Джош Макдауэлл. Мухаббат тилсими - (16- Bob ) Ўзбек тилида
Муҳаббат тилсими (Джош Макдауэлл) Ўзбек тилида Аудиокитоб
ҲАРФЛАБ ТАЛАФФУЗ ҚИЛИНГ: Б – Е – Р – И – Ш
“Севги” сўзини қандай талаффуз қиласиз? Ҳақиқий севадиган инсоннинг хатти-ҳаракатларини қандай аниқлайсиз?
Одамлар мендан севгини таърифлашни сўраганларида, уларга бошқа одамнинг бахти, хотиржамлиги ва ривожланиши сизга худди ўзингизнинг бахтингиз, хотиржамлигингиз ва ривожланишингиз каби қувонч бағишласа, унда сизнинг севгингиз мукаммал севгидир, деб жавоб бераман.
Севги - Б – Е – Р – И –Ш деб талаффуз қилинади. Севги – сиз олишингиз мумкин бўлган нарсаларга эмас, балки сиз бошқа инсонга беришингиз мумкин бўлган нарсаларга асосланади.
Мен юқорида тилга олган тадқиқотчилар доктор Пол Эммонз ва Ник Стиннетлар яхши ва соғлом муносабатларга эга бўлган инсонларнинг умумий муҳим жиҳатларидан бири – уларнинг берувчи инсон бўлганликлари эканлигини аниқлашган. Севги борасида ўз маслаҳатлари билан кўп ёрдам берган Ивлин Дювалл шундай ёзган: “Узоқ давом этадиган севги бошқаларга шахс сифатида, қадриятлари, ривожланиши ва ўсишига самимий қизиқишни ўз ичига олади”.
Мукаммал севги бошқа инсонга қаратилган бўлади. Доктор Ричард Стросс ўзининг “Никоҳ – севги демакдир” китобида шундай ёзган:
“…бу энг катта қониқиш бошқаларни бахтли қилишдан иборат. Агар биз шунчаки изласак, ҳеч қачон бахтни топа олмаймиз. Қанча кўп изласак, шунчалик норози ва хафа бўламиз. Фақат ўзи учун қониқиш излаш ҳеч нарса бермайди ва фақат ўзимизни бахтсиз ҳис қилишга мажбур қилади. Бошқаларнинг манфаати учун фидокорона ҳаёт кўпроқ самара келтиради. Мукаммал севги кўп олиб камроқ бериш босқичидан ҳеч нима талаб қилмасдан ҳамма нарсаларни қувонч билан бериш томон ўсишдан иборатдир”.
Сиз нимани кўпроқ хоҳлайсиз?
Одатий муносабат: “Нимани истасам, ўшани истайман ва хоҳлаган вақтимда истайман” дейди, бу эса оламшумул муаммонинг асосий сабабидир. Мана шу куч халқларни, турмушларни ва оилаларни барбод қилмоқда. Агар бир-биримизга фидокорона муносабатда бўлишни ва бошқаларнинг манфаатини биринчи ўринга қўйишни ўргансак, бугунги кунда бутун оламни ташвишга солаётган кўплаб муаммоларни бартараф қила олишимизга ишонаман. Деярли барча эр-хотинлик ва оилавий муносабатларни оддий, аммо муносабатларимиздаги чуқур ўзгаришлар орқали даволаш мумкин.
Элоф Нельсон Миннеаполисдаги “Фейрвью” касалхонасида диний ва соғлом турмуш дастурининг бир қисми бўлган ўн икки соатлик турмушга тайёргарлик курсини ўтказди. У ўзининг “Сизнинг биргаликдаги ҳаётингиз” китобида шундай воқеани ҳикоя қилади:
“Жон уйланганидан кейин ҳам бўйдоқлигида қандай яшаган бўлса, шундай яшашни бошлади. У баскетболни ёқтирарди. Баскетбол мавсуми авжига чиққанда, у сўнгги беш йил мобайнида учта жамоада ўйнаган.
Уйланганидан икки ой ўтиб, Жон душанбадан жумагача ҳар оқшом ё баскетбол машғулотига ёки ўйинга кетарди. Шанба кунлари эса коллеж талабаларининг ўйинларини томоша қилиш учун бир неча дўстларини уйига таклиф қиларди. Уйланганидан кейинги биринчи ва иккинчи йилни кузда ҳам, қишда ҳам, эрта баҳорда ҳам у шундай ўтказди. Баҳор келганда бейсбол жамоасида ҳам унга шундай вазифа юклатилди.
Шу сабабли оилада катта жалжаллар юзага чиқди. Жон камдан-кам ҳолларда оқшомни Нэнси билан ўтказарди. У уйда бўлган вақтларда, ўзи сотиб олган спортга оид барча журналларни ўқиб ўтирарди. Рафиқаси эса ўзини хотин деб эмас, уй хизматкори деб ҳис қилди. Кейинроқ, Жон шанба ва якшанба оқшомлари ҳам дўстлари билан чиқиб кетадиган бўлди. У ақлини йиғиб, оилавий ҳаёт кечиришни бошламасди. Унинг ёқтирган гапи: “Ҳеч кимнинг ҳаётимга аралашишига йўл қўймайман” дейиш эди.
Албатта, Жон ҳалиям фақат ўзи ҳақида ўйлар ва аёлининг истакларига эътибор бермай, фақат ўзи учун яшар эди. У ёмон турмушни афзал кўрадиган “Нимани истасам, ўшани истайман” деган фалсафанинг яққол тимсоли эди.
Яқинда Лос-Анжелесдан Атлантага қилган парвозим вақтида ёнимда ўтирган инсон билан гаплашишга қарор қилдим. Одатда, онгимни банд қилган икки нарса – Исо Масиҳ ҳақида ва ўз рафиқам ҳақида гапираман. Бу гал гапни рафиқамдан бошлашга қарор қилдим. “Сиз уйланганмисиз?”, деб сўрадим. Бу саволимдан у ўтирган жойидан йиқилиб кетай деди. “Йўқ, ошна, бу мен учун эмас”, деди у, биздан бешта қатор нарида ўтирганлар ҳам эшитадиган даражада баланд овоз билан.
“Наҳотки?”, - дедим ва рафиқам, қизларим, ўғлим ҳамда муносабатларимиз ҳақида гапириб бердим.
Муваффақиятсизлик эҳтимоли – элликка эллик.
Тез орада гапларимга нисбатан унинг муносабати ўзгарди ва шундай деди: “Нима ҳам дердим, балки қачондир уйланарман. Лекин жаноб, мен учун бу элликка эллик бўлади”.
Мен унга “Илтимос, уйланманг!”, дедим.
Ўзаро яхши муносабат – эвазига нима олишингиздан қатъий назар 100% ўзингизни бағишлашдир. “50\50” каби муносабатлардаги муаммо шуки, сиз ҳар доим бошқа инсон ўз вазифасини бажарганини аниқлашга уринасиз. Нимагадир ҳар доим у етарли даражада бажармаётгандек туюлади. Ўзингизни 100% бағишлаганингизда, бошқа инсонни ҳеч бир шартларсиз қабул қилиш ва севиш учун эркин бўласиз.
“Бериш” сиз учун қадриятга айланганида, сизни ажойиб мукофот кутади. 100% берганингизда, 150% бўлиб сизга қайтаётганини сезасиз. Инсон ҳеч қандай шартларсиз севилганини билганида, худди шундай жавоб қайтаришдан ўзини тўхтата олмайди. Ҳар доим берганингиздан кўпроқ оласиз.
Агар севгингиз мукаммал бўлса, сиз нафақат ўз мақсадларингизга эришиш ҳақида ўйлайсиз. Жуфтингиз ҳам мақсадига етиши учун у билан баробар ҳаракат қиласиз. Ҳар гал бу мақсадлар сизнинг мақсадингизга зид келганда, мукаммал севги кимнинг мақсадини биринчи бўлиб амалга оширишни аниқлаш учун қуръа ташламайди. Мукаммал севги биринчи навбатда бошқа инсонга қўл узатишга ҳаракат қилади. Бошқа инсоннинг эҳтиёжи сизнинг эҳтиёжингиздан муҳимроқ эканини сезасиз.
К.С.Льюис шундай таъкидлаган: “Бир баланд сакраш (севги) билан худбинлигимизнинг баланд девори устидан ўтдик; у ҳатто ўз истакларимизни фидо қилди, ўз бахтимизни аҳамиятсиз билиб, бошқаларнинг манфаатини биринчи ўринга қўйди”.
Кейинроқ, Льюис икки инсон ўртасидаги севгини скрипка ва уни чаладиган таёқчага таққослаган. Алоҳида тасаввур қилиш қийин бўлган бу икки жиҳоз маҳоратли мусиқачининг қўлида ажойиб оҳанг таратади.
Худди шундай, эркак ва аёл мукаммал ва фидокор севги муносабатларида бирлашганда, иккаласи якдил бўлганда мавжуд бўладиган гўзаллик ва уйғунликни алоҳида тасаввур қилиш мушкул.
Кучи етиб турган вақтда бериш
Ўзини бағишлашнинг энг муҳим жиҳатларидан бири қарор қабул қилишда бошқа инсоннинг туйғулари ҳамда фикрларини инобатга олиш лозим. Ёш жуфтлик Ольга ва Олег, турмуш қурганларига ўн саккиз ой бўлса ҳам мукаммал севгига хос бўлган муносабат қуришмади. Ольга ўзларининг муносабатларига доир қарорлар қабул қилишда ҳам Олегнинг ҳис-туйғуларини ва фикрларини ҳисобга олишни билмасди. Олег унинг режаларидан албатта мамнун бўлади, деб ҳисобларди. Ниҳоят, Олег Ольга учун шунчаки эҳтиёжларни қондирувчи восита эканини англаб етди. Ольга муносабатларни режалаштирар, Олег эса аёлининг бир томонлама чиқарган қарорларига рози бўлиши керакдек ҳис қиларди. У аёлига ҳеч нима бера олмади, чунки аёлнинг қалби эридан нимадир қабул қилиш учун очиқ эмасди.
Бироқ, мукаммал севги – фидокорликка тайёр бўлишни англатади. Агар сиз чиндан ҳам бошқа инсоннинг бахти ва хотиржам бўлишига, ривожланишига ҳаракат қилсангиз, ўз хатти-ҳаракатларингиз билан ўз севгингизни тасдиқлашга тайёр бўласиз.
Исо Масиҳ биз учун мукаммал севгининг намунаси ҳисобланади. Унинг севгиси Ўзини фидо қилишга тайёрлиги эди. У севги бўйича Ўз шогирдлари учун тирик намуна эди. “Ким ўз жонини дўстлари учун фидо қилса, бундан ортиқ севги йўқ” (Юҳанно 15:13). Исонинг ҳаёти ва хочдаги ўлимидан мақсад нафақат бизнинг қутқарилишимиз, балки “…Унинг шодлиги қалбларимизни тўлдириши” эди (Юҳанно 15:11). Эфесликлар 5:1-2 – оятларда Павлус шундай деган: “Худонинг севикли фарзандлари экансиз, энди Худодан ўрнак олинглар. Масиҳ бизни яхши кўриб, биз учун Ўзини фидо қилди ва шу йўсин Худога маъқул келадиган қурбонлик бўлди. Сизлар ҳам Исо Масиҳга ўхшаб, худди шундай меҳр-муҳаббат билан яшанглар”.
Масиҳдан ўрнак олиб, Павлус шундай деган: “Ҳар биримиз ўзганинг манфаатини кўзлаб, унга далда бериш ниятида уни мамнун қилишга ҳаракат қилайлик” (Римликлар 15:2).
Ўз орзу-истакларингиз эмас, бошқа инсон ҳақида, муносабатлар ҳақида ўйласангиз, сизнинг севгингиз мукаммал ҳисобланади. Бундай мукаммаллик умумий мақсадлар ҳамда қадриятлар ҳар иккингиз учун устувор бўлганида, ғолиблик ҳамда ҳақлигингизнинг исботи эса ўз аҳамиятини йўқотганида пайдо бўлади.
Книга на узбекском языке: Муҳаббат тилсими. Жош Макдауэлл
Вы можете добиться того, чтобы ваша любовь была самой плодотворной, и мне хотелось бы помочь вам в этом. Эта книга позволит вам, независимо от вашего семейного положения, по-новому взглянуть и улучшить свои любовные отношения.
Мои многочисленные поездки и общение с тысячами людей побудили меня поделиться с вами наиболее важными принципами этих взаимоотношений.
Если вы цените интимные взаимоотношения, основанные на взаимной любви, вам нужно прочитать книгу «Секрет любви». Если вас интересуют секреты плодотворной любви, брака и сексуальных отношений, эта книга — для вас.
Часто меня спрашивают: «Не вредит ли вашему браку то, что Джош так много путешествует?» Или: «Неужели ваши отношения не страдают из-за плотного графика лекций Джоша?»




































































































































