Джош Макдауэлл. Мухаббат тилсими - (17- Bob ) Ўзбек тилида
Муҳаббат тилсими (Джош Макдауэлл) Ўзбек тилида Аудиокитоб
ҲУРМАТ КЎРСАТИНГ
Ҳаммамиз ҳам маст одамларнинг “М-мени ҳ-ҳур-мат қила-сан-ми?”, деган гапидан кўп марта кулганмиз. Аммо ҳақиқий ҳаётий муносабатларда ўзаро ҳурмат бўлмаса, куладиган нарса бўлмайди. Мени ҳайрон қолдирадиган нарса шуки, севги муносабатларига алоқадор кўплаб инсонлар бегоналарга нисбатан мунтазам равишда кўрсатадиган оддий ҳурматни ўз жуфтига кўрсата олишмайди. Оилавий масалалар бўйича маслаҳатчи Жадсон Суайхарт “Дўстларингизга қандай муносабатда бўлсангиз, оилангизга ҳам шундай муносабатда бўлинг” деб номланган фойдали китоб ёзган.
Севган инсонингизга нисбатан сиз кўрсатаётган ҳурмат даражаси мукаммал севгининг ҳал қилувчи кўрсатгичи ҳисобланади. Етук муносабатларда бундай севги ва эҳтиром ўзаро бўлади. Агар муносабатларда ҳурмат-эҳтиром бўлмаса, севги “севги” бўлмай қолади ва шунчаки худбин эҳтиросга айланади.
Ҳурмат – сиз бошқа инсонга ўсиши ва камолотга етиши учун эркинлик беришингиз орқали намоён бўлади. Ҳурмат: “Ҳаммаси жойида, сен қандай бўлсанг, шундайлигингча севаман”, деб айтади. Ҳурмат севилган инсонни ўз ҳолича бўлишга ва ўсишга, жуфтига хизмат қилиш учун эмас, балки шунчаки ўзи учун ривожланишга ундайди.
Эҳтиром – бошқа инсонлардан фойдаланиб қолишни ўйламасдан, уларга бўлган энг юқори ҳурматнинг ифодасидир. Ўзаро ҳурмат никоҳни олдинда турган, дуч келиш муқаррар бўлган тузоқлар учун ўлжа бўлишдан сақлайди.
Ёзувчи ва оилавий масалалар бўйича маслаҳатчи Лэрри Кристесон шундай изоҳлайди:
Агар эрнинг ўз хотинига нисбатан ғамхўрлиги ва мулойимлиги унинг ташқи кўринишига ёки ҳар қандай кунда ўзини қандай ҳис қилишига боғлиқ бўлса; агар хотиннинг эрига бўлган ҳурмати ўзининг кайфиятига ёки эри унинг талаблари ва стандартларига қанчалик мос келиши ҳақидаги фикрларига қараб ўзгариб турса, унда бу никоҳ қил устида турган бўлади. Севги кайфият ҳамда туйғулар ўзгариб турадиган ўйиндаги пиёдага айланади. Худо никоҳдаги севги мустаҳкам пойдеворга қурилишини истайди. Бу пойдевор эса Худо сизнинг жуфтингиз учун белгилаб қўйган ҳолатдир”.
Икки инсоннинг бир-бирига бўлган ҳурмат-эҳтироми севги муносабатларида ҳар икки шахснинг яхлитлиги ва ўзига хослигини сақлайди.
“Охир-оқибат, - дейди руҳшунос Натаниэль Бранден, - романтик севги бир-бирининг шахсиятига бўлган юқори ҳурматни акс эттирувчи руҳий-ҳиссий-жинсий боғлиқлик сифатида белгиланиши мумкин”. Севги мавзусидаги энг кучли муаллифлардан бири Жон Пауэлл шундай ёзади: “Агар гул куртаклари кутилмаган совуқ каби ноқулай шароитлардан зарар кўрса, гул очилмаслигини яхши биламиз.
Худди шундай, муҳаббатнинг илиқ қўллаб-қувватланишидан, мақтов ва меҳрдан маҳрум бўлган инсон ҳам бошқаларга қўшилмайдиган бўлиб қолади”.
Таъсир қилувчи савол
Ҳурматнинг йўқлиги аниқ бир инсоннинг бошқалар томонидан фойдаланишига олиб келувчи энг муҳим вазият бу никоҳдан олдинги жинсий алоқа ҳисобланади. Ҳурмат-эҳтиром “Агар мени чиндан севганингда, мени мажбур қилмаган бўлардинг” ёки “Наҳотки, севгингни исботлаш учун жинсий алоқа қиладиган даражада мени кам севсанг?”, деган жавобга лойиқ бўлган “Агар мени севсанг, қаршилик қилмайсан”, деган иборадан фойдаланмайди.
“Ҳамма шундай қилади”, деган баҳона – бу севги ниқоби остидаги худбинликдир. “Унда бошқа бировни топиш қийин бўлмайди” деган жавоб бунга яхши жавоб бўлади. “Орқа ўриндиққа ўтишни хоҳлайсанми?” деган худбин савол, “Йўқ, сен билан олдинги ўриндиқда ўтирганим яхши”, деган рад жавобини олиши мумкин. Бир талаба қиз мендан “Жаноб Макдауэлл, менга ёрдам бера оласизми?”, деб сўраган. Мен унга “Нима гап?”, деб сўрадим. “Йигитим менга агар унга ўзимни топширмасам, бу нарса менинг буйрагимга зарар қилишини айтди”, деди.
Шунга ўхшаш ёки юқорида келтирилган ибораларнинг барчаси “севги муносабатлари” деб аталадиган кўплаб арзимас муносабатларни акс эттиради.
Ёлғиз яшовчилар (турмуш қурмаганлар) учун бағишланган конференцияда бир аёл менга жуда нозик савол билан мурожаат қилди. Кейинчалик, мен унинг ҳикоясини Минскдаги маърузада сўзлаб берганимда, бу воқеа Подмосковьеда содир бўлганини айтишни унутдим. Маъруза тугаганидан кейин битирувчи талаба олдимга жаҳл билан келди. Унинг фикрича, унинг қиз ўртоғи менга бу воқеани айтган, мен эса ҳамманинг олдида тингловчиларга сўзлаб берган эканман.
Бу ҳикоя ҳомиладор бўлиб қолган ва ҳомилани олдириб ташлаш ҳақида менинг фикримни билмоқчи бўлган аёл ҳақида эди. Мен унга: “Саволингизга жавоб беришда аввал сизга шахсий бир савол берсам майлими?”, деб сўрадим. У рози бўлди ва мен ундан: “Нима учун йигитингиз билан жисмоний яқин бўлишга қарор қилдингиз?”, деб сўрадим. “Жош, мен ҳар доим тўғри вақт келишини ва тўғри муносабат қуришни хоҳлаганман, бироқ босим жуда кучли эди. Йигитим ҳар доим менга шундай дерди: “Азизам, агар мени севсанг, рози бўласан. Азизам, агар менга бефарқ бўлмасанг, мени рад қилмайсан. Лена, агар мени севсанг, рухсат берасан”. Мен ундан: “Ҳўш, ҳомиладор бўлганингдан кейин, ўша буюк ошиқ нима деяпти?”, деб сўрадим.
Менинг бу саволимга аёл нима деб жавоб беришини аниқ билардим, чунки юзлаб телефон қўнғироқлари, мактублар орқали бундай жавобни жуда кўп марта эшитганман. Ва у ҳам шундай жавоб берди: “Энди у менга: “Азизам, агар мени севсанг, ҳомилани олдириб ташлайсан. Агар менга бефарқ бўлмасанг, болани олдирасан”, деяпти”.
Разил тузоқларга илинманг
“Агар мени севсанг, қаршилик қилмайсан”, - бу гаплар сиз билан алоқаси бор инсонга айтишингиз мумкин бўлган энг қабиҳ ва камситувчи гаплардир. Шунинг учун, агар бирон эркак ёки аёл сизни жинсий алоқага тортса, энг биринчи ўринда “йўқ” дейишингиз лозим. Агар у яна мажбур қилса, унга очиғини айтинг: “Мени нимани ҳис қилишга мажбур қилаётганингни биласанми?” Агар туйғуларингизни очиқ айтишингиз ҳам фойда бермаса, бу одамга “Алвидо” денг. Чунки бу сиз хоҳлаган муносабат эмас, чунки бу одам сиз билан шахс сифатида эмас, балки фойдаланиш мумкин бўлган объект сифатида муносабатда бўляпти.
Кўп одамлар олдимга келиб, шундай дейишади: “Жош, мен озроқ кутмоқчиман”. Ёки “Авваллари мен кутмасдим, лекин шу ондан бошлаб, “исталган” инсонни ҳамда никоҳни кутмоқчиман”. Яна қўшимча қилишади: “Қолаверса, мен учрашиб юрган инсонга кутмоқчи эканимни қандай тушунтиришни билишни истайман”.
Мен уларга шундай дейман: “Агар кутишни истасангиз, нима учунлигини билишингиз лозим. Агар “йўқ” десангиз-у, у сизни мажбур қилса, бу инсон сизни чин юракдан севмаслиги маълум бўлади. Бу ерда севги йўқ. Аслида, бу инсон истаган нарса – жинсий алоқа орқали ўз нафсини қондириш холос. Кутиш учун сизда жиддий сабаб бор ва сиз буни изоҳлашингиз шарт эмас”.
Сиз билан жинсий алоқа қилмоқчи бўлган ҳар қандай киши кейинчалик сизни бошқа соҳаларга – ёлғон, алдов ёки бошқа нарсаларга мажбур қилиш эҳтимоли катта. Бу – ўша инсонда йиллар давомида шаклланган хусусият бўлиб, у албатта яна ўзини кўрсатади. Ёдингизда бўлсин, инсоннинг севгиси унинг феъл-атворини ифодалайди.
Нимани кутяпсиз?
“Мукаммал жуфтлик” китобида Альберт ва Кэрол Оллман Ли бир ўқитувчининг қизиқ натижага олиб келган хатоси ҳақида сўзлайди.
“Айтишларча, ўқув йили бошида синфга биринчи бор кирган ўқитувчига болаларнинг исмлари ёзилган рўйхатни беришади; ҳар бир исмдан кейин икки ёки учта сондан иборат рақамлар ёзилган эди. Ўқув йили охирида болаларнинг баҳолари ўқитувчи олган рақамларга мос келади. 140 рақами ёзилган ўқувчи “5” баҳо олади, 87 рақами ёзилган ўқувчи эса “3” олади. Баҳоларни қўйиб бўлган ўқитувчи бу рақамлар ўқувчиларнинг кийим иладиган жавонларининг рақами эмас, балки уларнинг IQ (интеллектуал коэффициент) эканини билиб қолади. Ўқитувчи ўқувчиларнинг лаёқати бўйича хулоса чиқаради (яхши ёки ёмон томонга) ва уларнинг барчаси ушбу тахминларга мос келади. Сиз ҳам бирон киши билан муносабат ўрнатганингизда, ўша инсон ҳақида иложи борича энг юқори баҳони тахмин қилишингиз керак.
Мадора Холт ўзининг “Бахтли турмуш сирлари” мақоласида ҳурматниинг аҳамияти ҳақида ёзади. У ўзининг эри билан бўлган муносабатларидан қониқиш ҳис қилган аёл тўғрисида ҳикоя қилади.
Турмуш қурган пайтимизда ота-онам бизнинг турмушимиз олти ойга ҳам етиб бормаслигини, оилани сақлаб қолишим учун тинмай меҳнат қилишимга тўғри келишини айтганди. Улар бир нарсада адашган эдилар. Биз кўплаб тўфонларни енгиб ўтдик ва топган пулим фақат нонга етарди. Эримнинг сабр-тоқати, мулойим ҳурмати ва хушмуомала табиати билан мен ўз қобилиятларимни самарали, даромадли, қизиқарли ва узоқ муддатли мартабага айлантира олдим. Агар унинг оқилона кузатуви ва киритган сармоямизни бошқариш лаёқати бўлмаганида, замонамиздаги кўплаб инсонлар каби жуда кам нарсаларга ёки умуман ҳеч нимага эришмаган бўлар эдим.
Ҳурмат, ўзаро ҳурмат – бу калитдир. Мисол: ҳаётимнинг маълум бир даврида мен юқори мартабаларга эришдим ва жуда кўп пул топдим. Кейин мендан ҳам яхшироқ мутахассис пайдо бўлди. У ҳамма билан осон тил топишадиган, ақлли, меҳрибон мультимиллионер эди. Мен ниҳоят ўзимдан ҳам яхшироқ бўлган инсонга турмушга чиқиш умидида эрим билан ажрашиш учун ариза бердим. Лекин тўсатдан, бир дугонамдан мен шаҳарда бўлмаган вақтимда у одам “яқинроқ танишиш” учун дугонамга қўнғироқ қилганини билиб қолдим. Унинг аввалги хотини хиёнат учун у билан ажрашганини билардим, шунинг учун вазиятни синчковлик билан ўйлаб кўрдим.
Ўша пайтда турмушга чиққанимга тахминан йигирма беш йил бўлганди, шу йиллар давомида эрим бошқа аёлларга қараб, ҳеч қачон мени ноқулай аҳволга солмаганди. Шон-шуҳрат, пул ва баъзи бир ҳазиллар ўта сокин инсоннинг ўрнини боса оладими? Йўқ! Биз қайта ярашдик ва бу умримда қилган энг яхши қарор эди. Биз қиз асраб олган эдик ва агар оиламизнинг бирлигини сақлаб қолмаганимизда, келишмовчиликларимизни ҳал қила олмаганимизда, бунинг қизимизга қанчалик салбий таъсир қилиши ҳақида ўйлашдан ҳам қўрқаман.
Фахрланиш қудрати
Рафиқам мени қирол деб ҳисоблайди. У мени дунёдаги энг яхши нотиқ, энг яхши эр ва энг яхши ота, деб ўйлайди. Бунинг менга қандай таъсир қилишини биласизми? Бу эса рафиқам билан муносабатда у ўйлагандек инсон бўлишга мени мажбур қилади. У менга кўрсатаётган ҳурматда бошқалар кўришни истагандек инсон бўлишимга туртки берадиган нимадир бор. Ҳурмат – муносабатларнинг яхлитлигини сақлайди, чунки бу нафақат бошқа бировни ташқи босимдан сақлайди, балки муносабатнинг ўзини ҳам ҳимоя қилиш истагини пайдо қилади. Ўзаро ҳурмат-эҳтиром эр-хотинни кўплаб қийин вазиятлардан олиб чиқади ва уларнинг муносабатларига даҳл қиладиган ҳар қандай ҳужумдан ҳимоя қилади.
Агар сиз айни пайтда биронтаси билан учрашаётган бўлсангиз ва у билан турмуш қуриш ҳақида ўйлаётган бўлсангиз, ўзингизга энг муҳим саволни беришингиз лозим деб ҳисоблайман: мен билан учрашаётган инсонни ҳурмат қиламанми? Бу инсоннинг кимлиги ва нима қилиши асосида умримнинг охиригача унга бўлган ҳурматимни кўрасата оламанми?
Агар жавобингиз «ҳа» бўлса, унда бу инсон билан тақдирингизни боғлаш ёки боғламаслик ва севгингизнинг ҳақиқий эканлигини аниқлашингизда ушбу жавобингиздан фойдаланишингиз мумкин.
Книга на узбекском языке: Муҳаббат тилсими. Жош Макдауэлл
Вы можете добиться того, чтобы ваша любовь была самой плодотворной, и мне хотелось бы помочь вам в этом. Эта книга позволит вам, независимо от вашего семейного положения, по-новому взглянуть и улучшить свои любовные отношения.
Мои многочисленные поездки и общение с тысячами людей побудили меня поделиться с вами наиболее важными принципами этих взаимоотношений.
Если вы цените интимные взаимоотношения, основанные на взаимной любви, вам нужно прочитать книгу «Секрет любви». Если вас интересуют секреты плодотворной любви, брака и сексуальных отношений, эта книга — для вас.
Часто меня спрашивают: «Не вредит ли вашему браку то, что Джош так много путешествует?» Или: «Неужели ваши отношения не страдают из-за плотного графика лекций Джоша?»