10 - боб
Маълум вақт ўтгач, бобом мени навбатдаги шафқатсиз синовга тайёрларди. Шу синовдан муваффақиятли ўтсам, кун-фу устаси деган шарафли унвонга сазовор бўлишим мумкин. Аввал қатор оғзаки ва амалий синовлардан ўтдим, шундан кейин финалда иштирок этишга ижозат берди. Финал синови ҳам ниҳоятда хавфли бўлиб, “та шуй”, ёки “туннель синови” деб номланарди. Бундай хавфли синовдан камчилик ўтиши мумкин эди. Ботирларнинг ҳаммаси ҳам туннельга киравермайди, у ердан кўпчилик омон чиқмайди.
Биз бобом билан эрта саҳарда шимол томонга йўл олдик. Бир неча кундан кейин Шаньдун қишлоғига етиб келдик. Бу ерда сўз бораётган туннель – аслини олганда, Тай-шань тоғи остида жойлашган узун ғор. Мен ўзимни руҳан тетик, жисмонан бақувват ҳис этиб, бундай даъватга иккиланмай “тайёрман”, деб жавоб бердим. Кун-фу жанговар санъатини ўрганиш жараёнида, мен ҳеч қандай қўрқувни билмаганман, қолаверса, ҳар қандай оғир синовдан ўтиш истагида ёнардим. Ёзнинг қуёшли кунларидан бири эди, лекин мен ғорга бош суқишим биланоқ, қаттиқ совуқ - захни ҳис қилдим. Бирдан кундузги қуёшдан қоронғу ғорга кирганимдан кейин, кўзим ичкаридаги чироққа мослашиши учун мен бир неча дақиқа жойимда қотиб турдим. Ёниб турган бир нечта машъаллар ғор ичкарисини аранг ёритарди. Оёғимнинг тагида бир неча метрга шиша синиғи уйиб қўйилганди. “Бунинг қийин жойи йўқ”, - деб ўйладим мен. Лайлакнинг енгил юриши қилиб, мен шиша синиқларидан осонгина ўтиб, ҳеч қандай оғриқ сезмадим. Бир неча метр шиша синиқларидан муваффақиятли ўтиб, ёниб турган кўмирга дуч келдим. Бироқ товоним шунчалик дағаллашиб кетган эдики, ҳеч бир қийинчиликсиз кўмир чўғидан юриб ўтдим. Гарчанд тезроқ жангга отилгим келса ҳам, шошилмасдан, ишонч билан мақсад сари борардим. Ваниҳоят, жиддий синовга ҳам етиб келдим. Олдинда мени нималар кутаётганини кўриб, ўзимча кулдим ҳам. Менга айнан шундай, ҳақиқий синовлар керак эди. Йўлимни саккиз бурчакли ёғоч ром тўсди. Ромнинг пастига учли ва ўткир қозиқлар ўрнатилган, бунинг устига бу ромни фақатгина бир нечта бамбук таёқлар тутиб турарди. Бошқа бамбук таёқларга ҳам горизонтал, ҳам вертикал тарзда яна бамбук таёқчалар ётқизилган. Мен шу таёқлар орасидан ўтишим керак. Эҳтиётсизлик қилиб бирорта бамбук таёғига тегиб кетсам, ўткир қозиқли қурилма устимга тушиши мумкин.
Мен ўйланиб қолдим. Бу эпчиллигим, чаққонлигим, зийраклигим ва аниқ ҳаракатларимни синаб кўриш эди. Лабиринтдан фақатгина ўрмалаётган илон ҳаракатига тақлид қилиб ўтишим мумкин. Бутун диққат-эътиборимни қўл ва оёқларимнинг жойлашишига қаратиб, бамбук таёқчалари орасидан дам белимни эгиб, керак бўлганда ҳолатни ўзгартириб, бир қўлга тиралганимча ўрмалай бошладим. Горизонтал позициядан фойдаланиб, қўрқинчли лабиринтдан эсон-омон қарама-қарши томонга чиқиб олдим.
Навбатдаги синов тошли лезвиядан ўтиш. Катта тош йўлимга кўндаланг қўйилиб, мен тошнинг бритва каби ўткир қирғоқларидан юришим керак эди. Машъалларнинг хира ёруғида тошли лезвиянинг иккала тарафида ер ва девор ялтираб турганини кўрдим. “Нефть...” – кулимсирадим мен. Ўтиш қийин бўлиши учун ҳамма жойга нефть тўкиб қўйилганди. Мен саккиз метрли масофани ўткир лезвиялар устидан босиб ўтишим керак. Бунинг устига, ғорнинг айнан шу ери шунчалик тор эдики, бошқа тошнинг ёнидан ўтишни иложи йўқ. Бу синовларнинг эндигина бошланиши, оғир ва қўрқинчли синовлар ҳали олдинда эканлигини сезардим. Мен нафасимни ростладим, диққатимни жамлаб, оғриқни сезмаслик учун бутун Ци қувватимни оёғимга қаратдим. Мувозанатни сақлаган ҳолда, тош лезвиянинг ўткир қирғоқларига қадам қўйдиб, аста-секинлик билан юра бошладим. Бир вақт мен томонга ёввойи, қутурган ит акиллаганича учиб келаяпти. Шу вақтда бобомнинг: “Ҳар доим огоҳ бўлгин, кутилмаган нарсани кутгин!,”- деган гапи эсимга тушди. Тинмай акиллаётган ит – эътиборимни чалғитиш усули эканлигини тушундим. Ит сўлакларини оқизиб, дарғазабликда менга ташланмоқчи бўларди, аммо уни қалин занжир тутиб турарди. Мен олдингидай Ци қувватини назорат қилиб, тош лезвиядан дадиллик билан борардим.
Ёввойи итни ортда қолдириб, ғордан юришни давом эттирдим. Олдинда турган хавф-хатарни кутиб, ҳис-туйғуларим ниҳоятда зўрайиб кетди. Туннель борган сари кенгая бошлади ва мен ҳақиқий тўсиқларга дуч келаётганимни кўрдим. Ғорни бутун кенглигида – бу девордан у деворгача - ёғоч тахта кўприк тўсиб турарди. Кўприкнинг устида ҳам, тагида ҳам ўткир темир тишлари бор. Кўприкнинг ўзи эса каттакон бир харсангтошга ўрнатилганди. Бу қурилма гўёки ҳеч қачон ўрнидан қўзғатилмаган. Шубҳасиз, бу йўлимдаги жиддий ва мураккаб тўсиқ. Мен тўсиқни енгиб. ғорнинг нариги томонига ўтишим керак. Лекин бирор нарсани ушлаш ёки бирор нимага таянишнинг иложи йўқ эди: айланасига ўткир темир тишлар чиқиб турарди.
Яна Ци қувватининг юксак жамланиши талаб қилинди. Бу сафар бутун қувватни қўлларимга қаратдим, бу кучимнинг борича темир тишларга кафтларим билан қатъий таянишимга имкон берди. Аммо қурилма жойидан жилмади. Ўткир темирларга оёқларимни тираб, қотиб қолган қурилмани силжитишга яна бир ҳаракат қилиб кўрдим. Яна ҳеч қандай ижобий натижа йўқ. Бироқ мен мағлуб бўла олмасдим. Озгина нафас ростлашни хоҳлардим, аммо бунинг ўрнига фикру ҳаёлимни жамлаб, Ци қувватини бошқаришга киришдим. Тактикани ўзгартиришга тўғри келди. Бир юз саксон градусга қайрилиб, елкам билан кўприкка ётиб олдим. Тисарилиш учун катта майдонни эгаллаб, қурилмани бироз бўлса ҳам бўшатмоқчи бўлдим.
Узоқ йиллар мобайнида бобом раҳбарлиги остида темир қозиқ, мих, найза, гарпун ва шунга ўхшаш ўткир нарсаларнинг босимига дош бериш одатини ишлаб чиқдим. Бу кундалик ва мунтазам равишдаги жисмоний машғулотимдан бири эди: бобом гавдамга найзани тираб, унга ўзининг бутун оғирлигини ташларди. Қуруқ губка сингари юмшоқ мушак тўқимани тешиш жуда осон. Лекин ўзига намни шимиб олган губка мустаҳкам ва эластик бўлиб қолади. Агар баданнинг барча қуввати бир жойга, масалан, қоринга жамланса, юқорида қайд этилган қонунга биноан тери усти ва мушаклар тош сингари қаттиқ ва мустаҳкам бўлиб қолади. Шундай қилиб, барча машғулот ва машқлар пайтида мен камдан-кам жисмоний жароҳат олишим мумкин эди, албатта, баданимдаги арзимас тимдаланган ва шилинган жойларни инобатда олмаганда.
Босимимга дош беролмаган ғилдирак, олдинига ғичирлади ва сал жойидан қўзғалгандай бўлди. Мен бундан руҳланиб, ҳаракатларимни давом эттиравердим. Бироқ энди елкамга ўткир темир қозиқлар кираётганини ҳис қила бошладим. Ўгирилиб, бирламчи ҳолатни эгалладим. Кўзларимни юмиб, Ци қувватини жамладим ва ҳаёлан қурилмани жойидан силжитишга уриндим. Мен таянч кучини қўлларимга ўтказдим. Энди бутун баданим ягона мақсадга қаратилди, яъни тошнинг устида турган кўприкни суришга. Ваниҳоят, оғир тош сурилди, аммо ғилдираклар аввалгидай турарди. Бу ерда мен бутун нафасим қудратини ёрдамга чорлаб, яна медитацияга берилдим. Мен Лоусининг ишончини оқлашим керак, унга панд беришга ҳаққим йўқ. У мен билан фахрланиши керак.
Бутун кучимни тўплаб, ёғоч қурилмани тош кўпригию ғилдираги билан ярим метрга ғор ичкарисига сурдим ва тиззаладим – бутун қувват менинг баданим орқали тошга ўтди. Очилган тор тирқишдан ўтишдан аввал тўхтадим ва ғолибона жилмайиб қўйдим.
Имкон қадар эҳтиёткорлик билан ғор ичидан юрар эканман, ғорнинг ичи ёришаётганини англадим. Синов охирлаб қолганди, аммо одатга кўра, мени яна бошқа синов кўтаётганини билардим. Бирдан қиздирилган темирнинг ҳиди келаётганини хис қилдим. Тез орада ғордан чиқиш ўрни кўринди. Мен ёруғ қуёш нурлари порлаб турганини ва тешикдан бобомнинг соясини кўрдим. Аммо ғордан чиқиш ўрнини қиздирилган металл қириндилар солинган катта дашт қозон тўсиб турарди. Дашт қозоннинг ўзи ҳам ловуллатиб қиздирилган ва унинг оғирлиги чамаси юз килограммдан ошиқроқ эди. Дашт қозондан йўлбарснинг металл панжалари чиқиб турарди, ташқаридан эса танамни тилка-пора қилишга шай турган аждаҳоларнинг тасвирини кўрдим. Бу мардлик, куч-қувват ва саботнинг сўнгги синови эди. Мен Лоусининг юзига тикилиб қарадим. Унинг юз тузилиши ва нигоҳи ҳар доимгидек сирли. Аммо унинг қўллаб-қувватловчи боқишига асло муҳтож эмасдим. Унинг шу ердалигининг ўзи - мен учун катта далда эди.
Мен тинчландим ва Ци қувватини қўлларимга қаратдим. Бир неча лаҳзадан сўнг менинг қўлларим карахт бўлиб қолди ва муз сингари совуқ қотди. Олдимга қараб, мен қўлларим билан аждаҳоларни қучоқладим. Бирпасда куйган жун билан пишган гўштнинг ҳиди келди, аммо мен учун бу ҳеч қандай аҳамиятга эга эмасди. Мен оғриқни сезмадим. Бутун қувватимни жамладим, йўлбарснинг панжаси сингари бақувват қўлларимнинг кучини ишлатиб катта дашт қозонни туширдим. Қозондан чиқиб турган йўлбарснинг металл панжалари зиён етказмаслиги учун, мен қозонни қўлларимни тикка узатганимча ушлаб турардим. Гарчанд сал бўлса ҳам тебраниб, лекин шахдам қадам ташлаб, дашт қозонни ғор ичидан олиб чиқдим ва ҳўжайинимнинг олдига қўйдим. Бирдан бобомнинг чеҳраси ёришди ва у менга қараб жилмайди. Мен қиздирилган қозондан қўлларимни тортиб олдим. Давом этаётган медитация самарасининг кучи туфайли қўлларимдан ҳали ҳам эди. Мен қўлларимга қарадим, елкамнинг аждаҳолар зулукдай ёпишган жойларида куйган катта-катта пўрсилдоқ изларни кўрдим.
Махсус ҳаракат, имо-ишора орқали Лоуси менга ўз иззат-ҳурмат ва эҳтиромини билдирди. (Бундай имо-ишора билан муносиб рақиблар, шунингдек, шогирд ва устозлар бир-бирларига бўлган илиқ муносабат ва иззат-ҳурматни намоён қилади.) Бундай ҳаракат - инь ва ян, яъни қуёш ва ой рамзини ифодалайди. Ўнг қўл бармоқлари мушт қилиб тугилади ва бу ойни ифодалайди. Бу бармоқлар қуёшни ифодалайдиган чап бармоқларнинг очиқ кафтига таянади. Ҳар бир машғулот ёки жанг олдидан мен ҳўжайинимга содиқлигимни айнан шундай ҳаракат ёрдамида ифодалайман. Энди эса умримда биринчи бор Лоуси менга нисбатан шундай ишорани амалга оширди. Мен учун бу жуда катта шараф ва ифтихор эди. Бобом менга нақшли қилич совға қилди. Бу қилич янги мартабамни ифодалайди. Шу вақтдан бошлаб мен кун-фу устаси, Ло Фу Цзай бўлдим.