ЙЎЛБАРСНИ БЎЙСУНДИРИШ
ДЎЗАХ ҚАЪРИДАН ШУҲРАТ ЧЎҚҚИСИГА
ДУНЁ МИҚЁСИДАГИ КУН-ФУ УСТАСИ ҲАҚИҚИЙ ТАРИХИ
Тони Энтони – Йўлбарсни бўйсундириш
Тонининг бувиси будда монахи ва кунг-фу устаси эди. Вақтлар ўтиб Тони ҳам буддавийликнинг издоши бўлди. У шарқ яккакураши бўйича уч карра жаҳон чемпионлиги унвонини ҳимоя қилган ва 20 ёшида Англияга қайтиб бориб, ўз машқларини давом эттирди. Тони шунингдек, тансоқчи бўлишни истаган ҳарбийларга жанг санъатидан сабоқ берарди. Тез орада Тони Энтонининг ўзи юқори маош оладиган тансоқчи бўлди. У бой одамларни, тадбиркорларни, шунингдек араб давлатларидан бирининг элчисини қўриқларди. Уни ажойиб муваффақият кутаётган эди...
Бироқ, Худонинг Тонига нисбатан Ўз режалари бор эди. Тони Масиҳга имон келтириб, Унинг ҳақиқий шогирди бўлгунича ўта қийин синовлардан ўтишига тўғри келди. Тони Энтонининг тарихи – бўлган воқеадир ва у билан танишиш сизни бефарқ қолдирмайди.
Ушбу китоб – кун-фу бўйича уч карра дунё чемпионининг Исо Масиҳ эътиқодига узоқ ва машаққатли йўл босиб ўтгани ҳақидаги автобиографик тарих. Унинг ҳикояси – инсон қандай синов ва йўқотишлар эвазига Худога келиши, Худо уни эзгу мақсадга бошлаши ва инсон ҳаётидаги барча машаққатларни Парвардигор дунёвий неъматларга айлантиришига оид бўлган ажойиб гувоҳлик.
Ушбу китобни чўлда мени даъват қилган
ва ҳозирда бошқаларни даъват қилишни
давом эттираётган Майкл Райтга
бағишлайман
Йўлбарсни бўйсундирсанг – аждаҳони маҳв этган бўласан.
Хитой мақоли
Қўлида тубсизлик қаърининг калити ва катта занжир билан осмондан тушаётган фариштани кўрдим. Фаришта аждаҳони, яъни иблис ва шайтон деб аталган алмисоқ илонини тутиб, уни минг йил муддатга кишанлаб қўйди. Минг йил тамом бўлгунга қадар яна халқларни алдамасин деб, уни тубсизлик қаърига ташлаб қамаб қўйди ва унинг устига муҳр босди. Минг йил ўтгандан кейин қисқа бир муддатга уни озод қилиш керак... Ваҳий 20:1-3
Миннатдорчилик
Китоб ёзила бошланиб, то босилиб чиққунга қадар бўлган узоқ ва машаққатли йўлни бир ўзим босиб ўтмадим. Ушбу китобни яратилишида кўп одамлар ўз ҳиссаларини қўшди.
Авваламбор, рафиқам Сара Энтонига унинг донолиги учун миннатдочилик билдираман. У менинг энг яқин дўстим, илҳомлантирувчи, самимий ва талабчан танқидчим. Қониқиш, баъзида эса чарчоқ келтирувчи хизматим жараёнида, барча қийинчиликларни енгиб ўтишимга у лабларида табассум ила ёрдам бериб, доимо олға юришда мени қўллаб-қувватларди. Шунингдек, мен ўғилларим Этан ва Жейкоб олдида ҳам қарздорман. Мен чарчаб ишдан қайтганимда, улар доимо: “Дадажон, биз сизни жуда соғиндик”, деб кайфиятимни кўтарар эди.
Махсус миннатдорчиликни Анжела Литтлга изҳор этаман. Зеро бизнинг умумий ишимизда унинг чуқур садоқатисиз бу китоб ёзилмаган бўларди. Ҳақиқатдан ҳам, бундай муаллифдош ҳақида фақат орзу қилиш мумкин. Биз бир-биримизни жуда яхши тушунардик. Анжела Литтлнинг сўнмас ғайрат-шижоати мени ниҳоятда руҳлантирарди. Анжела, шундай машаққатли ишга киришиб, бу ишни охирига етказганингиз учун бениҳоят миннатдорман. Мен ким эдиму эндиликда ким бўлганимни тўғри тушунганингиз учун сизга катта раҳмат.
Шунингдек, Анжеланинг турмуш ўртоғи Филга ҳам миннатдорчилик билдираман, чунки у доимо мендан ўз ёрдамини аямаган ва мени ҳар ишда қўллаб-қувватлаган. Қолаверса, уларнинг ўғли, маълум вақтга она эътиборидан четда қолган Самуэлдан миннатдорман. Ушбу китоб устида ишлаш жараёнида Анжелага кўмаклашган дўстларни ва уларнинг оила аъзоларини санаб ўтишга имкон йўқ. Шундай бўлса-да, Гордон ва Доротти Литтл, Тони ва Линда Смит, Кристофер ва Линда Макинтайрларга миннатдорчилик билдираман. Уларнинг ёрдами ва қўллаб-қувватлаши учун раҳмат айтаман.
Шунингдек, Малколма Даунга ва “Authentic Publishing” нашриётининг барча ходимларига уларнинг диққат-эътибори, қатъиятлиги ва шу лойиҳага кўрсатган ишончлари учун миннатдорчилик билдираман.
Адабий хизмат жараёнида мени турлича йўл-йўриқларни кўрсатган биродарлик жамоатига, жумладан, Роберт Лэнди, Мартин Эди, Сара Энтони, Дейвид Коулман, Дейвид Дьюэлл, Патрик Рассел-Мотти, Тин Мэй, Жейн Кристиан ва Лука Добсонга чин дилдан ташаккур айтаман.
Қолаверса, устоз ва мураббийларимни номма-ном санаб ўтишни лозим кўрдим: Жорж Вервер, Стивен Химбери, Гвин Жордан, Дейвид Чадвик ва Пол Уилкокс. Уларнинг доно маслаҳатлари менга ойдин йўл кўрсатиб, ҳаётим ва ижодимни бойитди.
Ва ниҳоят, ҳурматли китобхон, китобни ўқиб чиқишга вақт топганингиз учун сизга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Тони Энтони