Mishel Larou. Enaga yordamga shoshadi - (8–Bob) Kitob O'zbek tilida
Энага ёрдамга шошади (Мишель Лароу) Ўзбек тилида Аудиокитоб
МУНДАРИЖА
Ташаккурнома
Сўзбоши
Энагадан
I–Қисм. Болаларни тўғри тарбиялаш асослари
1–Боб. Оила бошқарувчиси ким?
2–Боб. Бола тарбиялашнинг муваффақиятли беш тамойили
3–Боб. Ота ва она – якдил жамоа
4–Боб. Интизом – ҳақоратли сўз эмас
5–Боб. Ижобий, амалий ва ақлли бўлинг.
II қисм. Болаларни тарбиялаш жараёнида тез–тез юзага келадиган муаммоларни ҳал қилиш бўйича амалий маслаҳатлар
6–Боб . Чақалоқни ухлатамиз
7–Боб. Икки-уч ёшли ва мактабгача ёшдаги болаларда уйқу билан боғлиқ муаммолар
8–Боб. Нонуштага чупа–чупс ва энаганинг бошқа чекловлари
9– боб. «Бу менинг тувагим, истаган вақтимда йиғлашим мумкин!»
10–боб. Шу кундан бошлаб ҳеч қандай жазавага ўрин йўқ
11–Боб. Болага тишлашни йўқотишни ўргатамиз
12–Боб . Сўрғич ҳақида қизғин баҳслар
13–боб. Танаффус олиш вақти келди
14–Боб. Фарзандимнинг нимасидир бошқачами?
15–боб. Болани бошқа одамлар билан бирор нарсани алмаштиришга қандай ўргатиш керак?
16–Боб. Болани тозалик ва тартибга ўргатамиз
17–Боб. Рақобат ёки ҳамкорлик?
18–Боб. “Маҳлуқ”ни бўйсундирамиз
III–қисм. Ота-она қувончлари
19–Боб. Ёш болаларнинг қийин саволлари
20–Боб. Чексиз қизиқувчанлик
21–Боб. «Сен буни уддалайсан!»
22–Боб. Оталар ва оналарга қаратилган далда сўзлар
8–БОБ. НОНУШТАГА ЧУПА–ЧУПС ВА ЭНАГАНИНГ БОШҚА ЧЕКЛОВЛАРИ
Замонавий дунёда барча истакларни зудлик билан қондириш истаги боис уйларимизда тезлик билан тайёрланувчи озиқ–овқат пайдо бўлди. Оналар овқат тайёрлаш учун вақт сарфлаши мумкин бўладиган замонлар ўтиб кетди. Жамият ярим тайёр маҳсулотлар заҳирасини яратиш орқали бу муаммони ҳал қилди. Биз ҳаттоки ёнғоқ мойи ва мураббо сотиб олишимиз шарт эмас. Жамият ярим тайёр маҳсулотларнинг заҳирасини яратиб, бугунги кунда бу муаммони ҳал этди. Ҳозирда битта ўрамда музлатилган ва қисмларга ажратилган мураббо билан ёнғоқ ёғини сотиб олишимиз мумкин. Жуда ҳам ширин!
Энди болаларни овқатлантиришимиз керак бўлса, микротўлқинли печнинг тугмасини босиш кифоя. Лекин буларнинг ҳаммасининг ёқимсиз томони ҳам бор. Афсуски, бизнинг фарзандларимиз осон тайёрланадиган овқатларга ўргандилар. Болаларнинг семизлик ҳоллари бутун дунё бўйлаб кенг тарқалган бўлиб, Қўшма Штатларда ўтган йигирма йил ичида бу ҳолат деярли икки баробар кўпайди.
Мен бутун умр ортиқча вазндан азият чекаётганлигимни тан олиш вақти келди. Бир куни ҳар доимгидай парҳез тутиш учун, олдиндан қадоқланган маҳсулотларни сотиб олиш мақсадида дўконга боришга қарор қилдим. Мен аравачамни пишган мева, ёғсиз гўшт ва турли хил янги сабзавотлар билан тўлдирдим. Буларга қўшимча равишда мен сифатли пишлоқ, бутун дондан тайёрланган нон, ёрма, сут ва йогурт олдим. Мен ушбу маҳсулотларнинг нархини одатда сотиб олган нарсалар билан таққослаганимда, соғлом маҳсулотлар менга икки баробар қимматга тушганига ҳайрон бўлдим! Ҳатто кўпгина озиқ–овқат маҳсулотларини сотиб олувчи оилалар, ярим-тайёр маҳсулотларни олмасликка ҳаракат қилишса ва бу билан бир оз бўлсада тежамкорлик қилишга муваффақ бўлсалар-да, соғлигим учун фойдали бўлган маҳсулотларга кўпроқ сарф–харажат қилишимга тўғри келди. Бироқ, вақт ўтиб, мен бир юз ўттиз фунт вазн йўқотдим ва бу мен ҳар бир ойда қўшимча харажат қилган қилган цент учун арзирди. Овқатланиш учун бу янги ёндашув туфайли мен нафақат соғлиғимни, ўз–ўзимга бўлган ҳурматимни оширдим ва пулларимни тежадим, балки ортиқча вазнга эга бўлганимда, бу тежалган пулларимни ортиғи билан шифокорларга ва дори–дармонларга сарфлаган бўлардим.
Балоғат ёшида тўғри овқатланиш учун ўрганишимга тўғри келди. Бу мен учун осон кечмади, чунки болаликдан бошланган одатлардан қутулиш жуда қийин кечди. Энди эса фарзандларимизни туғилганидан бошлабоқ соғлом турмуш тарзига ўргата бошласак, қанчалик яхши бўлишини кўриб турибман.
ШАКАР ЁКИ СОҒЛОМ РУҲИЯТ
Илмий тажрибалар шуни кўрсатдики, шакар истеъмол қилиш боланинг хулқ–атворига таъсир кўрсатмайди, мен ўзим мустақил тарзда норасмий тадқиқот олиб бордим. Бу тадқиқотларимни касбий билимлардан холи деб бўлмайди, чунки ишимнинг табиатига кўра мен доимо болалар, кўпинча эгизаклар билан ишлайман ва бундай тадқиқотларни ўтказиш учун зарур бўлган кўникмаларга эгаман. Ва мана нимани англадим. Ҳаётдан завқланиб, аҳил ўйнаётган иккита болани мисол тариқасида олайлик. Кейин уларнинг ҳар бирига шоколадли музли музқаймоқ бериб қўйинг, ана шунда сиз ақлдан озган бебош болаларни кўрасиз. Бу натижа бирин–кетин ўз тасдиғини топади – иккала бола ҳам бир хил муносабат билдиришди.
Агар фарзандларингиз ширинликларга шу тарзда муносабат билдиришларини сезган бўлсангиз, «шакар жиннилиги»дан сақланиш учун, менинг маслаҳатимдан фойдаланишингиз мумкин.
Болангизга соғлом овқатланишнинг аҳамиятини тушунтиринг
Авваламбор тўғри овқатланиш ҳақида болангизга тушунтиринг. Шахсан мен тарбияланувчим билан бундай суҳбатнинг муваффақиятидан ҳайратга тушдим. Барча маҳсулотларни уч гуруҳга ажратдим:
- сиз ҳар доим ейишингиз мумкин бўлган маҳсулотлар. Ва қанча керак бўлса шунча! Бу мева ва сабзавотлар;
- алоҳида ҳолатлар учун ишлатиладиган маҳсулотлар. Мен туғилган кунини нишонлаётганлар учун байрамда пишириладиган торт ёки шакарли ширин кулчани назарда тутяпман;
- баъзи–баъзида истеъмол қилинадиган маҳсулотлар. Уларни бир кун давомида бир неча марта истеъмол қилсангиз ҳам бўлади. Бунга гўшт, пишлоқ, қатиқ, сут (шуни ёдда тутингки, тўрт ёшгача бўлган болаларга ёғсиз сут берманг, чунки мияни ривожлантириш учун сутда ёғ бўлиши керак), шунингдек, бутун дондан тайёрланган нон, жўхори ва ёрма.
Бундай ёндашув болага озиқ–овқатларни осонгина таснифлаш ва соғлиқ учун фойдали бўлганларига афзаллик имконини беради. Шуни таъкидлаш керакки, ҳар уч гуруҳдаги маҳсулотни меъёрида истеъмол қилиш ҳузур бағишлаши мумкин.
Болангизга берадиган нарсангизнигина сотиб олинг
Бола нималарни истеъмол қилиши кераклиги ҳақидаги баҳсларнинг олдини олишнинг энг осон йўли, боланинг овқатланиш тартибидан чиқариб ташлаш керак маҳсулотларни сотиб олмасликдир (ёки ҳеч бўлмаганда, боланинг қўли етмайдиган жойда сақлаб туриш). Агар болангиз нонушта учун маккажўхори печеньесини емаган бўлса, уйда уларни сақламанг. Тўғри овқатланишда собитқадамлик муҳим бир рольни ўйнайди: агар болангизга эрталаб ширинлик беришни истамаётганингизни қатъий билсангиз, унда уларга берманг. Кейинчалик ёмон одатлардан қутулишдан кўра, уларга эга бўлмаслик афзал. Агар бола ширинликларга одатланиб қолган бўлса, навбатдаги конфет ёки ширин кулчани еганидан сўнг минғиллашига тоқат қила олмайсиз, кейин унинг бу зарарли одатдан қутулиши қийин бўлади.
Ҳеч қачон кичкинтойингиздан нонушта қилиш учун нима хоҳлашини сўраманг. Биринчидан, боланинг бундай танловни амалга ошириши қийин, иккинчидан, унинг талабларига қандай жавоб беришни билмаслигингиз мумкин. (Масалан, у ёғда кўпчиб пишган кулча ёки газли сув сўрайди.) Агар нонушта учун болангизни ёрма билан боқишга қарор қилсангиз, ундан сўранг: «Қайси ёрмани афзал кўрасан: маккажўхорилими ёки гуручлими?» Агар сиз французча тостлар тайёрламоқчи бўлсангиз, ундан сўранг: «Сенга тостни учбурчак ёки туртбурчак қилиб кесиб берайми?” Агар сиз унга мева беришни режалаштирсангиз, унда сўранг: «Сен қулупнай ёки черника ейсанми?” Бу усулга амал қилиб, сиз болангизга унинг ўзига мос келадиган имкониятларни (иккисидан бирини) тақдим этасиз.
ИНЖИҚ ХЎРАНДАНИ ЭРКАЛАМАНГ
Агар бола инжиқ ва ўжар бўлишни бошласа, унга алоҳида–алоҳида овқат тайёрлашни қоида қилманг. Боланинг “мен истамайман” сўзларига жавобан бошқа нарса пиширишни бошлаганингиздаёқ, бола уни айтганини қилишингизни тушунади. Бундан бошлаб, сиз давра атрофидаги жангларда иштирок учун тайёргарлик кўришингиз мумкин. Агар бола сиз таклиф қилган иккита таомдан бирининг номини айтган бўлса, ўзи танлаб олган овқатини ейиши керак. Агар у оч бўлмаса (бу агар тез–тез сизнинг таклифингизни рад этишнинг ҳақиқий сабаби бўлса), унда овқатни пакетга солиб, болага бу овқатни оч қолганда, кейинги овқатланишда ейишини айтинг.
Мен, болалар инжиқ туғилмайди, деб ишонаман, уларни оиладаги вазият инжиқ қилади. Барчамиз биламизки, уларнинг кўпчилиги ривожланишнинг айрим босқичида маълум бир консистенциядаги, рангдаги ёки таъмдаги маҳсулотларни ёқтирмайдилар, Бунда у ёки бу нарсага аллергияси бўлган болалар алоҳида ҳолатларни ташкил этади.
Мен ўн бир йиллик тажрибага эга бўлган энага сифатида шуни айтишим мумкинки, эртами ёки кечми айрим маҳсулот ва таомни синаб кўрмайдиган болаларни учратмадим. (Менинг васийлигимдаги болалар ҳатто мен яқинда тотиб кўрган ва менга ёқмаган суши ейишади.) Эртами ёки кечми – бу асосий сўзлардир. Агар болангизга кеча олма пюреси ёқмаган бўлса, бу ўша таомнинг унга ҳеч қачон ёқмаслигини билдирмайди. У қайсидир таомни рад қилган бўлса, орадан бир ҳафта ўтгач, яна шуни еб кўришини таклиф этинг. Натижа сизни жуда ажаблантириши мумкин.
Шахсан мен гўшт ва картошка еб ўсганман. Мен Янги Англияда йигирма саккиз ёшимда биринчи маротаба балиқ еб кўрдим! Энди мен уни жуда яхши кўраман ва ҳафтасига камида икки марта истеъмол қиламан. Мен балиқни истеъмол қилишдан қўрқардим, сабаби бу мен учун янги ва ғайриоддий эди, чунки болалик йилларимда балиқ истеъмол қилмаганман. Мен уни еб кўрган бўлардим, лекин менга унинг тайёрлангани ёқмаган. Шунинг учун, агар бирорта балиқ овқат ёқмаса, уни тайёрлаш учун янги рецепт топинг ёки бошқа балиқни синаб кўринг.
Агар баъзи маҳсулотлар фойдаси ҳақида билсангиз, улар сизга завқ беришни бошламагунича, улар билан тажриба қилсангиз арзийди. Болангиз улғайиб қолганида, уни нафақат таъм сезгилари (эҳтимол, сиз келажакдаги ошпазни ўзингизда тарбия қилаётгандирсиз), балки овқатланишни ёқимли машғулотга айлантиришга имкон берадиган турли хил маҳсулотлар билан таништиринг.
ЗАРАРЛИ ТАМАДДИЛАР СОНИНИ КАМАЙТИРИНГ
Мен ошхона учун жавобгарман ва таом тарқатиш ҳуқуқи фақат катталарга тегишли эканлигини таъкидлайман. Бу сизни болангиз билан соатлаб баҳслашишдан сақлаши мумкин бўлган ажойиб қоида. Агар сизда болангиз билан ишонч муносабатлари ривожланган бўлса, демак у сизни албатта ўзи ҳақида ғамхўрлик қилади, деб билади. Болангиз агар бунга тайёр бўлмаса, овқатни ўзи олишига йўл қўйманг. Худди шунингдек, мактабгача ёшдаги болага ўткир пичоқлар тўпламини ишониб топширмаганингиздек, уларга музлатгични бемалол очишга рухсат берманг ёки омборхонада эркин ҳаракатланишига йўл қўйманг. Акс ҳолда, у қачон ва нима билан овқатланишни ўзи ҳал қилади. Бундай ҳолларда одатда қуйидагилар бўлади: сиз столга янги тайёрланган соғлом маҳсулотлар тушлигини қўясиз, лекин бола уни рад этади. Рад этилишининг сабаби – қорни тўқ, чунки у бутун эрталаб ўзи танлаган фойдаси кам маҳсулотлардан еб олган.
Тарбияланувчиларим мен белгилаган вақтда фойдали ва тўғри тайёрланган таомларни ейишга ўргатилганлари учун, орада тамадди қилиб олиш одатларини ўзлаштиришмаган. Ҳар бир таом ўз таркибида сут, дон, мева ёки сабзавотли овқат ва сув бўлган. Биз ярим соат оралиғида белгиланган бир вақтда овқатланардик. Нонушта соат 7:30 да, 12:00 да кундузги тамадди, 17:00 да тушлик. (Ушбу жадвал болаларнинг мактабда ўтказган вақти ва мактабдан кейинги фаолияти билан мукаммал мос келади.) Агар мунтазам равишда ва бир вақтнинг ўзида кичкинтойнинг ёшига мос, юқори сифатли озиқ–овқатлар билан боқилса (ўртача ҳисобда икки ёки уч ёшлик бола катталарга мўжалланган таомнинг чорак қисмини ейди), кейинги таом вақти бошланиши билан, боланинг танаси «оч қолганлик» белгиларини юбора бошлайди.
МЕЪЁРЛИ ОВҚАТЛАНИШГА ИНТИЛИНГ
Одатда уйда нонушта қилиш учун менинг тарбияланувчиим эритилган пишлоқ, бир неча бўлак мева билан бутун дондан тайёрланган кулча ейишади ва сув ёки сут ичишади. Тушдан кейин бир донадан бутерброд–дудланган чўчқа гўшти ёки курка гўшти бўлаги қўйилган сэндвич ейишади (Бу махсус ҳикоя. Биринчи марта мен энага сифатида иш бошлаганимда шу нонни тотиб кўрдим! Бу эса оиладан келаётган фойдали ва зарарли одатларнинг ҳам барқарорлигини яна бир бор исботлайди!) Баъзан, албатта, ўғил болалар ўзларининг суюмли ёнғоқ сарёги билан мураббони (ва унга қўшимча равишда оқсил камчилигини тўлдириш учун бир парча пишлоқни ҳам олишади). Бунга мен сабзи ёки ловия ва мева каби янги сабзавотларни қўшаман. Улар ўз таъбларига кўра, сут ёки сув ичишади.
Энг муҳими, ҳафта давомида болалар мувозанатли парҳезли овқатга эга бўлишади. Албатта, вақти–вақти билан биз оладья ва шоколадли увоқлари билан ўзимизни сийлаймиз, аммо барча кейинги ҳафта биз онгли равишда ширинликлардан ўзимизни чеклаймиз. Фарзандларингизнинг овқат рациони ҳақида тушунча олишингиз учун, улар ҳафта давомида нима овқат еганликларини таҳлил этинг.
Менинг ёш тарбияланувчиларим соғлом овқатни тўғри нисбатда истеъмол қилсалар–да, улар қайсидир бир куни қўшимча овқат егилари келиб қолади... ёки ҳеч бўлмаса, менга шундай туюлади. Бундай ҳолларда уларга «ҳар доим ейиш мумкин» бўлган маҳсулотлар рўйхатидан танлашларига рухсат берилади. Очликдан “ўлаётган” болаларнинг майиз ейишдан қандай воз кечаётганини кўриш жуда қизиқ!
Катталар ҳам, ёш болалар ҳам биргаликда овқатланиш оилавий ҳаётнинг муҳим қисми эканини англай олишади. Масалан, Фрейзер ҳар кеча онаси ишдан қайтганида оч қолганини эълон қилади. Онаси пальтосини ечишга улгурмасдан, у музлатгичда олдида пайдо бўлади. Мен мийиғимда кулиб, кейин нима бўлишини кутиб тураман.
– Онажон, ширинлик олсам бўладими? – секинлик билан сўрайди Фрайзер.
– Шелл ҳали сизга ширинлик берганмаганмиди? – деб сўрайди онаси.
– Ҳа, лекин у менга ёқмади.
– Тушунарли, – дейди онаси. – Аммо сен уни еб қўйдингми?»
– Едим. Сиз мен билан фахрланасизми? – Фрейзер табассум билан давом этмоқда. – Ҳа, Фрейзер, мен сен билан фахрланаман.
– Демак, ширинлик олишим мумкинми? – У онасининг оёғига майинлик билан ёпишади.
– Албатта, Фрейзер. Майиз ейишинг мумкин.
(Ана шунда таълимнинг муҳим муаммоларини ҳал этишда изчиллик ва якдиллик тамойиллари қойилмақом тарзда ишлайди!)
Бир неча дақиқадан сўнг онаси ўйинга қайтган Фрейзерга қарайди:
– Фрейзер, сен очмисан?
– Мен майиз ейишни хоҳламайман, – дейди у. – Мен, овқат емасликка қарор қилдим.
Бу ҳикоянинг ахлоқий тарафи шундай: болангиз сизнинг кўзингизга оч кўринса ва сиз у тамадди қилиб олиши керак, деб ўйласангиз, унга «ҳар доим овқатланиши мумкин» бўлган маҳсулотлар рўйхатидан бирор нарса таклиф қилинг, ана шунда ҳақиқатдан ҳам унинг очлигига ёки ёки бошқа бирор сабабга кўра овқат сўраганлигига ишонч ҳосил қилишингиз мумкин.
Омборхонага фақат катталар бориши ва музлатгични очишга рухсат беришга қаратилган менинг йўналишим – эгизакларни ўзимиз овқатлантираётган вақтларда амалга ошади, шу боис болалар музлатгични ўзлари очишларини хаёлларига келтиришмади. Агар уларда буни амалга ошириш истаги туғилса, бундай тажриба етишмаслиги туфайли қила олмасдилар. Олдинги бобларда айтилганидек, сизнинг кун тартибингиз ва овқатланиш тартибингиз болангиз нима ва қачон ейишини назорат қилиш учун, айниқса, муҳим аҳамиятга эга. У мактабга бориб, ўзининг ҳаракатлари учун жавоб беришни ўрганса, сиз аста-секин тақиқларингизни ола бошлайсиз. Лекин ҳаётингизни енгиллаштириш ва болани соғлом сақлаб қолиш учун, унга музлатгич ва омборхонани очишига рухсат берманг.
ШИРИН ИЧИМЛИКЛАР ИСТЕЪМОЛИНИ КАМАЙТИРИНГ
Шарбатлар ва яхна ичимликлар масаласига алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман. Улар арзон ва ишлатиш учун қулай бўлса–да, уларнинг таркибида шакар кўп ва «бўш» калорияларнинг манбаидир, аслида болалар бу калорияларни бошқа соғлом озиқ–овқатлардан олишлари мумкин. Бу ичимликлар (у фруктоза бўлса ҳам) жуда кўп шакарни ўз ичига олади. Ва натижа бир хил бўлади – ортиқча вазнли бебош бола. «Болалар вазнини назорат қилишнинг бир йўли – ширин ичимликлар истеъмол қилишни камайтиришдир», – деб ҳисоблайди Атлантадаги болалар касалликларининг олдини олиш ва даволаш Маркази ходими Джин Уэлш.
Шарбатлар ва бошқа ширин ичимликларга нисбатан бундай ҳукм чиқарилганинг сабаби, улар тиш эмалига ҳалокатли таъсир кўрсатади, чунки улар консентрланган шарбатдан тайёрланади ва таркибидаги шакар тиш кариесига олиб келади. Америка тиш докторлари уюшмасининг маълумотларига кўра, «ширин ичимликлар ва ўз таркибида шакари бўлган маҳсулотлар тишга тез–тез тегиб турса, кариес хавфи ортади».2
Бизнинг уйимизда шарбат «вақти–вақти билан» истеъмол қилинадиган маҳсулот сифатида рўйхатга олинади ва болалар уни доимо ичишга умид қилишмайди. Кўпинча улар сув ёки сутни танлашади. Тарбияланувчиларим тўрт ёшга тўлганларида шарбатни илк бора татиб кўришган.
Эгизаклардан бири яқинда онаси ва дўсти билан ресторанда менсиз овқатланди. Унинг онаси менга қўнғироқ қилиб, Остинга мева шарбати буюрганини, аммо у мулойимлик билан рад қилиб, ўрнига сув ёки сут сўраганини айтди.
– Бу қизиқ–ку! – дедим мен. – Хўш, у яна нима деди?
– У қўшиб қўйди: «мен тушликдан кейин ширинлик сифатида музқаймоқ истайман! Шунинг учун ҳозир шарбат ичишим мумкин эмас. Энагам жуда кўп шакар мен учун зарарли, деб ўйлайди, чунки мен бунинг оқибатида инжиқ ва зўравон бўлиб қоламан». Мен кулиб, бундай вазиятда бир марта истисно қилса бўлади, деб айтди, лекин Остин ўз сўзида туриб олди ва у олдин сиз билан маслаҳат қилиши кераклигини айтди.
– Ҳа, бу кулгили! – дедим мен – Майли, у билан гаплашиб кўраман.
Телефон гўшагини Остин кўтарди.
– Азизим, агар сен ҳали ҳам мева ичимлигини хоҳласанг, мен уни ичишга рухсат бераман, кейин ширинлик учун музқаймоқ ейишинг ҳам мумкин.
– Ростданми? – хурсанд бўлди у.
– Хўш, бугун махсус бир кун экан, шунинг учун сен унисини ҳам, бунисини ҳам олишинг мумкин!
Шундан сўнг, мен узоқ вақт давомида Остиннинг энг яхши дўсти бўлдим. Лекин ўйламанг, аҳмоқлигимдан бундай рухсатни бермадим. Мен уларнинг онаси бундай алоҳида кунда ҳам ширинликлардан мазза қилиб бўкиб олган икки шўх ўғил болаларни эплашини яхши билардим. Ўшанда менинг дам олиш куним эди! (Энаганинг махсус дам олиш кунлари ҳам бор.)
Аслида, катта байрамларда ва махсус ҳолатларда истиснолар қилишингиз мумкин бўлган қатъий қоидаларни ишлаб чиқиш жуда осон. Нима учун? Чунки ўшанда болаларда сиз босиқ оҳангда мурожаат қилишингизга ва бошлиқ эканлигингизга шубҳа бўлмайди.
АНИҚ ҚОИДАЛАР – СОҒЛОМ БОЛАЛАР
Сиз Остин мисолида ишонч ҳосил қилганингиздек, болалар овқатланаётганда ёки юриш-туриш борасида ўзингиз кутганингиздек ҳаракат қилишади. Сиз етакчисиз ва улар сизга бўйсунадилар. Остин ширин шарбатни рад этиб, ўзини алдангандек ҳис этмади. Бу қоидани у ўз манфаатлари учун мавжуд деб биларди ва ваъда берилган музқаймоқдан завқ олишга шайланди. У катталар томонидан қабул қилинган қарорларга итоаткорлик ва ишончга асосланган ўз-ўзини назорат қилишни кўрсатди.
Келажакда Остин ўзи учун нима яхши ва нима ёмонлигини қандай фарқлашни яхшироқ билиб олади. У катта бўлганда, озиқ–овқат танлашда онгли қарор қабул қилади. Бизнинг якуний мақсадимиз боланинг тўғри ўсиб тарбияланишига қаратилган; бироқ, ҳаётининг илк даврида меҳрибон ва нуфузли одамига доимий бўйсуниши орқали, у роҳат олишни кейинга қолдиришга ўрганади ва бу учун мукофотланишини билиб олади.
Менга савол бермай ёки деярли савол бермасдан ишонишни ва итоат қилишни ўрганган болалар билан энага сифатида ҳозирги кунда фахрланаман. Бундай ишончни қозониш учун кўп вақт ва куч сарфланиши аниқ. «Энага яна қутқариш учун шошади! Бошланғич синф тарбияланувчиларининг ота-оналари учун маслаҳатлар» («Nanny to the Rescue Again! Straight Talk and Super Tips for Parenting in the Grade School Years») китобимда катта ёшдаги одамларнинг ҳаммасига ҳам ишониш ва бўйсуниш шарт эмаслигини мактаб ёшидаги болаларга қандай тушунтириш кераклиги ҳақида гапираман.
Книга на Узбекском языке: Няня спешит на помощь (Мишель Лароу)
Почему стоит купить книгу Мишель Лароу «Няня снова спешит на помощь»?
Трудно уложить ребенка спать? Не знаете, как вести себя, клогда он закатывает истерики или отказывается от еды? Не отчаивайтесь — НЯНЯ СПЕШИТ НА ПОМОЩЬ!
Делясь своим богатым опытом работы с детьми, автор подсказывает читателям, как справляться с проблемами, чаще всего возникающими при воспитании маленьких детей. С христианских позиций Лароу раскрывает основопологающие истины, благодаря которым мамы, папы и дети смогут получать больше радости от общения друг с другом.