси сургун қилинган ва Яҳудо
халқидан баъзилари она юртига қайтиб келган эди. Пайғамбарлар халқни
гуноҳлари учун тавба қилишга, бутларга сажда қилмасликка, Худога юз буришга,
Унинг амрларини бажаришга, солиҳ ҳаёт кечиришга ундаганлар. Пайғамбарлар
келажак ҳақида кўп башоратлар қилганлар. Кўпинча бу башоратларда рамзий
образлардан фойдаланилган ва улар шеърий услубда ёзилган. Мазкур
пайғамбарлар орасида ўзбек китобхонларига яхши таниш бўлган Дониёр ҳам бор.
Ишаё, Еремиё, Ҳизқиёл ва Дониёр пайғамбарларнинг битиклари “Катта
пайғамбарлар” деган ном билан юритилади, чунки уларнинг битиклари бошқа
пайғамбарларникига қараганда анча катта. Қолган ўн иккита пайғамбарнинг
битиклари қисқа бўлгани боис, улар “Кичик пайғамбарлар” деган ном билан
юритилади. Бу битиклар котиблар томонидан бир ўрама қоғозга кўчирилган.
Пайғамбарлар китоблари хронологик тарзда жойлашмаган. Қайси пайғамбар
қачон фаолият кўрсатгани ҳақида маълумот олиш учун мазкур нашрга илова
қилинган “Жадваллар” бўлимида берилган “Эски Аҳд хронологияси жадвали”
қисмига қаранг.