Mishel Larou. Enaga yordamga shoshadi - (3–Qism,19–Bob) Kitob O'zbek tilida
Энага ёрдамга шошади (Мишель Лароу) Ўзбек тилида Аудиокитоб
МУНДАРИЖА
Ташаккурнома
Сўзбоши
Энагадан
I–Қисм. Болаларни тўғри тарбиялаш асослари
1–Боб. Оила бошқарувчиси ким?
2–Боб. Бола тарбиялашнинг муваффақиятли беш тамойили
3–Боб. Ота ва она – якдил жамоа
4–Боб. Интизом – ҳақоратли сўз эмас
5–Боб. Ижобий, амалий ва ақлли бўлинг.
II қисм. Болаларни тарбиялаш жараёнида тез–тез юзага келадиган муаммоларни ҳал қилиш бўйича амалий маслаҳатлар
6–Боб . Чақалоқни ухлатамиз
7–Боб. Икки-уч ёшли ва мактабгача ёшдаги болаларда уйқу билан боғлиқ муаммолар
8–Боб. Нонуштага чупа–чупс ва энаганинг бошқа чекловлари
9– боб. «Бу менинг тувагим, истаган вақтимда йиғлашим мумкин!»
10–боб. Шу кундан бошлаб ҳеч қандай жазавага ўрин йўқ
11–Боб. Болага тишлашни йўқотишни ўргатамиз
12–Боб . Сўрғич ҳақида қизғин баҳслар
13–боб. Танаффус олиш вақти келди
14–Боб. Фарзандимнинг нимасидир бошқачами?
15–боб. Болани бошқа одамлар билан бирор нарсани алмаштиришга қандай ўргатиш керак?
16–Боб. Болани тозалик ва тартибга ўргатамиз
17–Боб. Рақобат ёки ҳамкорлик?
18–Боб. “Маҳлуқ”ни бўйсундирамиз
III–қисм. Ота-она қувончлари
19–Боб. Ёш болаларнинг қийин саволлари
20–Боб. Чексиз қизиқувчанлик
21–Боб. «Сен буни уддалайсан!»
22–Боб. Оталар ва оналарга қаратилган далда сўзлар
III ҚИСМ. ОТА-ОНА ҚУВОНЧЛАРИ. 19 БОБ. ЁШ БОЛАЛАРНИНГ ҚИЙИН САВОЛЛАРИ
Бола дарҳол жавоб эшитишни кутган ҳолда савол беради. Бу сизни қийин аҳволга солиб қўяди. Бола деярли ҳар қандай саволга дарҳол жавоб топишингизни кутади.
«Болалар қаердан келади?»
«Уммонга нечта юлдуз сиғиши мумкин?»
Болаларнинг кутилмаган саволларни сўраши менга айниқса ёқади: «Худонинг бурни ичда соч ўсадими?»
Бола дунёда ва ундан ташқаридаги ҳамма нарсаларга қанчалик қизиқувчан! Лекин мени, гўдаги тезроқ гапиришини истаб, кутишга сабри тоқ бўлган баъзи ота-оналар, тушлик тайёрлаётган вақтда икки-уч ёшли боласи – саволларни пулемёт каби ёғдира бошлагач, – бебаҳо фарзанди уларни тинч қўйишини орзу қилишади. Бундан ташқари, болалар жавоб беришдан олдин, кўриб чиқилиши керак бўлган жуда кўп жиддий саволлар беришади. Нима деб жавоб беришни билмасангиз ёки жавобингизни болага аниқ қилиб беришни билмасангиз, вазият мураккаблашади.
Нима қилишингиз керак? Чўнтагингизда сеҳрли кристалл олиб юришингиз мумкин ва ҳар сафар қийин савол берилганда унга қараб, тўғри жавоб беринг. Аммо ҳар қандай бола эртами–кечми сизга берадиган саволларга жавоб беришни олдиндан ўйлаш яхши: «Болалар қаердан келади?», «Худо борми ва У қаерда яшайди?», «Одамлар вафот этгандан сўнг қаерга боришади?».
САВОЛЛАРГА ЖАВОБ БЕРИШГА ТАЙЁР БЎЛИШ
Фақат мени нотўғри тушунманг. Ҳатто энг яхши ота-она ҳам боланинг ҳар бир саволга жавобни олдиндан ўйлаб қўя олмайди. Шунинг учун, баъзан унинг саволлари ва баёнотлари сизни ҳайратга солади ёки ноқулай аҳволга солади. Мисол учун, беш ёшли қизингиз кекса аёлга яқинлашиб, завқ билан унга шундай дейиши мумкин: “Нима учун қорнингиз катталигини биламан! Унинг ичида чақалоқ бор!”
Ҳар бир киши, «Қизиқувчан Варваранинг бурнини бозорда узиб олишди» деган мақолни билса–да, айнан қизиқувчанлик боланинг тасаввурини янада алангалатади, унга янги нарсаларни кашф қилиш хоҳишини ва кашфиётчининг қувватини беради. Буни тушуниш учун сиз бошқа сайёрадан ерга келганингизни тасаввур қилинг, сиз янги ва қизиқарли нарсалар билан ўралгансиз. Бундай вазиятда сиз қизиқувчанлик тимсолига айланардингиз! Болага яқин бўлиш ва унга дунёдаги илк тажрибаларида ёрдам бериш ота-онага ато этилган энг катта қувончлардан биридир. Мавлуд байрамини кўриш, биринчи қор ёки чақалоқнинг кўзлари орқали ҳайвонот боғини кўриш таърифлаб бўлмайдиган қувонч. Бироқ, севувчи ота-оналар, боланинг қизиқишини тўғри йўналтирмасангиз, сизнинг ёрдамингизсиз унинг бу олам ҳақидаги хулосаларини ёқтирмаслигингиз мумкин. Шу сабабдан, доимо «нимага» деб сўрайдиган ёшидаги болангиз ишончли шахсдан ўз саволларига ҳаққоний, тушунарли ва ёқимли жавобларни олиши учун бор кучингизни сарфлашингиз керак.
БОЛА ҚИЙИН САВОЛ БЕРГАНДА НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?
Пердью университетидан (Индиана штати) Джессика Дани ва Джудит Майерс–Уоллс яқин муносабатлар ва одамлар ўртасидаги фарқлар ҳақидаги болаларнинг қийин саволларга жавоб бераётиб, тегишли режани ишлаб чиқдилар. Мен масалалар доирасини кенгайтирдим, лекин режани ўзгаришсиз қолдирдим. Бу мутахассислар, бола сизга қийин савол сўраганида, қуйидагиларни маслаҳат берадилар.
Дастлаб боладан аллақачон билган нарсасини сўранг. Ўз саволига қандай жавоб бериши билан қизиқинг. У, «Нима учун қизлар ўтириб, ўғил болалар эса тик туриб сиядилар?» деб сўраганда, сиз унга «Сенингча нима учун?» деб қарши савол беринг. Бола нима билишини аниқлагач, у тушуниши мумкин бўлган янги маълумотлар билан унинг билимини тўлдиринг. Агар саволингизга, «Менимча, улар бошқача бўлгани учун» каби жавоб эшитсангиз, шундай денг: «Ҳа, сен ҳақсан. Ўғил ва қизлар турли хил тана хусусиятларига эга».
Нима учун болангиз сизга бу саволни бераётганини билиб олинг. Болангиз нима учун бу саволни бергани билан қизиқиб кўринг савол ва жавоб беришдан олдин, уни тўғри тушунганингизга ишонч ҳосил қилинг. Масалан, боланинг, «Мен қаердан келдим?» саволи унинг болалар қандай туғилганини тушуниш истаги ёки қайси туғруқхонада ёхуд қайси шаҳарда туғилганини билиш истаги бўлиши мумкин.
Саволга қисқа ва аниқ жавоб беринг. Қисқа бўлишига ҳаракат қилинг. Бола одатда уни қизиқтирадиган нарсалар ҳақида сўрайди ва узоқ тушунтиришлар эмас, балки саволга оддий жавоб кутади. Агар жавобингиз уни қониқтирмаса, у сўрашда давом этади. Кейинги саволларни кутинг ва уларга қисқа ва аниқ жавоб беришга ҳаракат қилинг.
Ростгўй бўлинг. Бир саволга жавоб бераётганда билганингизни айтинг. Болаларнинг қаердан келиши ҳақидаги саволларга келсак, лайлак ёки карам ҳақида ҳикоя қилмасликка ҳаракат қилинг. Бу, болалар фақат Худодан совға, деб айтиш учун етарли эмас. Бу ибора қанчалик гўзал бўлмасин, тимсоллар фақат болани чалкаштириб юборади. (Мавҳум фикр юритиши боис, укаси осмондан ўралган совға қутисида етиб келганини тасаввур қилади.) Бунинг ўрнига, боланинг туғилиши учун ота-она керак бўлишини, токи туғилишига қадар онасининг қорнида ўсиши лозимлигини айтинг муҳтож эканлигингизни айтинг. Агар сиз болага нима дейишни билмасангиз, унда шундай деб айтинг, лекин унинг саволи ҳақида ўйлаб кўрганингиздан кейин, бу мавзуга қайтишга ваъда беринг.
Тўғри терминологиядан фойдаланинг. Болани чалкаштирмаслик учун тананинг қисмларини тўғри номланг. У тананинг асосий қисмлари номларини билиши керак, шунинг учун жинсий аъзоларни «Dingo» эмас, балки ўз номи билан атанг.
Қийин саволлардан узоқлашманг. Нозик саволларга жавоб беришингиз лозим бўлса, шивир–шивир қилиб, кўзларингизни «қўрқинчли» қилманг. Алоқа учун очиқ бўлинг ва болангизни сиз билан гаплашишга рағбатлантиринг. У сиз билан ҳар нарса ҳақида гаплашиш мумкин, деб ҳис қилсин! Агар ноқулайликни ҳис қилсангиз, жасорат тўпланг ва қанчалик ғалати туюлманг, ҳар доим уни тинглашга тайёр эканлигингизни билдиринг.
Болангизнинг саволларига ҳар доим тайёр бўлинг. Фарзандингизда қандай саволлар туғилиши мумкинлиги ва қандай жавоблар беришингиз ҳақида аввалдан ўйлаб қўйинг. Боланинг, «Нима учун менинг терим қорамтир?» деган саволига пигментация ҳодисасига оид тайёр жавобингизни беришингиз мумкин. «Худо мавжудми?» каби жиддий саволларга жавоб беришда, ўзингизни табиий тутинг ва болангиздан ахлоқий қадриятларингизни ва имонингизни яширманг. Кўпчилик ота-оналар одамлар ўртасидаги яқин муносабатлар ҳақида савол эшитсалар, негадир қизарадилар ва дудуқланишни бошлайдилар.
Мана, ушбу суҳбат қандай кечиши мумкин.
– Болалар қаердан келади? – деб сўрайди уч ёшли Джозеф.
– Ўзинг нима деб ўйлайсан?– дея қарши савол берасиз.
– Онанинг қорнидан, – дейди у, чунки бундай жавоб айнан уч ёшли болага мосдир.
Баъзи уч яшар болалар, оналар болаларни қайд қилиб чиқаради (тарбияланувчиларимдан бири менга шундай деганди!) ёки лайлак осмондан чақалоқларни олиб келади деб ҳисоблашлари мумкин. Бундай ҳолларда айтсангиз бўлади: «Чақалоқлар она қорнида ўсади». Бундай жавоб боланинг тушуниши учун осон бўлган ҳақиқий маълумотларни ўз ичига олади.
БОЛАЛАР КЎП СЎРАЙДИГАН САВОЛЛАРГА ҚАНДАЙ ЎРИНЛИ ЖАВОБ БЕРИШ КЕРАК?
Эртами–кечми, болангиз сизга болалар энг кўп сўрайдиган саволлардан бирини беради. Бизга маълумки, барча болалар ҳар хил ва уларнинг ривожланиш даражаси улар қанчалик маълумотга эга бўлишларига боғлиқ. Болангизни яхши биласиз, шунинг учун унга ҳазм қилиши мумкин бўлган даражада маълумот беринг! Бу ерда, болалар учун соддалаштирилган, олти ёшгача бўлган болангизни қондириши учун жавоблар бор.
Болалар қаердан келади?
Бу савол жуда барвақт берилади, айниқса, агар сиз бошқа фарзандни кутаётган бўлсангиз. Мактабгача ёшда бўлган болалар ўзларининг қандай туғилганини билишга қизиқсаларда, ҳали бу жараённинг барча маълумотларини қабул қилишга тайёр эмас. Агар болангиз чақалоқ она организмига қандай тушгани ҳақида эмас, балки онанинг қайси қисмидан туғилганлиги билан қизиқса, унга қуйидаги жавобни беришингиз мумкин: «Онанинг қорин бўшлиғида бачадон деб аталадиган махсус тана аъзоси бор. Бу ерда чақалоқ ўсади». Агар болангиз бачадон нима эканлигини сўраса, у ўсаётган чақалоқни ҳимоя қилувчи юмшоқ халтача ёки пилла каби эканлигини тушунтирасиз. Бу оддий, ҳаққоний жавоб болангиз кўролмайдиган, аммо тасаввур қилиши мумкин бўлган ҳақиқатни очишга ёрдам беради.
Нима учун одамлар териси турли хил рангларга эга?
Денвердаги ижтимоий муаммолар бўйича тадқиқотлар институтига раҳбарлик қилган Филлис Катц, болаларда ирқчилик ривожланишини кузатиб борди ва олти ёшдан бошлаб ирқчилик кўринишлари юздан токи икки юзтача болада пайдо бўлганини аниқлади.
Болалар кўр бўлмаса, улар ранг ажратиши мумкин ва беш ёшга келиб, деярли ҳар бир бола турли одамларнинг териси турлича рангда эканлигини пайқайди. Улар фарқларни кўргани ва бунинг сабабини билиш учун савол берадилар. Бу саволга жавобингиз ва сизнинг реакциянгиз унинг келажакда ирқий фарқларга бўлган муносабатини ва бошқа одамлар терисининг рангига қандай аҳамият беришини аниқлайди.
Олти ёшли боланинг нима учун одамлар турли хил тери рангларига эга эканлиги ҳақидаги саволига жавоб берар эканмиз, бу ранг ота-онадан болаларга узатилиши ёки одам ирсиятига боғлиқ эканлигини айтиш мумкин. Болангиз томонидан қилинган кузатишнинг тўғрилигини тасдиқланг: «Ҳа, сен ҳақсан, Джоннинг ҳам онаси каби, танаси қора рангда».
Болангизни одамлар ўртасидаги фарқларга хотиржам муносабатда бўлишга ўргатинг. Ер юзида турли элатлар ва маданиятлар кўплигини тушунтиринг. Бундай ёндашув бу мавзуда у билан бевосита ва ҳалол гаплашишингизга ёрдам беради. Турли миллат фарзандлари тасвирланган китобларни ўқиб, расмларини кўрсатишингиз мумкин. Кўплаб шаҳарларда миллий таомлари бўлган ажойиб ресторанлар бор ва сиз болангизга бошқа халқларнинг таомларини еб кўриши, маданияти билан алоқада бўлиш имконини беришингиз мумкин, эҳтимол, ўз халқи ва ватанининг анъаналари ҳақида кўпроқ айтиб бериши мумкин бўлган ўша ресторан эгаси билан таништирарсиз. Бола қандай ранг–баранг дунёни кашф этади! Турли хил идишлар ва таъмлар, қизиқарли одамлар ва ажойиб урф–одатлар! Шу йўл билан у нафақат одамлар ўртасидаги фарқларни кўришни, балки уларни қабул қилишни ва қадрлашни ҳам ўрганади.
Нима учун баъзи одамлар семиз?
Мен таъмга бўлган янгича қизиқишим ва сезиларли даражада нозиклашган қадди–қоматим билан жуда фахрланаман. Болалигимдан мен катта ўлчамли гавдам билан ажралиб турардим ва бунга кўникишга муваффақ бўлдим. 26 ёшда мен ўзим учун энг юқори даражага кўтарилдим: бўйим 5 фут ва 8 дюйм, вазним эса 336 фунт эди*. Ўша пайтда тарбияланувчиларим уч ёшда эди. Кейин бир куни қуйидагилар содир бўлди: эгизаклар ва биз ҳовуздан чиқаётгандик, бирдан олти ёшли бир бола менга ишора қилиб, шундай деди: «Қаранглар! Бу денгиз жодугари Урсула!» Мен ерга кириб кетишга тайёр эдим. Болаларча самимият шафқатсизлик билан чегараланади. Лекин тан олишим керакки, бу воқеа ҳаётимда бурилиш нуқтаси бўлди. Бу боланинг изоҳи ҳаракат қилишим учун белги бўлди: натижада, мен 130 фунтга оздим**. Бироқ, кичик бегуноҳ жонзотнинг бундай ибораси ортиқча вазндан азоб чекаётган одамни тушкунликка солиши мумкин. Хўш, семиз бўлишга мойиллиги бор одамларга нисбатан болани нозикроқ ёндашишга қандай ўргатиш мумкин?
_____________________
* Мишел Лароу 1.73 м бўйи билан 152.4 кг вазнга эга эди. – Ред. эслатма.
** 60 кг. – Ред. эслатма.
Жуда ёш болалар, одатда, ўз кузатувларини ўйлаб ўтирмасдан баҳам кўришади. Уларнинг онгида инсоннинг қиймати ҳали унинг жисмоний танасининг катталиги билан боғлиқ эмас. Вақт ўтиб, оммавий ахборот воситалари, дўстлар ва ҳатто баъзан (афсуски) қариндошлар уларга бу тушунчани бир-бири билан улашни ўргатади.
Бола бирор кишининг нима учун семизлигини сўраса, унинг кузатишлари тўғрилигини тан олинг ва иккалангизга ҳам мос таърифдан фойдаланишни ундан сўранг. Мен ҳар доим, “семиз” – жуда қўпол сўз эканлигини, негаки бу билан бир кишини хафа мумкинлигини тарбияланувчиларимга айтиб, муқобил вариантни уларга таклиф қиламан, масалан, мен бир марта “тўладан келган” сўзидан фойдаланишни таклиф қилдим.
Шундан сўнг Остин ва Фрейзер мендан сўрашди: “Шэлли, нега сиз тўладан келгансиз?” Мен уларга одамларнинг ўлчамлари турли бўлишини, бунга бир неча сабаблар борлигини уларга тушунтирдим: баъзан улар жуда кўп носоғлом озиқ–овқат истеъмол қилишади, баъзан жисмоний машқлар бажармаслик оқибатида, баъзан касаллик боис, баъзан улар табиатан йирик бўлишларини, баъзан эса бунга сабаб топиш мумкин эмаслигини тушунтирдим.
Унутманг, сизнинг тўлаликка муносабатингиз, болада келажакда кишининг вазни ва унингнг шахсиятига нисбатан барқарор тушунчани ҳосил қилади. Унинг кузатувлари ҳақиқатга тўғри келишини рўйи-рост тан олинг, бироқ одамнинг шахсий қиймати билан тана тузилишини боланинг онгига боғламаслик учун сўзларни эҳтиёткорлик билан танлаб гапиринг.
Нима учун кимнингдир отаси (ёки онаси) йўқ?
Албатта, бу саволга жуда кўп жавоблар бор, лекин бир нечтаси айниқса кенг тарқалган деб тан олиниши керак. Бугунги кунда, Америка Қўшма Штатларида, никоҳларнинг ярми ажралиш билан якун топади, шундан кейин ажрашган эр–хотиннинг фарзандлари отасини ёки онасини кўрмасдан, ёлғиз оилаларда ўсади. Баъзи болалар турмуш қурмаган оналардан туғилади, бошқалар ўлим сабабли ўз онасини ёки отасини йўқотишган ёки уларни ташлаб кетишган. Барибир, эртами–кечми фарзандингиз отаси (ёки онаси) йўқ болани учратади. Эҳтимол, менинг ўқувчим, сиз ўзингиз ёлғиз ота ёки онадирсиз ва ўша бошқача бола балки – сизнинг болангиздир. Нима учун бола фақат битта ота ёки она томонидан тарбияланади деган саволга жавобингиз қандай бўлиши керак?
Сиз отасиз ўсаётган ўша бола ҳақидаги фикр фарзандингизда қаёқдан пайдо бўлганига эътиборингизни қаратинг. У бу ҳақда нима учун сўраётганини билинг. Эҳтимол, у ҳеч қачон бошқа ота-онани кўрмагандир, чунки дадаси кун давомида ишда, онаси эса бола билан уйда. Эҳтимол, сўз юритилаётган ўша кичкинтой онаси билан яшар, отаси эса бошқа жойда яшаётгандир. Шунинг учун жавоб беришдан олдин, болангиз нима учун бу саволни беришга қарор қилганини топиш керак.
Бир куни Остинни мактабдан олиб қайтаёт ганимда, у менга деди, «Шэлл, биласизми, нима? Менга шу аён бўлдики , мен онасиз ўсаётган ягона бола эмас эканман!» Бола бу билан нимани назарда тутганини тушунмадим (чунки у онаси борлигини биларди), шунинг учун унга бир неча савол бердим ва қуйидагиларни билиб олдим: бола ишлаётган она биргина унинг онаси эмаслигини назарда тутганди. У бошқа болаларни ҳам мактабдан энагалар олиб чиқишини англади. У аввал бу энагаларни уларнинг оналари деб ўйлаган экан.
Шундай қилиб, сиздан болалар, нега ота-она эмас, балки ёлғиз ота ёки она фарзандини тарбия қилаётганини сўрашса, бола туғилиши учун ҳам ота, ҳам она керак бўлишини, лекин кейинчалик улардан фақат бири фарзандини тарбиялашга тўғри келишини тушунтиринг. Шунингдек, бола тарбиялашда уларга боболар ва бувилар, хола ва амакилар, дўстлари ва асраб олган ота-оналар ёки энагаси ёрдам беришади, деб айтинг. Болага кам ёки кўплаб одамларнинг ёрдам қилиши эмас, балки уларнинг ҳаммаси уни жуда яхши кўриши муҳим аҳамиятга эга.
Агар кичкинтойингиз нима учун бу болани ёки қизни битта ота ёки она тарбиялаётанини кўриб, сўраса, унда сиз тўғри жавоб беришингиз мумкин: «Қуёшим, мен билмайман». Билсангиз, оддий ва лўнда изоҳ беринг: «Ота-онаси ажрашган» ёки: «У фақат онаси билан яшайди». Агар бола савол беришда давом этса («ажралиш нима?»), кейин оддий, тўғридан–тўғри, лекин қўпол бўлмаган жавоб беринг. («Ажралиш – ота-оналар энди эр ва хотин бўлмасликка қарор қилишганидир».) Саволлар яна давом этаверса, бола шунга ўхшаш ҳолат унинг оиласида ҳам содир бўлиши эҳтимоллигидан хавотирда бўлиши мумкин. Уни севишингизни самимий ва ишончли сўзлар билан тасдиқланг, ўшанда бола – оиласи доимо у билан бирга бўлишини англайди. Агарда шундай бўлмаса (эҳтимол, тез орада ажрашасиз ёки оилавий ҳаётингиз яхши кечмайди деб ўйлайсиз), унда қуйидагича денг: «Биз ҳар доим сени севамиз ва сен учун ғамхўрлик қилишдан ҳеч қачон тўхтамаймиз! Аввало, сенга ўзим ғамхўрлик қиламан, лекин бизни севадиган ва керак бўлганда бизга ёрдам берадиган бошқа кўплаб одамлар борлигини ҳам унутма». Кейин болангиздан у ўзини кимларнинг (бобоси, бувиси, оиланинг яқин дўстлари) даврасида хавфсиз ҳис қилишини айтиб беришини сўранг.
Нега кимнингдир иккита онаси (ёки иккита отаси) бор?
Бу саволни эътиборсиз қолдирмоқчи бўлганингизда ҳам, сабр–тоқатли бўлишингиз ва чин дилдан яширмасдан, самимий жавобингизни беришингиз керак бўлади. Мабодо сиз, бир жинс вакиллари ўзаро яқин муносабатда бўлишини (гомосексуализм) одатий ҳол деб ҳисобласангиз, бу ҳақда айтинг. Агар буни ноодатий ҳол деб билсангиз, бу ҳақда ҳам тўғрисини айтинг. Бола саволга жавоб кутмоқда ва агар сиз ўз фикрингизни билдиришни истамасангиз, унга жавоб берадиган бошқа одамни топади, лекин сизга бу жавоб ёқмаслиги мумкин.
Эсингизда бўлсин: агар сиз эътиқодингизга содиқ қолсангиз, бошқа одамларни ўз қарашлари учун айбламаслигингиз керак. Гомосексуализмга муносабатни билдиришнинг бир усули сифатида шундай дейиш мумкин: «Мен аёлларнинг бошқа аёлларга турмушга чиқиши мумкин деб ҳисоблайман (ёки ҳисобламайман). Бироқ, айрим одамлар бу фикрга қўшилмайдилар. Биз уларнинг фикрига қўшилмасак ҳам, барчага яхши муомалада бўлишимиз керак». Шу тариқа, сиз бошқа одамларни айбламаган ҳолда фикрингизни баҳам кўрасиз.
Болангизнинг назарида сиз чексиз ҳикмат эгаси ва билимлар хазинаси эканлигингизни тахмин қилиш осон. Жавобларингиз бола учун самимийлик моделига айланиши жуда муҳим! У мен муҳокама қилмаган (масалан, ногиронлар ёки ўлим ёхуд капалак қуртидан капалаклар чиқиши ҳақидаги) саволлар берса, аллақачон муҳокама режасига риоя қилиб, жавоб беринг. Келинг, яна бир маротаба такрорлайлик:
* Бола нима учун савол берганини аниқланг.
* Фақат берган саволга жавоб қайтаринг.
* Оддийгина жавоб беринг.
* Ҳаққоний жавоб беринг.
* Агар жавобни билмасангиз, бу ҳақда очиқ айтинг.
БОЛАНГИЗГА МАЪНАВИЙ ҚАДРИЯТЛАРИНГИЗНИ ЕТКАЗИНГ
Бизнинг давримизда ота-оналар кўпинча фарзандларининг маънавий қадриятлар ҳақидаги саволларига жавоб беришни истамайдилар, чунки улар бировни ноўрин сўз билан ҳақорат қилишдан ёки болага бирор нарсани ўргатишдан қўрқадилар, бу эса кейинчалик уни дин ва фалсафа масалаларини тушунишига тўсқинлик қилади. Улар, бола улғайганида, бу қийин саволларга ўзи жавоб топади, дея ўзларини оқлайдилар.
Дўстлар, мен сизни хафа қилишимга тўғри келади: агар сиз бу абадий ва қийин саволларга жавоб бермасангиз, бошқалар уларга жавоб беради. Бола бир парча лойга ўхшайди. Агар уни шакллантиришни истамасангиз, кимдир ёки нимадир сиз учун буни қилади: оммавий ахборот воситалари, мактаб, дўстлар, ёки мураббий. Аниқ айта олмайман, лекин ҳар бир боланинг дунёқарашини шакллантириб, маънавий қадриятлар ғоясини ривожлантиришига кафолат бераман.
Шунинг учун нимага ишонишингиз ва ҳаётнинг мазмунини нимада кўришингиз жуда муҳим. Ҳатто квакерларда «марказлаштириш» деган махсус атама бор, бу энг муҳим нарсага эътибор қаратиш ва Худога қатъий ишонишни англатади. Тарбия, моҳиятан, болани «марказлаштириш»га тушади. Биз кимга ёки нимага ишонишимизни билишимиз, шунингдек фарзандларимизга маънавий қадриятларимизни улашишимиз керак. Бу ўсиб келаётган авлод учун буюк масъулият ва энг улуғ неъматдир.
Худо мавжудми?
Боланинг бундай саволига жавоб беришдан аввал, ўзингизга тушунишингиз учун шундай саволни беринг: “Мен Худога ишонаманми?” Худо сиз учун қанчалик ҳақиқат? Агар Худони излаётган бўлсангиз, албатта уни топасиз, чунки биз фарзандларимизни севишимиз ва уларга далда беришга интилганимиз каби Худо ҳам бизга Ўзини намоён қилишни жуда истайди.
Сиз аллақачон мени Худога қатъий ишонишимни тахмин қилган бўлишингиз мумкин. Балки бунинг сабабини мен намунали уйда, ажойиб ота-оналар томонидан тарбияланиб, ҳақиқий мўминлар қуршовида ўсганимда деб биларсиз.
Адашасиз!
Статистикага кўра, мен омадсизлардан бири бўлишим керак эди. Ўзингиз ўйланг. Мен ёлғиз оиладанман. Бу биринчи. Отам пияниста эди . Бу икки.Ота-онам ажралишган. Бу уч. Мен кунини зўрға ўтказаётган она томонидан тарбияланганман. Бу тўрт. Мен семиришдан азият чекаман. Бу беш. Менга ёмон мносабатда бўлган одамлар билан келиша олмаганмиз. Бу олти. Турмуш ўртоғимдан ажрашганман. Бу етти. Инқирозни бошдан кечирганман. Бу саккиз. Ушбу далилларга тик қаранг. Зеро, ҳатто улардан бири ҳам мени омадсизлар қаторига қўйиш учун етарли бўларди.
Юқорида қайд этилганларнинг барчаси, менга, одамларнинг севгиси ила берилган «суперэнага» унвонини муносиб равишда кўтариб юришимга йўл қўймаган бўларди. Мен бугунги даражага қандай эришдим? Статистикани қандай қилиб алдадим? Фақат ҳаётимда Худонинг ҳузури ва ўтмишимдаги барча қайғу юкини баҳам кўрган Унинг бошқаруви туфайли.
Агар илмий фикрлайдиган ва кимёгар дипломли мендек бир одамдан: «Қандай қилиб сиз кўрмаётган нарсангизга ишонасиз?» деб сўрасангиз, мен сизга шундай жавоб бераман: «Мен шамолни ҳам кўрмаяпман, лекин унинг ҳаракат натижаларини кузатаяпман». Гарчи фақат ушбу сўзлар билан бўлсада, мен Худонинг марҳаматига ўз ташаккуримни билдираман.
Мен нимага ишониш кераклигингизни айтолмайман, фақат танловларим ҳаётимга қандай таъсир қилганини айтишим мумкин. Ҳаётимизни поклайдиган, қайта тиклайдиган ва ҳайратомуз режага эга бўлган меҳрибон Худога ишончим менга аввал ҳеч қачон билмаган ички тинчликни берди. Имон менга қачон атрофимдаги барча ҳолат ёмон бўлганида ўзим мурожаат қиладиган Худони, барчаси яхши бўлганида мен улуғлайдиган Худони берди. Ишонч менга мағлубият муқаррар кўринганда, ғалаба қозониш ва бошқаларнинг манфаати учун Худонинг совғаларидан фойдаланиш имкониятини беради.
Агар сиз Худони англай бошласангиз, дунёвий хазиналар хиралаша бошлайди ва ҳақиқий қадриятлар – ўзингиз ва бошқалар учун севги ва ҳурмат ёрқин порлашни бошлайди. Мен ҳамма нарсага эга бўлган одамлар орасида яшадим: пул, жамиятдаги нуфузи, муваффақият... Лекин мен бахт пул билан ўлчанмаслигини тушуниб етдим; бизнинг чегараланмаган мақсадимиз бўлганида, ўзимизни бахтиёр ҳис қиламиз ва ҳаётимиз нафақат Худога, балки ер юзидаги бошқа одамларга ҳам қандайдир аҳамиятга эга экан, деб ҳисоблаймиз.
Менимча, бахтнинг бундай тушунчаси, эҳтимол, Рик Уорреннинг «Мақсад сари йўналтирилган ҳаёт» («The Purpose Driven Life», Rick Warren) китобини ниҳоятда муваффақият қозонишига сабабчи бўлгандир. Бизнинг ҳаётимиз ва ўзимиз муҳим аҳамиятга эга эканлигини, биз улғайиб-ўсган бетартибликдан, шунингдек, бу дунёда ўзимиз яратган тартибсизликдан чиқишнинг йўли борлигини унутмаслигимиз керак. Мен, бошқа дин вакилларида ҳам мустаҳкам имон бўлишлари англасамда, шахсан ўзим масиҳий ҳақиқатларидан ўзгача тасалли топаман.
Агар сиз Мел Гибсоннинг «Масиҳнинг жафолари» номли ажойиб фильмини томоша қилган бўлсангиз, таърифлаб бўлмас азобга чидаган Масиҳнинг бутун инсониятга севги билан порлаган кўзлари сизга ҳам таъсир қилгандир. Сўз билан ифодалаб бўлмайдиган ўша нигоҳда илоҳий севги бор эди. Мени Худога тортган бу қурбонлик Масиҳнинг севгиси эди. Бу мени Худонинг назарида ўз аҳамиятимни тушуниш учун, ҳамма нарсани қайтадан бошлаш учун ёрдам берди. Бу мени ҳар куни бошқа одамларни кўпроқ севишга ва Унинг ер юзидаги ҳаётида бўлгани каби Унга ўхшаш бўлишга ундайди.
Нима учун одамлар ўлади?
Бола сиздан бир кун келиб ўлим ҳақида албатта сўрайди, сиз эса шундай жавоб қайтаришингиз керакки, бундан фарзандингиз қўрқиб кетмасин. Кўпинча, бу савол яқин атрофдаги тирик жонзот – одам ёки ҳайвон ўлганида пайдо бўлади. Табиийки, болалар нима бўлганини ва нима учун эканлигини билишни хоҳлашади. Жавоб бераётганда ҳалол ва шафқатли бўлишга ҳаракат қилинг. Эртами–кечми, ҳамма ўлади. Кичик болага кўп ҳолларда одамлар қариликда, узоқ йиллик ҳаётдан кейин ўлишларини тушунтиришингиз мумкин. Йиллар давомида, уларнинг таналари кучсизланади, ана шунда одамнинг самода Худо билан бирга яшаши учун янги тана керак бўлади. У ерда бу одам касалликлардан халос бўлади ва у ёшлигида бўлгани каби, ҳатто бундан ҳам яхши югуради, хурсандчилик қилади! Бироқ, болага фақат кекса одамлар ўлишини айтмаслигингиз керак. Нима учун? Чунки ўшанда сиз, масалан, қуйидаги саволга жавоб бера олмайсиз: «Она, фақат кексалар ўлади, дегандингиз. Нега бўлмаса, мана бу чақалоқ вафот этди?»
Боланинг саволига очиқ жавоб бериш жуда қийин ва бу унда қўрқувни келтириб чиқариши мумкин. Чақалоқнинг ўлими ҳақидаги саволларига жавоб беринг. Агар нима дейишни билмасангиз, буни тан олинг. Айтайлик, болангиз сўрайди, «Мен қачон ўламан? Бу қандай юз беради?» Сиз айтишингиз мумкин: «Ҳеч биримиз қачон ёки қандай ўлишимизни билмаймиз. Энг муҳими – муносиб тарзда ҳаёт кечириш. Бу эса Худо ер юзида бизнинг олдимизга қўйган вазифадир. Бу ажойиб, шундай эмасми? Бизнинг ўлим соатимиз келганда, Худо фаришталарини юбориб, ўлимни гўёки тушга айлантириш орқали бизга ёрдам беради: биз ухлаб қолиб, янги, чиройли дунёда уйғонамиз. Назаримизда ўлган одам абадий ухлаб қолгандек кўринади. Лекин биз бундан яхшисини – самода одамнинг янги вужуддаги ҳаётини кўришимиз мумкин».
Болага ўлим гарчи самога жўнаш бўлса–да, ўлган одам ер ҳаётига қайтмаслигини ўргатиш жуда муҳим. (Акс ҳолда, бола кутишда давом этади ва марҳум бобоси яна пайдо бўлади деб умид қилади.) Боладан вафот этганлар билан ўтказган вақтдаги хотираларини сақлашни сўранг ва боланинг ривожланиш даражасига қараб, ўлган одамнинг хотирасини қандай сақлаш ҳақида гапиринг. Унга «само деразалари» (агар уларга ўзингиз ишонсангиз) ҳақида ҳам гапириб беришингиз мумкин, бобоси улар орқали ерга қарайди ва неварасини кўради.
Гарчи ўлим ва ундан кейин келадиган ҳодисалар сирларга ўралган бўлса–да, ҳатто яқинларидан айрилган ва уларни қайта кўришни истайдиган қатъий имонли одамларга ҳам бундай тасаввур тасалли беради. Шунингдек, болангизга одамлар вафот этган кишини соғинганликлари учун қайғуришларини тушунтиринг. Кичкинтой: «Кампир нега йиғлаяпти?» деб сўраса, сиз унга шундай жавоб қилишингиз мумкин: «Чунки унинг турмуш ўртоғи вафот этди ва уни жуда соғинган, чунки у яна қайтиб келмайди. Лекин бу кампир у билан бирга ўтказган бахтли вақтларни эслайди ва бир кун келиб улар осмонда яна учрашишларини билади».
Баъзан бола бу ҳақда тўғридан–тўғри сўрамаса–да, айрим одам ёки ҳайвон у туфайли вафот этган деб ўйлаши мумкин. Икки ёшли бола ўта худбин бўлиб, ўз фикрлари ва ҳаракатлари атрофида содир бўладиган ҳамма нарсага таъсир қилади, деб ҳисоблайди. Бола сизга тўғридан–тўғри савол бермаса ҳам, одамлар унинг айби орқали ўлмайди, деб унга тушунтиринг.
Қийин саволларга жавоб бериш режасини бажаришга ҳаракат қилинг. Бола нима сўраётганини аниқланг. Нима учун у бу саволни бераётганини сўранг. Қисқа ва аниқ жавоб беринг. Самимий бўлинг. Қийин саволларга олдиндан жавоб беришга тайёрланинг. Кичкинтой биз унга берадиган энг яхши жавобни эшитишга лойиқдир.
Книга на Узбекском языке: Няня спешит на помощь (Мишель Лароу)
Почему стоит купить книгу Мишель Лароу «Няня снова спешит на помощь»?
Трудно уложить ребенка спать? Не знаете, как вести себя, клогда он закатывает истерики или отказывается от еды? Не отчаивайтесь — НЯНЯ СПЕШИТ НА ПОМОЩЬ!
Делясь своим богатым опытом работы с детьми, автор подсказывает читателям, как справляться с проблемами, чаще всего возникающими при воспитании маленьких детей. С христианских позиций Лароу раскрывает основопологающие истины, благодаря которым мамы, папы и дети смогут получать больше радости от общения друг с другом.