Джош Макдауэлл. Мухаббат тилсими - (15 - Bob ) Ўзбек тилида
Муҳаббат тилсими (Джош Макдауэлл) Ўзбек тилида Аудиокитоб
БУТУН ШАХСИЯТГА ЙЎНАЛТИРИЛГАН СЕВГИ
Никоҳ икки кишининг бир-бирларига, шунингдек бутунлай шахсиятга нисбатан ўзаро мажбурият сифатида қабул қилиниши лозим. Лекин кўпчилигимиз ўз севгимизни ёки никоҳимизни бошқа инсоннинг бир ёки иккита яхши хислатларини тан олишимизга асослаймиз.
Оила ва таълимни ўрганиш Институти директори ҳамда руҳшуноси Сола Гордоннинг қилган маърузасида, бир гуруҳ ота-оналар унга шундай савол билан мурожаат қилишди: “Ўзаро муносабатда жинсий алоқанинг аҳамияти қандай?” У ўз изланишларига кўра, ўзаро муносабатларнинг ўнта энг муҳим жиҳатлари орасида жинсий алоқа тўққизинчи ўринда туришини айтди, яъни биринчи учта ўринда ғамхўрлик ва севги (биринчи ўринда), ҳазил туйғуси (иккинчи ўринда), мулоқот (учинчи ўринда) туришини айтди.
Келинглар, Гордоннинг турмушдаги ўнта энг муҳим жиҳатлар бўйича тузган рўйхатидаги ҳар бир жиҳатни оилавий маслаҳатчи доктор Норман Райт қандай изоҳлаганини кўриб чиқайлик.
- Кулги. Кулишни билиш ва ривожланган ҳазил туйғуси кундалик ҳаётни мувозанатлаштириши мумкин. Сизни бўлакларга бўлиб ташлашига йўл қўйиш ўрнига, вазиятга мос ҳазил қилинг.
- Дўстлик. Жуфтлик сифатида вақтингизни биргаликда завқ билан ўтказадиган бир қанча дўстларингиз бўлади, лекин бир нечта бошқа дўстларингиз ҳам бўлиб, ҳар бирингиз улар билан алоҳида гаплашасизлар. Бу ёмон эмас, ҳатто зарурдир. Жуфтингиз сизнинг айрим эҳтиёжингизни қондириши мумкин, лекин сизнинг севимли машғулотингизга, сиз ёқтирадиган спортга қизиқадиганлар топилади ва улар билан биргаликда бу машғулотлар билан шуғулланиш учун сарфланган вақт соғлом хусусиятга эга.
- Иштирок этиш. Эр-хотин сифатида, турмушингиздан ва уйингиздан ташқарида ҳар қандай нарсада умумий мақсадни шакллантиришга интиласиз. Муҳим лойиҳа ёки тадбир устида биргаликда ишлаганингизда иштирок этиш ҳисси пайдо бўлади. Бир қанча жуфтликлар биргаликда якшанба мактабларида дарс беришмоқда ёки қандайдир бошқа қўмитада бирга ишламоқда. Мен ҳаётим давомида жуда кўп коллежларда, жамоатларда ва мамлакат бўйлаб семинарларда сабоқ бераман. Мен – олдиндаман, мен сабоқ бераман ва маъруза қиламан. Рафиқам Жойс ҳеч қачон олдинга ўринда бўлмайди, у менинг хизматимда бевосита иштирок этади. Мен маъруза пайтида фойдаланадиган проектор учун юзлаб шаффоф қоғозларни у тайёрлайди. У ҳар бир нутқимнинг мазмунини яхши билади ва худди ўзи маъруза қилгандек, иштирок этади.
- Жинсий алоқа. Жинсий қониқиш ажратилган яқинликни ифодалайди. Қониқиш бўлиши учун жинсий алоқа севги билан уйғунликда бўлиши лозим. Жуда кўп жуфтликлар жинсий алоқаларига катта эътибор беришади ва жинсий алоқа одатий ҳолга айланади. Жинсий алоқа никоҳнинг бир қисми ҳисобланади, бироқ айрим жуфтликлар уни турмушнинг энг яхши томони сифатида бўрттириб юборишади.
- Якдиллик. Якдиллик – фикрлар, маълумотлар, ишлар ва режалар билан бўлишиш деганидир. Бу китобни ёзаётган вақтимда биз шелти зотли итни уйимиз шароитига мослашишига ёрдам бераётган эдик. Ҳар гал Жойс ёки мен ошхонадан ўтаётганимизда Эмбернинг уйғонганини ва атрофни айланиб юрганини билдирувчи изларни қидирамиз. Агар полда ҳўл жойни кўрсак, ўша жойни артиб, ювиб қўямиз. Буни қилиш учун кимнидир чақирмаймиз. Уйда эркак ва аёл роли тузилмасининг сунъийлиги аста-секин ўзгариб боради ва бу ўзгариш қатъий тузилмага қараганда истеъдодлар, иноятлар ва қўшма фаолиятга асосланган бўлишишлар учун кўпроқ имкониятлар яратмоқда.
- Тартиблилик. Ўз эътиқоди ва меъёрларини бузмаган ҳолда ишониш ва суяниш мумкин бўлган инсон бўлиш – тартиблиликни ифодалайди.
- Суҳбат. Қизиқ ва маълумотларга бой, янгиликлар ва ҳис-туйғуларни ўз ичига олган суҳбат никоҳга киритилган қимматли сармоя ҳисобланади. Ўз туйғуларини кўрсатиш ёки бошқаларнинг туйғусига аралашиш қўрқувидан ҳоли бўлган очиқ ва самимий мулоқот катта аҳамиятга эга.
- Севги ғамхўрлик, яқинлик, ишонч ва масъулиятни ўз ичига олади. Катта ва кичик нарсаларда эътиборлик билан ҳаракат қилиш худди сўзлардек севгини ифодалайди. Севилиш – бошқа инсонга ҳамдард бўлиш ва у билан бирга бўлишга интилиш, демакдир.
- Мослашиш қобилияти бошқа инсоннинг ўзига хослигини тушунишни англатади. Мослашиш дегани – бошқа одамга ўз таъсирини ўтказишга уринмасдан, қандай бўлса, шундайлигича қабул қилишдир. Бу эса бошқа инсонга сиздан бошқачароқ ҳаракат қилиш ва сиздан ажралиб туришга имкон беришни англатади.
- Бардошлилик бошқа инсонни борича қабул қилишингизни англатади. Бошқа инсоннинг инжиқликларини, баъзида унутувчанлигини ёки ёмон кайфиятини қабул қилиш орқали сиз ўша инсонга худди сиздек инсон бўлишига имкон берган бўласиз. Керак пайтда, сизга ноқулай бўлаётганини ёки хавотирингизни билдиринг, токи бу нарсалар муносабатларга ҳалақит бермасдан, кўпроқ ёрдам берсин.
Қисмларнинг йиғиндисидан кўпроқ
Севги муносабатлари кўп қиррали бўлиб, икки севишганнинг шахсий хусусиятларини – жисмоний, ижтимоий, ақлий ва руҳий хусусиятларини бутунлай ўз ичига олади. Соғлом ва етук инсон бўлиш учун ҳар бир инсон бу соҳаларда ривожланиши лозим бўлганидек, эр-хотинлар ҳам ушбу соҳаларда биргаликда ривожланишлари керак.
Ўсишнинг бундай жараёнини Исо Ўз ҳаётида кўрсатган. Луқо 2:52 оятдан қуйидагиларни ўқиймиз: “Исо улғайиб (жисмоний жиҳати), йиллар ўтгани сари доно бўлиб борарди (ўсишнинг ақлий жиҳати). У Худонинг ҳам (руҳий жиҳат), одамларнинг ҳам (ижтимоий жиҳат) меҳрини қозонарди”. У ҳам худди сиздек яхлит шахс эди. Ўзаро муносабатлар тилида “инсон ўзининг бутун вужуди билан қаттиқ севишга ва севилишга тайёр бўлганда, турмуш қуришга етарли даражада етук бўлади”.
Мукаммал бўлмаган севги шахснинг бир ёки иккита хусусиятига қартилган бўлади. Агар муносабат шахсиятнинг фақат бир қисмига йўналтирилган бўлса, демак, уларнинг жисмоний хусусиятлари бор. Бу хусусият шунчалик кучли бўлиши мумкинки, у севилган инсоннинг бошқа хусусиятларини яширади. Севги жинсий истак билан бошланиши мумкин, аммо агар икки инсон мустаҳкам ва яқин муносабатлар ўрнатмоқчи бўлса, улар бир бутун инсон сифатида кўплаб хатти-ҳаракатлар ва ўзаро фаолият олиб боришлари керак.
Жинсий алоқа омили ёрдам бермайди
Севги жисмоний жозибага ва жинсий алоқага асосланган бўлса, бундай севги узоққа бормайди. Жинсий жозиба қанчалик эҳтиросли бўлмасин, у ўзини ҳимоя қила олмайдиган даражада тор омил ҳисобланади. Тез орада нимадир етишмаётганини англаб етасиз. Жинсий эътиборга асосоланган никоҳларда кимдир янада жозибадор кўринганида муносабатлар хавф остида қолади.
Доктор Оуэн Морган жинсий жозиба ёки жинсий қониқиш асосига қурилган муносабатларнинг хавфли эканлиги ҳақида гапириб, “эр-хотинлар вақтларининг ўндан биридан ҳам камроғини бевосита жинсий алоқага сарфлашини” таъкидлаган. У яна “эр ва хотиннинг биргаликдаги ҳаётининг барча соҳаларида бир-бирларига бўлган аҳамияти никоҳнинг маваффақиятини таъминлайди”, деб айтган. Одамлар ўзлари истаганидек мустаҳкам турмуш ва муносабатларни қандайдир оз вақт оладиган нарсалар асосида қуришлари ғалати.
Кучли ҳаяжонли ёки жинсий туйғулар бир муддатга муносабатларнинг чуқурлигини тўсиб қўйиши ёки хиралаштириши мумкин. Муаммо шундаки, вақт ўтиши билан кучли ҳис-туйғулар совийди. К.С.Льюис буни машинани ўт олдиришга ўхшатади – двигатель ишга тушиши учун калитни тўлиқ бураш керак, бироқ агар сиз газ тепкисини бир маромда ушламасангиз, ёқилғи тез тугайди. Романтик умидларга асосланган турмуш умидсизликка олиб келади. Лекин Миннесота Университети талабалари томонидан ўтказилган тадқиқотда руҳшунос Эллин Бершилд “агар никоҳдаги эҳтирос тугаса, бундай оилаларнинг ярмидан кўпроғи ажралишни хоҳлаб қолишини” тушунган.
Муқаддас Каломда севги – сабрли бўлиши ҳақида айтилган. Никоҳдан олдин жинсий алоқа қилиш истаги туғилиши табиий, лекин чинакам севишганлар никоҳгача сабр қилишади. Ҳақиқий севги ҳирсни қондиришни ортга суради ва бунинг ўрнига ўша инсонни тўлиқ севишга эътибор беради. Севгининг исботи сифатида жинсий алоқани талаб қиладиган инсон худбинликни ва мажбурий севгини кўрсатади. Ўз истакларига енгиладиган қизлар ёш болаларга хос ёки невротик заифликни намойиш этишади. Доимий талаблар ва исталмаган ён беришлар – мукаммал бўлмаган севгидан, бутун шахсни инкор қилувчи севгидан далолат беради.
Руҳоний Жон Павлус II айтганки, “хотинларига шунчаки шаҳват билан қарайдиган эрлар ўз юракларида зино қилишади”. Бу изоҳ кўплаб танқидларга сабаб бўлган бўлса ҳам, унинг фикрини тўғри деб ўйлайман. У мукаммал севги, никоҳ ва жинсий муносабатлар нафақат жинсий алоқага, балки бутун инсонга бўлган муҳаббатга асосланиши кераклиги айтган. Никоҳдаги шаҳват жуфтига нисбатан саёз муносабат ва ҳурматсизликни ифодалайди.
Оддий синов
Сиз тана билан эмас, инсон билан турмуш қураяпсиз. Албатта, инсонни бутунлай севиш учун жисмоний жозибардорлик муҳим роль ўйнайди, лекин мукаммал севги ривожланиши учун жисмоний жозиба бу инсоннинг бошқа хусусиятларини тўсиб қўймаслиги, яширмаслиги лозим. Ўзингизга шундай савол беринг: ҳеч қандай жисмоний алоқаларсиз бирга ўтказган оқшомдан завқланишимиз мумкинми? Агар жисмоний алоқаларсиз завқлана олмасангиз, сизнинг севгингиз мукаммал эмас. Қолаверса, мен одамларга ҳатто бир-бирларининг қўлларини ҳам ушламасдан яшашга қанча чидашларини ҳамда худди аввалгидек бир-бирларидан завқлана олишларини синаш учун “ўттиз кунлик муҳаббат синови”ни таклиф қилишни истардим. Бу синовнинг бошида кўп одамлар ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги билан мақтанишади, лекин бир неча кундан кейин улар безовталик ва норозиликни ҳис қила бошлайдилар. Кўпгина жуфтликлар менга бу “ўттиз кунлик синов” уларнинг “муҳаббати” тор доирада эканлигини кўрсатганини тан олишган. Улар бир-бирларини севмасликларини, балки шунчаки бир-бирига нисбатан жисмоний жозибани ҳис қилишдек ёқимсиз ҳақиқатга дуч келишган.
Бир турдаги муносабат
Инсоннинг биронта ўзига хос хусусияти асосида ўзаро муносабат қуриш кўпгина шаклларда қабул қилиниши мумкин. Баъзи одамлар бошқа бир инсонга бўлган севгисини бир-бирларидан ижтимоий завқ олиш лаёқатига кўра асослашади. Оиласидан ажрашган бир киши менга шундай деган эди: “Бирга бўлишимиз жуда яхши эди, учрашганимизда вақтимиз шунчалик қувончли ўтардики, бу худди муҳаббатга ўхшарди”.
Йигит билан қиз бирга бўлганларида ўзларини яхши ҳис қилишгани учун бир-бирларини севиб қолганликларига ишонишлари оддий ҳол. Сиз ҳатто маймун билан ҳам ажойиб вақт ўтказишингиз мумкин, бироқ бу сизлар турмуш қуришингиз керак, дегани эмас. Бундай турдаги муносабатлардаги муаммо шуки, шубҳа туғилганда ёки норозилик пайдо бўлганида, бу муаммони ҳал қилиш учун биргаликдаги завқланишдан кўра кўпроқ нарса керак бўлади.
Юқорида айтиб ўтганимдек, аспирантурада ўқиб юрган пайтимда Паула исмли қиз билан учрашиб юрганман. Биз табиатан жуда ўхшаш эдик ва биргаликда қувонардик, лекин вақт ўтиши билан учрашувлар тўхтади. Биздаги нарсалар узоқ муддатли ва яқин муносабатли турмуш қуриш учун, биргаликдаги қувончимизни муносабатларимизда мавжуд бўлмаган хусусиятларга алмаштириш учун етарли эмаслигини англадик.
Баъзи одамлар агар улар биргаликда қизиқарли ишлар қилишмаса, жуфтидан зерикишади. Мукаммал севги фақат биргаликда қизиқарли вақт ўтказишгани учун эмас, балки жуфти қандай бўлса, шундайлигича севади.
Яна баъзи одамлар ўз муҳаббатларини муносабатнинг руҳий томонига асослашади. Уларнинг фикрига кўра, агар улар биргаликда ибодат қилишса, биргаликда Калом ўрганишса ҳамда бошқа одамларни Масиҳга олиб келишда Худо иккаласини ишлатса, улар учун бу севгидир. Улар мазмунли, тақводор ҳаёт кечираётганликлари ва руҳий интилишлари ҳамда фикрлари бир хил эканлигидан келиб чиқиб, бир-бирлари учун яратилган, деган хулосага келишади. Уларнинг назарида Исога бўлган севги бир-бирларига бўлган севги билан тенг.
Агар мен Исони севсам, Билли Грэм ҳам Исони севса, биз турмуш қуришимиз керак, деганими? Ўз севгисини руҳий яқинликка асослаган инсонлар, Исо Хушхабарни фақат инсон қалбларини қутқариш учунгина ваъз қилмаганини унутиб қўйишади. У одамлар ақлларини ишлатиши учун таълим бериб, саволлар берган ва уларнинг таналарини шифолаган. У бошқа инсонларнинг муносабатлари, қўрқувлари ва келажакка бўлган умидлари учун ташвишланган. Исони шахснинг бир бутунлиги қизиқтирган. Руҳий жиҳат жуда муҳим, аммо мустаҳкам турмушнинг асоси ҳисобланмайди.
Ҳисобли никоҳ
Фақат молиявий томонини ҳисобга олган ҳолда муносабат қурадиганлар ҳам топилади. Бир йигит келинга шикоят қилди: “Менда сенга ёқадиган нимадир бор, деб ўйлагандим”. Қиз эса “Бор эди, лекин сен ҳаммасини йўқ қилдинг”, деб жавоб берди.
Доктор Ховард Хендрикс шундай таъкидлаган: “Ҳақиқий севги муносабатлари орқали сиз жуфтингизнинг ҳаётини янада мазмунли қиласиз. Уйланганига ўттиз ёки қирқ йил бўлган бу турдаги инсон хотинига нисбатан асал ойининг биринчи кечасидан ҳам кўпроқ иштиёқманд бўлади. Нима учун? Чунки у танага уйланмаган. Агар шундай бўлмаганида, бу туйғулар аллақачон кулга айланган бўларди. У шахсга уйланган ва йиллар давомида бу шахсият янада мукаммаллашиб борди. Шунинг учун уларнинг муносабатлари янада мустаҳкамланмоқда.
Қизнинг фақат гўзаллигига маҳлиё бўлиб уйланган, лекин бир оз вақт ўтиб, чиройли бўлгани билан ақли калта эканини билиб қолган бахтиқаро йигит ҳақида ўйлаб кўринг. У ҳатто рафиқаси билан гаплаша олмасди ҳам. Аёл худди ёш болага ўхшарди, ҳеч нима уни ташвишлантирмасди. Ижтимоий жиҳатдан у ногирон эди. Қиз аввалига жозибали кўрингани билан йигит нотўғри йўл тутганини англади. Сиз учун ҳар томонлама қизиқ бўлган инсон билан учрашиб қолганингизда орадаги фарқнинг қанчалик катталигини кўрасиз. У ким учундир жозибали кўринмас, лекин сиз учун олий даражада”.
Ҳақиқат излаб
Ўзингизга шундай саволлар беринг: бу инсоннинг одамлар олдида ўзини тутиши менга ёқадими? У ўз фикрларини қандай ифода қилади? Бу инсон билан умримнинг охиригача гаплашишим кераклигини билсам, бахтли бўламанми? Кайфиятим ёмон пайтларида ўзини қандай тутиши менга ёқадими? Агар мени Оқ Уйга таклиф қилишса, шу инсон умр йўлдошим сифатида мен билан бирга боришидан фахрланаманми?
Якдил тана сифатида бир-бирига тўлиқ ўзини бағишламаганлик сабабли кўпинча, муносабатлар ёмон оқибатлар билан тугайди. Ўзини тўлиқ бағишламаган севги мукаммал ва етук бўлмайди.
Бироқ, биз жуда эътиборли бўлишимиз ва унинг хатти-ҳаракатларидан шахсиятини фарқлай олишимиз лозим. Аёлим мени ёзувчи ва маърузачи бўлганим учун севади. У менинг ишларимда ёрдам беради, лекин у мени ўз ҳолимча севади. Эркак киши аёл яхши пазанда бўлгани учун унга уйланиши керак эмас, аёллар ҳам эркак киши унга муҳим ижтимоий алоқаларни таъминлагани учун турмушга чиқмаслиги керак. “Никоҳ – икки инсоннинг бир-бирлари билан озиқ-овқат ёки хизматлар алмашиши учун ўзаро келишув эмас, балки алмашиш руҳшунослигидан бутунлай қочиш учун келишувдир. Жуфтликнинг ҳар бири биринчи навбатда ўз жуфтини бутун шахсият сифатида борича қабул қилади, у нимадир қилишга рози бўлгани учун эмас”.
Доттининг айтишича, бизнинг муносабатларимиз унинг аввалги ҳаётий тажрибасидан фарқ қилади. “Жош билан бирга мен бутун шахсиятга эътибор қаратдим. У мени жисмоний томондан ўзига жалб қилган, лекин унинг ақли ҳамда одоб-аҳлоқи ҳам мени ром этган. Унинг ақлий салоҳияти, танловлари, руҳий теранлиги ва саксон ярд радиусдаги ҳар бир одамга бўлган дўстона муносабати менда чуқур таассурот уйғотган”. Бу – бутун шахсиятга нисбатан тўлиқ реакциядир.
Инсоннинг билимлари ўсмирлик учрашувлари давридаги одатлар билан мустаҳкамланиши керак. Биз бошқа инсонни яхшироқ билиб олишимизга ёрдам берадиган вазиятларни яратадиган учрашувларни режалаштиришимиз лозим. Муносабатимизнинг сифатини кўра олишимиз лозим. Менинг энг муҳим вазифаларимдан бири Доттини ақлий жиҳатдан билиб олиш эди. У жуда ақлли бўлиб, энг яхши муҳаррирларимдан бири.
Маслаҳатчилардан бирининг таъкидлашича, турмушда умумий манфаатларни сақлаб қолишнинг биттагина йўли мавжуд, у ҳам бўлса ўзаро муносабат яратишдир. Қандай қилиб? Йигитингизга турли вазиятлар орқали қаранг. У билан “монополия” ёки шахмат ўйнанг ва сиз ғолиб чиққанингизда ўзини қандай тутишига эътибор беринг. Эҳтимол, Ромеоингизнинг жаҳли ёмондир. “Бутун ҳаётимни у билан ўтказишни истармидим?”, деб ўзингизга савол беринг.
Мукаммал севги шахсиятга қаратилган бўлади. Бу нафақат сиз бошқа инсонни бутун шахс сифатида севишингизни ва уни қабул қилишингизни, балки сизни ҳам севишлари ва ҳар томонлама қабул қилишларини англатади. Баъзилар бундай тўлиқ севгини беришлари мумкин, бироқ ҳатто ўзлари хоҳлаган тақдирда ҳам ўзларини очишга ва тўлиқ севилишга мажбур қила олмайдилар. Бутун шахс сифатида севилмаслик очликни англатади. Бошқа инсонни бутун шахс сифатида севмаслик бўғилишни англатади.
Книга на узбекском языке: Муҳаббат тилсими. Жош Макдауэлл
Вы можете добиться того, чтобы ваша любовь была самой плодотворной, и мне хотелось бы помочь вам в этом. Эта книга позволит вам, независимо от вашего семейного положения, по-новому взглянуть и улучшить свои любовные отношения.
Мои многочисленные поездки и общение с тысячами людей побудили меня поделиться с вами наиболее важными принципами этих взаимоотношений.
Если вы цените интимные взаимоотношения, основанные на взаимной любви, вам нужно прочитать книгу «Секрет любви». Если вас интересуют секреты плодотворной любви, брака и сексуальных отношений, эта книга — для вас.
Часто меня спрашивают: «Не вредит ли вашему браку то, что Джош так много путешествует?» Или: «Неужели ваши отношения не страдают из-за плотного графика лекций Джоша?»