Mishel Larou. Enaga yordamga shoshadi - (7–Bob) Kitob O'zbek tilida
Энага ёрдамга шошади (Мишель Лароу) Ўзбек тилида Аудиокитоб
МУНДАРИЖА
Ташаккурнома
Сўзбоши
Энагадан
I–Қисм. Болаларни тўғри тарбиялаш асослари
1–Боб. Оила бошқарувчиси ким?
2–Боб. Бола тарбиялашнинг муваффақиятли беш тамойили
3–Боб. Ота ва она – якдил жамоа
4–Боб. Интизом – ҳақоратли сўз эмас
5–Боб. Ижобий, амалий ва ақлли бўлинг.
II қисм. Болаларни тарбиялаш жараёнида тез–тез юзага келадиган муаммоларни ҳал қилиш бўйича амалий маслаҳатлар
6–Боб . Чақалоқни ухлатамиз
7–Боб. Икки-уч ёшли ва мактабгача ёшдаги болаларда уйқу билан боғлиқ муаммолар
8–Боб. Нонуштага чупа–чупс ва энаганинг бошқа чекловлари
9– боб. «Бу менинг тувагим, истаган вақтимда йиғлашим мумкин!»
10–боб. Шу кундан бошлаб ҳеч қандай жазавага ўрин йўқ
11–Боб. Болага тишлашни йўқотишни ўргатамиз
12–Боб . Сўрғич ҳақида қизғин баҳслар
13–боб. Танаффус олиш вақти келди
14–Боб. Фарзандимнинг нимасидир бошқачами?
15–боб. Болани бошқа одамлар билан бирор нарсани алмаштиришга қандай ўргатиш керак?
16–Боб. Болани тозалик ва тартибга ўргатамиз
17–Боб. Рақобат ёки ҳамкорлик?
18–Боб. “Маҳлуқ”ни бўйсундирамиз
III–қисм. Ота-она қувончлари
19–Боб. Ёш болаларнинг қийин саволлари
20–Боб. Чексиз қизиқувчанлик
21–Боб. «Сен буни уддалайсан!»
22–Боб. Оталар ва оналарга қаратилган далда сўзлар
7 БОБ. ИККИ–УЧ ЁШЛИ ВА МАКТАБГАЧА ЁШДАГИ БОЛАЛАРДА УЙҚУ БИЛАН БОҒЛИҚ МУАММОЛАР
ЧАҚАЛОҒИНГИЗГА КАТТАРОҚ КАРАВОТ КЕРАК!
Сиз балки ишонмассиз, аммо чақалоқ мустақил равишда ўз каравотида ухлашга ўрганганида, сиз унга янгисини сотиб олиб беришингиз керак бўлади. Бола каравотдан чиқиб кетишни ўрганиши биланоқ (бу одатда бир ярим ёшдан икки ёшгача бўлган вақтда содир бўлади), у каттароқ ҳажмли каравот қадар ўсди деган маънони билдиради. Бундай жараёнга қандай тайёргарлик кўрасиз? Сиз чақалоғингизни мустақил ухлашга ўргатган вақтда ўзингиз таянган муваффақиятли тарбиялашнинг беш тамойилларини эсланг.
Болангизни янги каравотга «ўтказишда» янги қийинчиликларга дуч келишингиз мумкин бўлса–да, хотиржам бўлинг ва ҳамма нарсани енгишингизни билинг. Мана, бу баъзи амалий маслаҳатлар. Мисол учун, болангизга янги болалар каравотини танлаш учун рухсат беришингиз мумкин. Таниш (ва бола учун қулай) муҳитни сақлаб қолиш учун, сиз унинг биринчи каравоти жойлашган ерга қўйишингиз, бу жойга эса у олдиндан ўрганиб қолган кўрпа–тўшакни солиб, ўзининг севимли адёлини қўйишингиз мумкин.
Мен сизга яна бир сирни айтаман: кичкинтойингиз агар буни қандай амалга ошириш мумкинлигини билмаса, ҳеч қачон тун ярмида каравотидан чиқмайди. Қасам ичаман! Мен бу ақл бовар қилмайдиган даражада янграётганини биламан, лекин бу ҳақиқат. Агар сиз болага кечаси унинг жойи ётоқда эканлигини аниқ тушунтирсангиз, бола у ердан чиқмайди. Бу унинг хаёлига ҳам келмайди! Аммо бу фақат боланинг каравотдан чиқиб кетиш учун биринчи уринишида ва сиз унга шунга ўхшаш гапни айтганингизда иш беради: «Кечирасан, Джон, биз кечаси каравотда ухлаймиз ва ундан чиқиб кетмаслигимиз керак, ўта зарур бўлган ҳоллар бундан мустасно». (Шу билан бирга, тушунмовчиликларнинг олдини олиш учун барча зарур ҳолларни эътиборга олинг, масалан, ёнғиндан қочишга ёки жойингиз эрталабгача қуруқ қолиши учун чақалоқ тувагига бориб келишингизга тўғри келиши мумкин.)
Болалар билан баҳслашмаслик, савдолашмаслик ва уларни асабийлаштирмаслик учун овозингизни кўтармасдан, ҳамма нарсани аниқ айтинг: «Ҳар кеча биз ухлагани ётамиз ва буни ҳозир ҳам бажарамиз». Болалар катталарнинг талабларига мослашади. Агар сиз болангизнинг каравотдан чиқиб келишини кутаётган бўлсангиз, у сизнинг тахминларингизни оқлайди. Агар сиз ундан буни кутмасангиз, у ётоғида жимгина ётади.
Болангиз гўдак каравотини тарк этиб, ҳаётида илк бора оддий каравотга кўчиб ўтишига ёрдам бераётганда, сиз қачонлардир уни мустақил ухлашга ўргатган усуллардан фойдаланишингиз мумкин. Биринчи кечада боланинг каравоти четига ўтириб, орқасини силаб, унга энди шу ерда ухлашини тушунтиринг. Кейинги кеча ергага ўтириб, унга тасалли бериб, шивирлаб тинчлантиринг... лекин у билан музокара қилманг. Учинчи кечаси, бир оз янада узоқроқда ўтириб, ҳеч нарса деманг, фақат яқинида қолинг. Ва шундай тун ортидан тунларни ўтказинг, токи ортингиздан эшикни маҳкам ёпганингизга қадар. Сизнинг чақалоғингиз балки бир оз шовқин қилиши мумкин, лекин сиз уни касал эмаслигига ишонч ҳосил қилсангиз, сабр–тоқат ва қатъият кўрсатсангиз, ана шунда сиз муваффақиятга эришасиз.
УХЛАШГА ТАЙЁРЛАШ
«Яна битта эртак айтиб беринг!» «Яна сув ичгим келяпти!» «Мени яна қучоқланг!» Ва шундай қилиб, сиз токи раҳм сўрамагунингизча шундай ҳолат давом этади. Хўш, бу каби тунги «жанглар»да ғалаба қозониш учун нима қилиш керак?
Биринчидан, ётоқхона ва уйқу ўртасида аниқ муносабатларни яратиш керак. Ётоқхонада ҳеч қандай ўйин бошламанг, болани жазо сифатида у ерга қулфламанг ва у ерда жисмоний фаолиятни талаб қиладиган ҳеч нарса қилманг. Бола фақат уйқу учун шу ерга келиши керак, кейин унинг онгида ётоқхонаси уйқу билан боғлиқ бўлади. Агар сиз кичикроқ уйда ёки квартирада яшасангиз ҳам, бу қоидадан четга чиқманг ва муаммони ҳал қилишга ижодий ёндашинг. Меҳмонхонангиз бурчакларидан бирини танланг (ёки мос жой мавжуд бўлган бошқа хона), ерга чиройли гилам ёки палосни солинг ва мебель билан боланинг ўйнайдиган бурчагини тўсинг. Сизнинг ҳаракатларингиз ётоқхонада эмас, балки махсус белгиланган жойда ўйнаш кераклигини таъкидлайди.
Иккинчидан, ётишдан олдин амалга ошириладиган барча ҳаракатлар тартибини ўрнатинг. Мисол учун, кечки овқатда тунги уйқуга тайёргарликни бошлаймиз. Биз ҳар доим бир хил вақтда столга ўтирамиз – соат бешда. Кечки овқатдан сўнг, ўғил болалар душ қабул қилишади, пижама кийишади ва ўзларининг ифлос кийимларини саватга ташлашади. Кейин биз сув ичиш учун биринчи қаватга тушиб, тишларимизни тозалаймиз.
Учинчидан, болангиз ётишдан ярим соат олдин, уларнинг ёшига мос кино томоша қилсин ёки ўзи танлаган бирор китобни ўқиб беринг. Ҳар икки ишни ҳам меҳмонхонада амалга ошириш лозим. Агар бола ётишдан олдин баъзи нарсаларни завқ билан кутаётган бўлса, унда боланинг душга тушиш, тишларини тозалаш ва ҳаттоки ётоқ кийимини кийишида ҳеч қандай муаммо бўлмайди. У кечки ҳожат ва кийинишидан сўнг, ўзини ёқимли нарса кутади деб билади. Агар иложи бўлса, болангиз ўқиши ёки томоша қилиши учун истаган китоблари ва кассеталарни ўзи танлашини сўранг. Булар ҳиссиётни қўзғайдиган эмас, балки сокин ҳикоялар ва фильмлар бўлиши керак.
Ниҳоят, болани ҳожатхонага олиб бориб, белгиланган вақтда уни каравотига ётқизиб қўйинг. Ўз тарбияланувчимни мен соат етти–ю ўн бешда, шундан бир дақиқа ҳам кечиктирмасдан ётқизаман. Ҳар кеча ётишдан олдин уларни адёл билан ёпаман, қучоқлайман, ўпаман ва уларга эслатаман: «Сиз каравотингиздан чиқмаслигингиз керак, фақат жуда зарурат ҳоллардагина бўлса майли». Яъни, ҳожатхонага бориш зарурати назарда тутилмоқда. Шундан сўнг ёруғликни ўчираман, эшикни бир оз очиқ ҳолатда қолдириб ёпаман ва ниҳоят, болаларга уларни яхши кўришимни айтаман.
Баъзи ота-оналар ётишдан олдин болани тинчлантиришга ёрдам истаб, биргаликда ибодат қилиш учун вақт ажратадилар. Бир танишимнинг менга айтишича, у кичкина бўлганида отаси ҳар куни кечаси қуритиш камерасига чақалоқ кўрпачаларини қўйиб, иссиққина бўлганидан кейин, улар бемалол ухлаб қолишлари учун устиларини ўраб қўйишини эшитган эдим. Шундан сўнг фарзандларини учун ибодат қилиб, уларни ўпар экан. Ҳозирда шу танишим деярли эллик ёшда ва отаси ҳақидаги таъсирли хотиралардан кўзлари намланади. Сизнингча, бу одам (қирқ ёшдан ошганда ота бўлган) фарзандларини қандай қилиб ухлашга ётқизади? Агар уйқуга тайёргарлик изчил ва севги билан амалга оширилса, болада хавфсизлик ҳисси пайдо бўлади, у кечалари хотиржам ухлайди ва бу тайёргарликнинг хотиралари у билан ҳаётининг қолган қисмида қолади.
Ётоқда бизнинг уйқуга тайёргарлик тартибимиз деярли ҳеч қачон ўзгармайди, менинг тарбияланувчиларим уни ёдлаб олганлар ва нималар кутишни билишади – ҳеч қандай кутилмаган ҳодисалар бўлмайди. Албатта, улар вақти–вақти билан сунъий равишда хархашалар қилиб туришади. Мен эгизакларни ухлатишга ётқизганимда, ўша кунларда уларнинг отаси онасидан олдинроқ уйга келса, ҳар доим ҳайрон бўлиб, менга шундай дерди: «Қандай қилиб? Болалар ухлаяптими? Соат бор–йўғи соат саккиз бўлди–ку!». Мен унга бунинг сабабини тушунтиришга ҳаракат қиламан ҳамда болалар, менинг навбатчилик кунларимда, каравотларидан тушиш мумкин эмасликларини билишларини айтаман. Ўғил болалар менинг олдимда (ҳожатхонага боришдан ташқари) буни қилмасликларини, агар менга қулоқ солмасалар уларни маълум имтиёзлардан маҳрум қилишимни тушунадилар. Улар бу ҳақда қандай билишади? Ўз тажрибамиз орқали ишонч ҳосил қилдик. Остин ва Фрейзер мени биринчи марта бардошимни синовдан ўтказишганида, мен ўз таҳдидимни амалга оширдим.
Бир куни кечаси болалар менга қулоқ солишмади ва ётишмади. Мен уларни қаттиқ огоҳлантирдим: «Болалар, агар бирортангиз яна ётоқдан чиқсангиз, биз эртага режалаштирганимиздек Ханнанинг уйига бормаймиз». Беш дақиқадан кейин мен оёқ товушларини яна эшитдим, юқорига чиқдим ва болаларга: “Биз эртага ҳеч қаерга бормаймиз”, деб хонани тарк этдим. Эртаси куни биз ҳақиқатдан уйда қолдик. Мен болалардан кўпроқ ташвишландим, лекин улар мен айтганимни қиладиган, ўйлаганимни гапирадиган эканлигимга тушунушди деб ўйлайман.
Бир куни онаси Остиндан сўради:
– Нега Шелл сизни ётоққа ётқизиб қўйганида жуда яхши ухлайсиз, мен сизни ётоққа ётқизганимда эса жуда ёмон ухлайсиз?» Болалар дарҳол жавоб беришди:
– Онажон, у сиз ўйлагандан ҳам ёвузроқ.
“Қандай даҳшат!” – деган ўй ўтди бошимдан бу суҳбатни эшитгач.
Кейин онаси Остиндан сўради:
– У қандай ёмонлик қилди?
– Агар ётоқдан чиқсам, у мени имтиёздан маҳрум қилишга ваъда берди.
– Қандай имтиёз? – онаси аниқлик киритмоқчи бўлди.
– Билмадим, – деди бола, негаки у айтмоқчи бўлган гапини бутунлай унутганди!
Ушбу суҳбатдан биз тушундикки, Остин учун ёвуз сўзи нимани англатишини, Шелл эса сўзларини шамолга айтмаслигини тушундик, негаки ҳар қандай итоатсизлик муайян оқибатларга олиб келади. Остин каравотдан чиқиб сакрагани учун уни имтиёздан маҳрум қилишимни биларди. Бу ёвуз дегани эмас – бу изчил бўлишни англатади.
ТУНГИ ДАҲШАТЛАР
Бола кўпинча ухлай олмайди, чунки ота-она уни ётқизишни билишмайди. Улар кичкинтойнинг бирор нарсадан қўрқиши мумкинлигига ишонишади ва бунинг олдини олиш чораларини кўришади. Сиз ўзингиздан ҳеч сўрадингизми: «У нимадан қўрқиши керак?» Жавоб аниқ – мутлақо ҳеч нарсадан!
Баъзан болалар қоронғуликдан қўрқишади. Нима учун? Мен турли сабабларга кўра ишонаманки, баъзан ота-оналар ўзлари хоҳламаган равишда уларга қўрқув ҳиссини сингдирганлар. Эҳтимол, ота-она ўзлари болалигида қоронғуликдан қўрқишган ва боласини бу қўрқувдан қутқариш учун чироқни ёқиб қолдиришади. Бироқ, зулмат тинч уйқу билан боғлиқ бўлса, ҳатто тўлиқ зулматда ҳам чақалоқ ўзига ишонч ҳис этиши мумкин. Албатта, тун ёруғлигининг хира нури болага зарар етказмайди, аксинча, тинч муҳит яратади. Лекин у тунги хира нур бўлиши керак, боланинг каравотига катта нур тарқатувчи стол чироғи бўлмаслиги керак. Ишонч билан чироқни ёқинг ва болага қоронғуда бўлиш хавфсиз эканлигини айтиб, чироқни ўчиринг: «Нур ўйнаш учун керак, қоронғулик эса – ухлаш учун».
Болангизни зулматда ухлаб қолишга ўргатиш учун (бунда у қаттиқроқ ва узоқроқ ухлайди) ёруғликни назорат қилувчи регулятор билан чироқ сотиб олинг. Ҳар куни деярли қоронғи ёки ёруғлик жуда хира бўлганга қадар хонадаги ёруғликни камайтириб боринг. Шунда болага иккиланмасдан айтишингиз мумкин: «Энди сен катта бўлиб қолдинг, ёруғликни ўчиришимиз мумкин». Агар сиз болага ушбу сўзларни айтсангиз, қоронғуликда ухлашга ўрганиш бола учун бир байрамдек бўлиши мумкин: «Ушбу ҳафтанинг охирида биз байрам ташкил қиламиз. Ҳар кеча ётоқхонангдаги чироқларни бироз хиралаштираман, ҳафта охирига келиб эса қоронғуда катта болакайга ўхшаб ухлаб қоласан! Ва бу содир бўлганда, мен сенга бирор совға бераман”. Совға сифатида болангизга юмшоқ ўйинчоқ ёки янги пижама сотиб олинг.
Қоронғуликдан қўрқишда давом этаётган болага кичикроқ фонар бериш мумкин, болага унинг ичида батареялар борлигини ва улар ишдан «чарчаганларида» ёруғлик хиралашишини тушунтиринг. (Кун давомида фонарни ўчирилган ҳолда қолдиришни унутманг.) Охир–оқибат, батарейкалар қувватсизланади ва чақалоғингиз сокин зулматда ухлаб қолади!
Болани ушбу янгиликни қабул қилгани учун мақтанг ва янги «ғалабалар» сари руҳлантиринг.
ЁВУЗ МАҲЛУҚЛАР ВА ХАЁЛИЙ ДЎСТЛАР
Болангизни ётоққа ётқизаётганингизда, сиз тунда унинг ёнига «келадиган» ёвуз маҳлуқлар ва бошқа хаёлий мавжудотлардан қўрқувига дуч келишингиз мумкин. Болангизни қўрқувлардан халос қилиш учун сиз иккита вариантдан бирини танлашингиз мумкин: уларни эътиборсиз қолдиринг ёки уларни тан олинг. Иккала усулни ҳам синаб кўрдим. Ҳар иккаласи ҳам самаралидир шунингдек, ҳар бирининг ўз афзалликлари ва камчиликлари бор.
Маҳлуқларга эътиборсиз бўламиз
Сизнинг болангиз баъзи маҳлуқлардан қўрқуви ҳақида гапирса, болага шунчаки, улар мавжуд эмас, деб айтинг. Мавжуд нарсалардан қўрқиш мумкин, аммо кичкинтой бир ёшлигида ҳам, икки ёшида ҳам, уч ёшли бўлсада улар келмаган бўлса, бундай маҳлуқлар йўқлигини қўшиб қўйинг. Ушбу ёндашувнинг афзаллиги шундаки, болага сизга ишонишига ва сўзингизга таянишни ўргатасиз. Сиз унга ҳам мавжуд ва хаёлий нарсаларни фарқлашни ўргатинг. Бунинг камчилиги шундаки, бола, ҳеч нимадан қўрқмаса бўлади, деб ўйлаши мумкин, айнан шундай тушунчани унга сингдирмаслик керак. Буни олдини олиш учун яна бир бор такрорланг: «Азизим, қўрққанингда ҳеч қандай ёмон нарса йўқ. Биз ҳаммамиз ҳам баъзан қўрқамиз. Лекин мавжуд бўлмаган нарсадан қўрқмагин. Ҳеч қандай маҳлуқларнинг ўзи йўқ».
Маҳлуқларни тан оламиз
Муайян ёшдаги болаларнинг интеллектуал имкониятларига қараб, юқоридаги усул таъсир қилиши ёки таъсир қилмаслиги мумкин. Болангиз хонада бир маҳлуқ бор деб ишонса, унда сизнинг мантиғингиз иш бермайди. Мен баъзан боланинг мантиғига амал қилиб, уларга хаёлий маҳлуқни мағлуб этишларига ёрдам бериш осонроқ эканини англадим.
Унда қуйидагиларни бажаришингиз мумкин. Сув билан сув сачратқични тўлдиринг, болани уни маҳлуқларга қарши қурол эканлигига ишонтиринг. Бола уни каравотининг турли жойларга пуркаши мумкин. Кичик болалар бу ҳаракатни маҳлуқни йўқ қилиш билан боғлайдилар ва у ғойиб бўлганига ишонишади. Бу усулнинг афзаллиги шундаки, бундай тартибдан сўнг бола ўзини осонгина, хавфсиз ва маҳлуқдан устун кучга эга, вазиятни назорат қила оламан, деб ўйлайди. Бу усулнинг камчилиги шундаки, сиз маҳлуқларни йўқ қилиш зарурлигини тан олдингиз, бу эса болада, маҳлуқларни барибир мавжуд, деган фикрни шакллантиради.
Бироқ, сиз боланинг муаммосини ҳал қилган ҳолда юрагингизни ғашламаслигингиз мумкин. Одатда мен ўз тарбиямдаги болага шундай дейман: «Яхши, азизим. Мен сенга маҳлуқлар йўқ деб айтганман, бу эса ҳақиқат. Уларни ўйлаб топишган. Аммо биз сен билан маҳлуқларни ўйнашимиз мумкин. Кел, улардан хонани тозалашга ҳаракат қиламиз. Бунинг учун, биз бу спрейдан сув сепамиз. Бўлди, маҳлуқлар бошқа йўқ!»
КУНДУЗГИ УЙҚУ КЕРАК
Кўпчилик ота-оналар кундузи ухлаган бола кечаси ухламайди деб ҳисоблашади. Болалар билан ишлаган йилларимда бу фикрнинг нотўғри эканлигини тушундим! Яна бир ҳақиқат ҳам адолатли: дам олган боладан кўра ҳолдан тойган болани тинчлантириш учун ва кечқурун ухлаб қолиши учун кўпроқ вақт керак.
Доктор Фербернинг «Болангизнинг уйқу муаммоларини ҳал қилиш» китоби болалар уйқуси ҳақида бир қатор нотўғри тасаввурларни тарқатиб юборади (масалан, кундузи ухлаган боланинг кечаси ухламаслиги ҳақида). Бунда турли ёшдаги болалар учун кундузги ва тунги уйқу учун қанча вақт талаб қилинганлиги ҳақидаги маълумотлар билан ажойиб жадваллар тақдим этилган.
Болангиз қанча вақт ухлаши керак?
Умуман олганда, янги туғилган чақалоқлар уйғоқ пайтларидан кўра кўпроқ ухлашади. Ўртача, улар бир сутка давомида (ёки камида) 16 соатдан 20 соатгача ухлашади! Уч ойлик чақалоқлар кечаси 10 соат атрофида ва кун давомида 5 соатлаб ухлашади. Биз «тунги уйқу» деб ҳисоблайдиган бу 10 соат давомида, чақалоқ бир неча марта йиғлаб, онасини чақиради. 6 ойдан 12 ойгача бўлган болалар одатда кундузи 3 соат (эрталаб ва тушдан кейин бир ярим соат) ва кечаси 11 соат атрофида ухлашади.
Одатда, бир ёшдан уч ёшгача бўлган болаларнинг кундузги уйқу вақти қисқариб боради. Лекин бу турли оилаларда бир хилда кечмайди. Чақалоқлар кун давомида хоҳлаганича ухлашлари керак, деб ҳисоблайман. Аста-секин кундузи икки марта эмас, бир мартадан ухлайдилар ва уларнинг уйқу вақти уч соатдан бир яримгача қисқаради, кучли тунги уйқу эса 9–10 соат давом етади. Тўрт ёш ва ундан катта ёшдаги болалар одатда кундузи ухлашдан тез–тез бош тортадилар (улар жуда ҳам чарчаб қолганларида ерда ётиб ухлаб қолишлари бундан мустасно). Уларга тундаги 10–12 соат уйқу керак.
Боланинг кундузги уйқуси стресс манбаи бўлиб қолмаслиги учун нима қилиш керак?
Мана сизга боланинг кундузги уйқуси стресс манбаи бўлиб қолмаслиги учун нима қилиш кераклиги ҳақидаги баъзи маслаҳатлар.
Сиз кундузги уйқуни мунтазам тизимли қилинг. Агар болангиз эрталаб ва тушликдан кейин ухлаши кераклигига қарор қилсангиз, у бундай кун тартибига табиий равишда кўникади. Сиз қандай белгилаган бўлсангиз, унинг биологик соати шундай ишлайди. Сиз кун режангизни боланинг уйқу вақти билан режалаштиришингиз мумкин, лекин кундузги ухлаш вақтида сиз уйда бўлишингиз талаб қилинади, дегани эмас!
Болангиз фақат ўз караватида ухлаши шарт эмас. Агар сиз уйда бўлмасангиз, унда болангиз ўз аравачасида ухласин ёки у кундузи ухлаганида автомобилда узоқроқ жойга боришни режалаштиришингиз мумкин. Чақалоқнинг ухлаш вақти келгани сизни режаларингизни ўзгартирмаслиги керак!
Ухлаб ётган болани уйғотманг. Агар чақалоғингиз ухлаётган бўлса, демак, бу унга керак. Эҳтимол, у тез ўсиш даврида, касаллик билан курашаётган чоғида ёки жуда чарчаганида ухлаётгандир. Ухласин. Сизни бирдан уйғотишларини ёқтирасизми? Йўқ, бу фавқулодда ҳодиса бўлмаса агар!
Болага кундузи ухлашга мажбур эмаслигини тушунишига йўл қўйманг. Болангиз чарчаган эмаслигини даъво қилса, унга рози бўлинг, лекин кейин ундан ётоқдаги каравотида «дам» олиши ҳақида илтимос қилинг. Ҳарқалай, у ухлаб қолса керак.
УЙҚУ БИЛАН БОҒЛИҚ МУАММОЛАР ЮЗАГА КЕЛГАНДА БОЛАГА ПРОФЕССИОНАЛ ЁРДАМ КЎРСАТИШ
Агар мен сизга маслаҳат берган барча усулларни синаб кўрган бўлсангиз ва болангиз ҳали ҳам тун бўйи ухламаса, унда педиатр билан маслаҳатлашинг, ушбу бобда тавсия этилган китобларни ўқинг ёки замонавий оналар ва оталарнинг ажойиб маслаҳатчиси бўлган Интернетга мурожаат қилинг. Агар икки-уч ёшли бола тунда безовталаниб ухлашда давом этса, сиз бу муаммоларни ҳал этишга ихтисослашган шифокорларни топишингиз мумкин. Педиатрингиз сизни ушбу мутахассислардан бирига мурожаат қилишингизни тавсия қилиши мумкин. Бу эса болангизда нафас олиши билан боғлиқ муаммолар бор деб тахмин қилаётган бўлсангиз ёки тинч ухлаши учун унга халақит бераётган қандайдир жисмоний камчиликлар бўлганида ниҳоятда зарур.
Энди барчангизга яхши дам олишингизни тилайман. Хайрли тун!
Книга на Узбекском языке: Няня спешит на помощь (Мишель Лароу)
Почему стоит купить книгу Мишель Лароу «Няня снова спешит на помощь»?
Трудно уложить ребенка спать? Не знаете, как вести себя, клогда он закатывает истерики или отказывается от еды? Не отчаивайтесь — НЯНЯ СПЕШИТ НА ПОМОЩЬ!
Делясь своим богатым опытом работы с детьми, автор подсказывает читателям, как справляться с проблемами, чаще всего возникающими при воспитании маленьких детей. С христианских позиций Лароу раскрывает основопологающие истины, благодаря которым мамы, папы и дети смогут получать больше радости от общения друг с другом.